Главная » 2016 » Сентябрь » 26

Баланд пошна асорати: афсона ва ҳақиқатлар


  • News
  • 26 Сен 2016(13:59)
  • 90
  • 0
Баланд пошнали туфли кийиб, хоразмлик бир қўшиқчи куйлаганидек, «соллана-соллана» юрадиган, модадан бир қадам ҳам ортда қолишни ўзларига ор биладиган замонавий қизлар бундай пошналар зарари ҳақида гапирилганда энса қотиришлари табиий. Лекин улар 10-15 йилдан кейин ҳозирги чиройли оёқлари ўз кўркамлигини йўқотиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришса бўларди. Бош бармоқ асосидаги хунук бўртмалар муаммоси эндиликда 70% аёлларни безовта қила бошлади. Аммо бундай ўзгаришнинг олдини олиш мумкин.

Бармоқларнинг ёйилиб туриши

Йўк, бу ғалати шакл эмас—касаллик. Шифокорлар уни «халюс вальгус» дейишади. У асосан 40-50 ёшлар арафасида безовта қилишни бошлайди. Оёқ панжаси баланд пошнали ва ингичка учли оёқ кийимида аксарият ҳолда сиқилиб қолади. Пайлари чўзилади. Бора-бора пайларнинг боғловчи аппарати шикастланади. Оёқ панжаларига диққат билан қараганда бош бармоқ бошқаларидан ажралиб (бошқа бармоқлардан ораси очилиброқ) турганига кўзингиз тушади.

Кейинчалик оёқ панжасининг ички томонида, бош бармоқнинг остида қадоққа ўхшаган шиш пайдо бўлади. Вақт ўтиб, бу шиш қотиб, оғриқ бера бошлайди. Шунда ҳам тинмай сиқиб турувчи ва пошнали оёқ кийимлар киядиган бўлсангиз, оёқ панжаси хунук кўриниш касб этади. Панжа ичкарига қайрилгандек бўлиб, бармоқлар ёйилиб туради.

Кимда учрайди?

Халюс вальгус кўпроқ сартарошлар, сотувчилар, ошпазлар ва шулар сингари иш кунини тик оёқда ўтказадиганларнинг касбий касаллиги ҳисобланади. Бироқ бу касаллик ҳар куни оғир сумкалар кўтариб бозор қилиб келадиган, кун бўйи газ плитаси олдида куймаланадиган уй бекаларини ҳам четлаб ўтмайди. Бундан ташқари, узоқ масофага югуриш, чанғи учиш ҳам оёқ панжасининг боғловчи аппаратини зўриқтириб, шу касаллик пайдо бўлишига замин яратади. Демак, халюс вальгус спортчи аёллар учун ҳам бегона эмас. Йиллар давомида пайдо бўлган ясси оёқлик ҳам айнан шу касаллик оқибатидир.

Ўттиз ёшдан бошлаб…

Касаллик шаклланишининг олди олинса бўлади. У оғир босқичга ўтишидан аввал яъни 30 ёшлар арафасида оёқларга кўпроқ аҳамият беришни бошланг. Шифокорлар фикрича, бунинг учун дастлаб яссиоёқликка қарши курашиш керак. Биринчи шарти оёқ кийимига аҳамият бериш. Тўғри, ҳеч кимнинг ҳам айни ёшлик чоғида қоматни чиройли кўрсатадиган баланд пошнали оёқ кийимлардан воз кечгиси келмайди. Лекин уларни кундалик заруратга айлантирмай, фақат тадбир ё тантаналарда кийиш мумкинку? Шунга қарамай, пошнасиз оёқ кийим, ёки красовка ҳам бекаму-кўст танлов эмас. Уларни ҳар доим кийиш товонни ҳам зўриқтиради. Яхшиси, ҳар куни кийиб юриш учун унча баланд бўлмаган пошнали ва учи тор бўлмаган оёқ кийим танланг.

Оёқлар ҳар доим чиройли бўлсин!

Қариган чоғингизда оёқ оғриғидан нолишни истмасангиз, ёшликда оёқлар парваришига кўпроқ вақт ажратинг. Қизлар гимнастика билан шуғулланиш жараёнида ҳам кўпроқ қоматни кўркамлаштирувчи машқларга эътибор беришади. Бунга қўшимча сифатида ҳар куни 10 дақиқа вақт оёқ бармоқлари учун машғқлар билан шуғулланишга ажратилса чакки бўлмасди.

Энг осон машқлар:

Оёқ бармоқлари билан бирор-бир буюмни ушлаб олишга уриниш ва юмшоқ матони кўтариш;
ўқловга ўхшаш предметни оёқ билан полда юмалатиш;
қийшиқ хода устидан ялангоёқ юриш;
гимнастик деворга чиқиш;
оёқ панжасини букиш ва ростлаш;
вазнни то тўпиқ то панжаларга ташлаб ҳаракатлантириш;
оёқ учида ўтириб-туриш;
махсус уқаловчи гиламча устида юриб туриш;
Жисмоний машқлардан ташқари оёқни уқалаб туриш ҳам яхши натижа беради. Бунда оёқ панжасининг ички қисмини кўпроқ, қаттиқроқ зўр бериш керак. Тартибига кўра, ишни дастлаб силовчи ҳаракатлар билан бошлаб, оёқ бироз қизигач, бош ва кўрсаткич бармоқ билан қаттиқ уқалаш керак. Жараён оёқ бармоқларидан бошланиб, тўпиқда тугайди. Охирида оёқ бармоқларини қўлларингиз билан бир-неча маротаба букиб, ростлаб кўринг. Уқалаш курси ўртача 1,5-2 ой давом этиши лозим.

Теги: Баланд пошна асорати: афсона ва ҳақ

Всего комментариев: 0
avatar