Главная » 2016 » Август » 8

GM Uzbekistan Nexia II автомобили ишлаб чиқаришни тўхтатди


  • Admin
  • 08 Авг 2016(19:11)
  • 769
  • 0

Nexia II автомобилини ишлаб чиқариш тўхтатилди. Бугун, 8 августдан салонларда учинчи авлод Nexia автомобили сотила бошлайди. Бу ҳақда “Дарё” хабар бермоқда

2016 йил 1 август куни Асакадаги GM Uzbekistan автозаводи конвейеридан эски авлод Nexia автомобилининг сўнггиси чиқди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган биринчи седан 20 йил давомида — 1996 йил июлидан буён чиқариб келинди.

GM Uzbekistan маълумотларига кўра, 20 йил мобайнида ушбу моделдаги 1,1 миллионта автомобиль ишлаб чиқарилди ва сотилди. МДҲ мамлакатларида 526 мингтадан ортиқ Nexia сотилди.

Ушбу моделдаги автомобиллар бугунги кунда Россия, Қозоғистон, Украина, Озарбайжон, Беларусь, Арманистон, Молдова, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Грузия ва Афғонистон йўлларида кезмоқда.

Nexia ўзини оқилона ёнилғи сарфи, ўз синфи учун юқори бўлган ишончлилик кўрсаткичлари, қулай салон ва Европача дизайнга эга ишончли ва арзон автомобиль сифатида кўрсата олди.

2008 йил июнида иккинчи авлод Nexia автомобили ишлаб чиқарила бошлади. Моделнинг олд ва орқа бамперлари, фаралари, ускуна ва эшик панеллари ўзгарди, эшикларига зарбага қарши тўсинлар ўрнатилди. Автомобилга янада бақувватроқ SOHC (86 от кучи, бунгача 75 от кучи) ва DOHC (109 от кучи, бунгача 85 от кучи) двигателлари ўрнатила бошлади.

Қайсидир фурсатда Nexia мустақил брендга айланди ва ўзбек автомобиль саноатининг деярли синонимига айланиб қолди. Аммо, оммабоплигига қарамай, вақт ўтиши билан, автомобиль маънавий жиҳатдан эскиришни бошлади.

Моҳиятан, Nexia — шунчаки модель ёки автомобиль номи эмас. У худди «олтилик» («шестёрка») ёки «қўнғиз» (Volkswagen Beetle) каби бутун бир давр рамзи. Шу туфайли, GM Uzbekistan эски номни сақлаб қолишга қарор қилди. Бунинг учун қадрдон Nexia’нинг анъанавий кучли жиҳатларини ўзида мужассам этган муносиб платформани топиш керак эди. Бу хусусиятларнинг барчасига Т 250 (Янги Nexia: Муносиб ворис) платформаси тўлиқ мос келади.

Янги Nexia Ўзбекистондаги барча автосалонларда бугун, 8 август куни сотувга чиқади. Йил охиригача GM Uzbekistan 14,8 мингта янги авлод Nexia автомобилини чиқариш ва сотишни режалаштирмоқда.

Теги: GM Uzbekistan Nexia II автомобили и

Всего комментариев: 0
avatar