Главная » 2016 » Ноябрь » 27

«Бир том остида, аммо айро-айро…»


  • Admin
  • 27 Ноя 2016(23:43)
  • 279
  • 0

— Турмуш қурганимизга саккиз йилдан ошди. Икки қиз, бир ўғилни катта қилаяпмиз. Турмушимиз бошидан силлиқ бўлмаган. Янги келинчаклигимдаёқ эрим хиёнат қилган экан. Бироқ ёш ва тажрибасиз бўлганим учун унинг ҳаракатларини сезмаганман. Билганимдан кейин эса ақли кириб қолар, деб ўйлаганман. Устига-устак, катта фарзандларим қиз бўлгани учун ўғил туғиб берсам, ҳаммаси ўзгаришига умид қилганман-да. Лекин чучварани хом санаган эканман. Паҳлавонимизнинг дунёга келиши ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмади. Эрим кундузи ишлайди, тунларни эса кимларнингдир туғилган куни, гап-гаштак баҳонасида кўчада ўтказади. Яна телефонига турли жувонлар қўнғироқ қилиб, «Фалон жойда кўришайлик», деганини эшитиб қоламан. Уйга қайтганида эса аёллар уст-бошидан атирининг ҳиди анқиб туради. Албатта, қайнота-қайнонам ҳам ўғилларини тартибга чақиришади, аммо сира таъсирини сезганим йўқ. Хўжайинимнинг ўзи «Чидасанг шу, чидамасанг катта кўча, ўн саккиз ёшлисига уйланиб олавераман. Фақат болаларни ташлаб кетасан, сенга уларни бериб қўймайман», дейди. Фарзандларимнинг келажагини ўйлаб, барига кўз юмаяпман. Бироқ сабрнинг ҳам чегараси бўлади-ку! Турмуш ўртоғимдан хиёнатининг сабабларни суриштирсам, «Ўзим шунақа одамман, борим шу», деган жавобни оламан. Билишимча, кўчадаги аёллардан бири «Хотининг билан ажраш, сенга ўзим ўғил туғиб бераман» деганида, рози бўлмаган. Ҳозир худди қўшнилардек яшаймиз. Болаларни яхши кўриб эркалайди-ю, менга сира эътибор бермайди. Меҳр бор-у, муҳаббат йўқдек. Нима қилсам, эримни бу йўлдан қайтара оламан. Маслаҳат беринг.

Муҳайё, 27 ёш, Навоий вилояти

 

Қайнонажон: — Қизим, «Меҳр бор-у, муҳаббат йўқ», дебсиз. Меҳр қозонган болажонларнинг онаси нечун муҳаббат қозонолмас экан? Ҳаммаси ўз қўлингизда. Инсон нимани ният қилса, нималардан хавфсираб юрса, ўшани чақириб олади, дейишади. Шунинг учун аввало ниятингизни яхши қилиб, «ажрашаман» деган сўзларингизни унутинг. Жуфти ҳалолингизни яхши кўринг, чиройли муомала қилинг. Эркаклар кўзи ва қулоғи билан севади. Шунинг учун уларнинг муҳаббатини қозониш у қадар мушкул эмас аслида. Аёллик маҳоратингизни ишга солинг. Турмуш ўртоғингиз ота-онасининг сўзларига қулоқ солмаётган бўлса, билингки, унинг оиладан кўнгли қолган, уйдан безиган. Демак, хонадонингизда яхши кайфият пайдо қилиш керак. Ўз устингизда ишлашдан, янгидан-янги қирраларингизни кашф қилишдан сира эринманг. Уйнинг тоза, кийимнинг дазмолланганлиги ўз йўлига, сиз унга яхши суҳбатдош, кўрганда дили яйрадиган ёр бўлинг. Биз эса доим оилангиз тинчини сўраб дуодамиз. 

Барно ИЛҲОМОВА, руҳшунос: — Қарс икки қўлдан чиққанидек, муносабатларининг совушида ҳам икки томоннинг ўзига яраша «ҳисса»си бўлади. Сўзларингиздан йиллар давомида ҳаммаси ўз-ўзидан ўнгланиб кетишини кутганингизни тушундим. Кутиб ўтириш билан иш битганида, шу чоққача турмушингиз аъло бўлиши керак эмасмиди? Лекин ундай эмас, энди ҳаракат қилиш, курашиш вақти етди. Сўзларидан турмуш ўртоғингизнинг ўзгариш нияти йўқ, токи биринчи қадамни сиз ташламас экансиз, бари ўз ҳолича қолаверади. Билсангиз, эркаклар ҳаётда ўғил, ходим, бошлиқ, ота ва эр каби бир қанча вазифаларни бажаришади. Аммо улардан бу вазифаларнинг барини аъло даражада уддалашни талиб қилиш керак эмас. У оталикни қойиллатаяптими, шу қиррасини кўра билиш лозим. Ахир вазифаларидан ҳеч бирини эплай олмайдиганлар ҳам бор-да ҳаётда. Ўзингизни тушкунликдан халос этишга ҳаракат қилишингиз лозим. Одатда аёл киши ўзига паст баҳо бера бошласа, тушкунликка тушиб қолади. Аксига олгандек бундай кайфиятда киши яхши томонларини кўролмайди, фақат ожизликлари-ю уддасидан чиқолмаган ишларини ёдда сақлаб қолади. Натижада депрессия ортиб бораверади. Шунинг учун бир кундалик тутиб, ҳар куни ётишдан аввал кун давомида уддалаган ишларингиздан камида 5 тасини ёзиб қўйишни тавсия қиламан. Ташқи кўринишга алоҳида эътибор бериш ва турли кийим-кечак, пардоз воситалари хариди ҳам киши кайфиятининг кўтарилишига сабаб бўлади.

Теги: «Бир том остида, аммо айро-айро…»

Всего комментариев: 0
avatar