Главная » 2016 » Март » 29

Аёлларнинг муносабатларга путур етказувчи 4 найранги


  • voydodaxek
  • 29 Мар 2016(19:15)
  • 698
  • 2

Баъзи бир аёллар эркаклар билан очиқ ва самимий гаплашиш керак деб ҳисоблайди. Баъзилар эса кўзланган мақсадга эришиш учун макр-ҳийладан фойдаланишни афзал кўришади. Психологлар бундай найранглар нималарга олиб келиши ҳақида ўз фикрларини айтишди.

“Айбдорлик ҳисси”

Кўриниши: осилган лаб-лунж, ёлғон кўз ёшлар, қовоқ-тумшуқ, гапга жавоб бермаслик, “Кўрдингизми, мен қандай бахтсизман, ҳаммасига сиз айбдорсиз!” деган ўкинч тўла нигоҳлар.

Бу фикрнинг нимаси нотўғри: Кичкинтой қизалоқни бирга ўйнаётган болакай хафа қилиб қўйди. Қизча нима қилишини билмай, (чин дилидан) йиғлаб юборди! Эътибор беринг, у ростдан йиғлади. Болакай унга бир муддат тикилиб турди-да, ранги-қути ўчиб, эшикни қарсиллатиб ёпганча, кўчага чиқиб кетди..  “Кетсанг, кетавер...” деб ўйлади қизча ва бирдан йиғидан тўхтади. Кейинчалик маълум бўлишича, бола кўз ёши тўкаётган аёлни кўрса, ғазабга миниши аниқ бўлди, чунки унинг оиласидаги аёллар барча муаммоларини ёлғон кўз ёшлар орқали ҳал этишган.

Мана сизга “Айбдорлик ҳисси”ни уйғотмоқчи бўлган одамингизнинг жавоби, орадан анча муддат ўтишига қарамай, самимий кўз ёшлар ҳам найранг бўлиб туюлаверади.

Кўз ёшлар асрлар давомида аёлларнинг қудратли қуроли бўлиб келган, чунки эркаклар ҳукмронлик қилган замонларда аёллар мақсадларига эришиш учун ундан унумли фойдаланишган, уларнинг бошқа иложлари ҳам бўлмаган. Аёллар ўз ўй-фикрларини очиқ айтиш имконидан маҳрум бўлишган. Аммо сиз билан биз ҳозир умуман бошқа, осмонда космик кемалар парвоз қилаётган даврда яшаяпмиз, эркаклар билан гаплашганда ожизалигимизни кўрсатмай, қарам, муте инсон сифатида мулоқат қилишни тўхтатиш лозим.

“Рақобат ҳисси”

Кўриниши: “Маликага эри 8 мартга атиргулдан ясалган чиройли гулдаста билан бриллиант кўзли узук совға қилибди. Кўрдингизми, бошқа эркаклар хотинига қанақа қимматбаҳо совғалар ҳадя қилишади? Сиз бўлса...”

Бу фикрнинг нимаси нотўғри: Тасаввур қилинг, туғруқдан кейин олти ой муддат ўтди. Фарзандингизнинг тиши чиқаётганидан инжиқланиб, кечаси билан ухламади. Озгина бўлса ҳам мизғиб олишни орзу қиляпсиз. Ташқи қиёфангизга қарамай қўйганингиздан кўзгуга боқишни ҳам истамайсиз. Худди шу пайт эрингиз ишдан келиб, “Кеча Маликани кўргандим, учинчи фарзандини туққан бўлса ҳам, ёш қизлардай кўринади” деб, сиз томонга ижирғаниб назар ташласа, нима деб ўйлаган бўлардингиз? “Вой, эрим қандай ажойиб одам! Қўлимга кўзгу тутгандай, барча камчиликларимни кўрсатиб қўйди. Эртага эрта туриб, тонгда боламни аравачага солиб, аравача билан бирга югураман!” деган хаёлга борармидингиз? Шундай экан, эркаклар ҳам бошқа сайёрадан келган жонзот эмас, ўзимизга ўхшаган инсон эканлигини унутманг.       

“Қўрқитиш”

Кўриниши: “Агар айтганимни қилмасангиз, овқат пиширмайман, кир ювмайман, сизни ёмон кўриб қоламан” ёки “айтганимни қилмасангиз, ўзингизга ёмон бўлади” деган фикрни уқтириш.

Бу фикрнинг нимаси нотўғри: Психолог Ева Финкельштейн буни қуйидагича изоҳлайди: агар омадингиз келса, эркак бир неча маротаба талабларингизни бажаради, сизнинг эса бундан ўзингизга нисбатан ишончингиз ортади, аммо эрингизга нисбатан босим ўтказишингиз, унинг ғазабини келтиради, хафа бўлади. Сизга жавобан у ҳам талаб қўя бошлайди, сиздан узоқлашиб, лоқайд ва пассив бўлиб қолади. Унинг бу қилиғини кўриб яна елка қисиб, “нима учун бошқаларнинг эри рисоладагидай эр-у, меникига ҳамма нарса барибир”, деб ўйлаб қоласиз ва рўзғорнинг барча ташвиши ўз-ўзидан сизнинг елкангизга ортилади.

“Мажбурият ҳисси”

Кўриниши: “Ҳақиқий эркак мана бунақа бўлиши керак...”, “Агар мени ҳақиқатан ҳам севсангиз, мана бу ишни бажаришингиз лозим...” ва ҳоказо талаблар.

Бу фикрнинг нимаси нотўғри:  Психологларнинг маълумот беришича, муносабатларда бошқаларнинг рўйихуш бермаслигидан қўрқиш кенг тарқалган қўрқувлардан биридир. Шунинг учун ўз хоҳиш ва истакларини яширишни истаган аёллар, бу нарса уларнинг шахсий талаби эмас, гўёки самодан юборилган буйруқ сифатида “Ҳақиқий эркак мана бундай бўлиши керак...” деб ўз истаклари ортига беркинишади. Агар сиз эрингизга шундай муносабатда бўладиган бўлсангиз, қизингиз ҳам бўлажак турмуш ўртоғига худди шундай муносабатда бўлиб, бу занжир асрлар давомида узлуксиз давом этиши мумкин. Келинг, яхшиси бу абадий давом этадиган анъанани бузиб, қизларимизга ҳис-туйғуларини очиқ ифодалашни, ўз хоҳиш-истакларидан қўрқмасликни ўргатайлик!

Теги: Аёлларнинг муносабатларга путур етк

Всего комментариев: 2
avatar
1 Nurbek8243 • 17:12, 31 Мар 2016
Xiyla nayranglari kop ayollarni bu tortasi kamlik qiladi
avatar
2 Nurbek8243 • 17:13, 31 Мар 2016
Psixoliklar yana qo'shisin wu to'rtani qatoriga
avatar