Главная » 2016 » Июль » 29

Бир дона-ю, ягона санъаткорлар рейтинги


  • Admin
  • 29 Июл 2016(18:14)
  • 732
  • 0

Санъатга кириб келган ҳар қандай ижодкор қайсидир йўналишда ижод қилишни истайди. Кимдир бу борада омад қўлини тутса, кимдир ансинча... Аммо ўзига хос йўналишга эга бўлганлар саноқли.  Уларга тақлид қилувчилар, уларнинг йўналишида куйловчилар доим топилади, бироқ санъат шоҳсупасининг юқори чўққиларига кўпчилик ета олмайди. “Сабо” газетаси ўтказган сўровномада қуйидаги натижа аён бўлди.

“Муҳаббат куйчиси...”
Мавзу танлаш ва уни клип орқали таъсирли тарзда етказиб бериш борасида Анвар Санаев илғор. Гарчи бирор-бир унвон олмаган бўлса-да, журналистлар ва мухлислар унга “Муҳаббат куйчиси” деб таъриф беришган. Бугунги кунда севги ва муҳаббатни куйловчилар бисёр, аммо Анвар Санаевчалик эмас. У аллақачон бу йўналишда чўққини “забт этиб” бўлган. Буни кўпчилик ҳамкасблари ҳам тан олишади. “Бир дона-ю, ягоналар” рейтингида у “Муҳаббат куйчиси” бўлишга ҳақли деб топилди.

“Армонли ишқ овози...”
Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова қўшиқларини бир тинглаб, ўша пайтдаги унинг ҳолатини кузатганмисиз? Деярли барча қўшиқларида дард мужассам. Шунинг учун бўлса керак унинг концертига ташриф буюрувчи мухлисларнинг ёши чегара билмайди.  Хонанданинг аксарият тароналари аёлларнинг эриша олмаган ишқини армонли нола ва овозда тингловчиларга етказиб бериши билан ажралиб туради. Шунинг учун мухлислари унга “Армонли ишқ овози...” йўналишида бир доналикни лозим топишди.

“Ҳазил ва бачканалик қироли...”
Ўзбек эстрадасида жиддий қўшиқ куйлаш ярашмайдиган хонанда бу Жаҳонгир Позилжонов бўлса ажабмас. Унинг йўналиши ҳам ўзига хос ва мослиги қайсидир маънода ҳақиқат. Бу йўналишга ўзини урганлар топилади, аммо “Божалар”чалик оммалашмади ёки уларга ярашгандек ярашмади. Шунинг учун Жаҳонгир Позилжонов рейтингнинг “Ҳазил ва бачканалик қироли” тожига муносиб кўрилди.

“Фольклор примадоннаси...”
Ўзбекнинг этно-фольклорини нафақат диёримизда, балки кўплаб хорижий давлатларда, том маънода тарғиб этаётган ягона ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимовадир. Либосларидан тортиб, 90 фоиз ижод намуналаригача миллий фольклоримизга бағишланган. Ҳар бир яратаётган ижод намунасида маълум бир урф-одатимизни кўрсатишга ҳаракат қилаётган, асори атиқа саналган тақинчоқ ва миллий безакларимизни кўз-кўз этаётгани таҳсинга сазовор. Унутилаётган тарихни келажак ва бугунга кўприк сифатида етказиб бераётгани учун у рейтингимизда “Фольклор примадоннаси” тожига лойиқ кўрилди.

“Она мавзуси эгаси...”
Жонли концерт бериш борасида пешқадамлардан саналган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов она мавзусида куйлаш борасида ҳам ягона пешқадам. Ҳар бир хонанданинг репертуаридан она мавзуси ўрин олган, аммо Шуҳрат Қаюмовникичалик юракларни ларзага соладиган, эшитганда йиғлатадиган ва ўта таъсирли эмас. Ишонмасангиз фарқлаш учун унинг қўшиқларини тинглаб кўринг. Хонанда машҳур шоирлардан бу борада шеър изламас экан. Китоб ва журналлардаги шеърлар орасидан яхшиларини саралаб олишни афзал кўрар экан. У таниқлими, ҳаваскор шоирми фарқи йўқ. Муҳими дилларни титрата олиши керак. Шунинг учун бугун унга “Она мавзуси эгаси...” номинациясида ғолиблик насиб этди.

Теги: Бир дона-ю, ягона санъаткорлар рейтинги

Всего комментариев: 0
avatar