Главная » 2016 » Ноябрь » 23

Бой келинлар ҳам йиғлайди...


  • Admin
  • 24 Ноя 2016(01:25)
  • 573
  • 0

Ичимда илондек тўлғониб, юрагимга наштарини санчаётган бу гапни айтайми, йўқми деб узоқ ўйландим. Кўнглим бир «Улар энди сенга бегона, бир оғизлари куйсин. Қайтар дунё, деб шуни айтишса керак» деса, бир «Қўй, Барно, Лайло сенга не ёмонлик қилувди? Ўзинг озмунча дард чекдингми?» деб мени олға ундарди. Қадам ташлашга келганда эса негадир журъат қилолмаяпман...

Машҳурлар оламида ҳар куни ҳар хил воқеаларга, турли гап-сўзларга дуч келавериб, кўзим ҳам пишиб кетган асли. Уларнинг санъати бир томону ҳаёт саҳнасидаги томошалари бир томон. Йўқ, мен санъаткор эмасман. Шунчаки улар билан ишлайдиган ташкилотларнинг бирида ҳисобчиман, холос. Бўлимимизнинг шоу-бизнес дунёсида бўлаётган барча ҳодисаларни назардан қочирмайдиган, ҳар куни иш вақтимизнинг нақ учдан бир қисмини асосий мавзу — уларнинг тақдири ҳақидаги муҳокамаларга бағишлайдиган қизларимиз ёниб-куйиб айтаётганлари менинг қулоғимни ҳам четлаб ўтмайди, албатта. Аёл бўлсам-да, аслида бу «шоу»нинг менга унчалик қизиғи йўқ. Чунки тезроқ ишимни тугатиб, мактаб-боғчага шошишим керак. Бунинг устига, иш орасида қўшимча даромад учун ҳам нимадирлар қилишим керак. Ойлик маошимни ўзим, уч боламга етказишим лозим. Яхшиям, отам ҳаётлигида уйли-жойли қилди. Тўғри, ака-опаларим ҳам қараб туришмайди. Бироқ бировга юк бўлиб яшашнинг ўзига яраша юки бор-да. Эрдан ажрашган деган тамға эса пешанамга ботавериб, дийдамни ҳам анча қотирган.

Ўн йил аввал “тенг тенги билан” деган нақлга амал қилиб, мени турмушга узатишди. Институтда иккинчи босқичда ўқирдим ўшанда. Бойлик бахтнинг кафолати эмаслигини мен тугул, ота-онам ҳам англамаганига куяман ҳозир. Ҳошим ака бадавлат оиланинг тўнғичи, мен эса уйининг баландлигию отасининг мартабаси уникидан қолишмайдиган оиланинг кенжаси эдим. Жуда узукка кўз қўйган жуфтлик бўлганмиз. Кимларнингдир наздида, албатта. Бироқ ўзимиз узукка кўз бўлмадик. Собиқ эримни  йиллар давомида хиёнатда, калтабинлик ва дангасалик, қиморбозликда айблаб келдим. Энди тушунаяпман, аслида қайнота-қайнонам уни ўзлари чизиб берган йўлдан юритиб (ўқиш жойи, дўстлари, хотинини каби катта танловларни ўғли учун улар танлашган), шундай масъулиятсиз қилиб қўйишган экан. Икки болам қўлимда, кенжам қорнимдалигида ажрашдик. Ажрашишимиз ҳам тўйимизнинг томошасидан кам бўлмади. Мебелу сарполарим икки машинага юк бўлиб, қўни-қўшниларнинг деразаю эшик ора мўралашлари билан кузатилди. ҳаммасидан ўғлимни бермаймиз дейишгани ёмон бўлди. Бечора болам олти ойни икки уй ўртасида сарсон ўтказди. Охири эрим уйланди-ю, ўғил талашиш можаросига уч нуқта қўйилди. Хуллас, миллионлар устунига қурилган оиламиз аслида қумдан ясалган ўйинчоқ уй экан... Энди эса...

Ўтган ҳафта гастролдан қайтган опахон санъаткорларимиздан бири ишхонамизга келди. Қизлар у ёқ-бу ёқдан гап солишди. Ўзиям бир қоп ёнғоқ экан.

— Опа, сизни Асрор (исми ўзгартирилган) олиб келдими?  Жуда келишган ва истеъдодли йигит-да шу, — деди гапга чечан Нигора дераза оша боқиб.

— Ҳа, келажаги бор бу боланинг, — дея фахр билан гапирди опахон.

— Уйланаётгани ростми? — қизлар бирваракайига бир хил савол беришганидан аввал кулишди, кейин бироз хижолат тортишди.

— Яқинда уйлантираяпмиз. Бир яхшигина қиз топиб қўйдим ўзим, — дея келин ҳақидаги маълумотларни айта кетди. Таниш исмлар қулоғимга чалингач, унинг гапларидан ҳайратим ошди.

— Санъатда истеъдоднинг ўзи камлик қилади. Кимнингдир қўллови керак. Фалончи ака фалон жойда каттакон. Ўзи қўллаб юборади Асрорни, — дея йигитни айнан Лайло — собиқ қайнсинглимга уйлантиришдан асл мақсадни шу тариқа тушунтирган опа суҳбатга якун ясади. Асрорнинг бир жувон билан боғлиқ ҳикояси билан боғлиқ саволларга эса «Йигитчиликда бўлиб туради», деб қисқагина жавоб қайтарди-да, жўнаб қолди.

У кетгач, мунозара яна қизиди. Чунки яқиндагина шу йигитнинг бир жувонга илакишиб қолгани, у Асрорга охирги русумдаги машина совға қилгани, уйланаётганини эшитиб, санъаткорлар йиғилган даврага келиб, катта жанжал кўтаргани ва ғурурли юлдузимизнинг машина калитини унга қарата отгани (мен буни ғурурданмас, аксинча сири очилгани аламидан деб ўйлайман) ҳақида гап-сўз роса болалаганди. Бугун эса яна ўша қимматбаҳо машинанинг рулида савлат тўкиб ўтирибди. Тўғри, бу воқеаларнинг ҳақиқат ёки ёлғонлиги ўз йўлига, аммо Лайлодек қизга атай отасининг пули учун уни уйлантириб қўйишмоқчилиги менга алам қилди.

Лайло — яхши қиз. Одоби ўзидан чиройли. Собиқ қайнота-қайнонамнинг назоратида, тўғриси, қафасида катта бўлган. ҳали йигирмага ҳам кирмаган, қайсидир университетда ўқийди. Келинлик уйимдан бутунлай кетаётганимда бир мени, бир жиянларини қучиб, «кетманглар» дея роса йиғлаганди. Отаси бир ёв қараш қилгач, индамай, иккинчи қаватга чиқиб кетган. Энди уни ҳам мендек ўз истаклари йўлида қурбон қилишмоқчи. Шуни ўйлаб, ёмон бўлиб кетдим. Ташқаридан тарбияли, ақлли кўринган йигитнинг бу ўтмишидан бехабар Лайло не-не орзулар оғушидадир? Балким мажбуран узатилаётгани учун қисмат шу экан-да деб, юрагидагиларни мендек тилига кўчиролмай мум тишлагандир? Билмадим...

Юрак ютиб, собиқ қайнонамга қўнғироқ қилиб эшитганларимни айтай десам, у мени қизининг бахтини кўролмасликда айблаши тайин. Лайлонинг ўзи билан учрашиб, уни огоҳ этганимдан наф бормикан? Ахир унинг гапини биров эшитармиди? Бунинг устига, акалари бўлажак куёвни обдон текширувдан ўтказишгандир? Шу ўйлар билан совчилик қилаётган опага сим қоқдим. Аввалига гастроль ҳужжатларини баҳона қилдим, кейин мақсадга кўчдим. Лайлони яқиндан танишимни, Асрорнинг атрофидаги миш-мишлар рост бўлса, бир қизнинг бахтига зомин бўлмаслик кераклигини айтдим. Унинг жавоби эса оддий бўлди: «Бировларнинг ҳаётига аралашманг!»

Бировларнинг ҳаёти... Гўёки уларники ҳаётмасдек қараймиз баъзан. Мени ҳам узатишаётганида ҳошим акани маҳалла, ўзаро таниш-билишлардан суриштиришган. «Фалон жойда ўқийди, фалондай машинаси бор» дея бармоқ букиб сифатларини санаганлар, аслида у ғирт такасалтанг, қиморбоз эканлигини сир тутишган. Ахир бировнинг ҳаётига аралашиб, нима қилишади?

Энг алам қиладигани эса Ҳошим ака менга ота-онасининг танлови билан уйланган. Ота-онаси эса отамнинг бойлигини хомчўт қилишган. Ота-онам мени ҳеч қачон ҳеч нарсага зориқмайсан дея узатишган. Мен бўлса, шу қисматга аввалига кўнишга кўнганман-у, чидай олмаганман... Оқибатда уч болам тирик етим бўлиб қолди...  Лайлода, умуман ҳеч бир қизда тақдирим такрорланмаслигини истардим...

Теги: Бой келинлар ҳам йиғлайди...

Всего комментариев: 0
avatar