Главная » 2016 » Октябрь » 10

Кузги 5 касалликдан сақланамиз!


  • Admin
  • 10 Окт 2016(18:13)
  • 451
  • 0

Қуёшли кунлар камайиб, совуқ ёмғирларга алмашиши, намгарчилик... кимнидир романтик мулоҳазага  чорлайди, кимнингдир эса бу даврда соғлиғи билан муаммолар пайдо бўла бошлайди. Нега шундай? Кузги касалликлар “қўзғолони”дан ўзимизни қай тарзда ҳимоя қилоламиз? Бу ҳақда шифокор-терапевт Нигора АҲМЕДОВА маълумот беради.

 

 

ЦИСТИТ БОШЛАНСА...

Иммунитет тушиб кетиши ҳисобига, совқотиш туфайли  организмда яллиғланиш пайдо бўлади. Кун давомида бир жойда ўтириш тосда қон айланишни секинлаштиради, аччиқ, шўр, қовурма таомлар касалликнинг бошланишига туртки бўлади.

Биринчи ёрдам: Қорин соҳасининг паски қисмига иситгич (грелка) қўйиб ҳуруж ўтиб кетгунича бир соат белни ўраб ётинг. Ётган жойингизда мойчечак ёки пол-пола ўсимлигидан тайёрланган чойни қултумлаб ичинг. Қанча кўп суюқлик ичсангиз, шунча кўп инфекцияни сийдик йўлларидан ювиб чиқарган бўласиз.

Тавсия: Иммунитетни кўтариш учун кузда тўйиб ухлаш, вақтида ётиш керак.  Куз бошланиши билан шифокор билан маслаҳалатлашиб, дармондорилар ичишни бошланг. Наҳорга сабзи ёки лавлаги шарбатини ичишга одатланинг. У организмга қувват бериб, яллиғланишни ҳайдайди. Ўстирилган буғдойни 2 ош қошиқ миқдорида овқатлар орасида тановул қилинг, кузги зўрайишларда бу энг маъқул даво.

 

БУЙРАК ҲУРУЖ ҚИЛГАНИДА...

Агар циститни вақтида даволамасангиз, яллиғланиш дарров буйракларга ўтиб кетади. Сўнг касалликни «оғир артиллерия» – антибиотик билан даволашга тўғри келади. Буйрак оғриши жиддий ҳолат. Бундай пайтда «тез ёрдам» чақириш лозим. Шифокор келгунига қадар, беморни чалқанча ётқизиб, бошини бироз кўтариб, оёқларини тиззаларда букиб ётқизиш керак, бу беморнинг аҳволини анча енгиллаштиради, маккажўҳори попугидан дамлама тайёрлаб ичириш ҳам фойда беради.

 

ГАСТРИТДАН ЧОРА – МУЛОЙИМ МУОМАЛА

Кузда таъм билиш қобилияти ўзгариб, шўр, аччиқ нарсалар егимиз келади. Гастрит билан оғриган беморлар учун бу хавфли. Ёруғликнинг камлиги одамда тушкун ҳолатни пайдо қилади. Бу ҳам касалликнинг қўзғаши учун қулай замин. Овқатдан кейин оғизда аччиқлик, беҳузурлик, қорин соҳасида оғриқ сезмаслик учун ошқозонга мулойим сингувчи енгил таомлар сархил мева, салатлар ейиш, овқатни ҳазмини тезлаштирадиган фермент дорилар қабул қилиш, ҳар хил дамламалар ичиш орқали касалликни қувишга ҳаракат қилинг. Наҳорга газсиз минерал сувни иситиб истеъмол қилиш фойдали. Қуритилган анжир, олма ёки ўрик қоқисидан тайёрланган дамлама ошқозон шиллиқ қаватидаги яллиғланишнинг йўқолишига ёрдам беради.

Гастритда биринчи ёрдам: ошқозонни ювиш керак. Бунинг учун  бир ярим литр қайнатилган илиқ сувни 6 дона фаоллаштирилган кўмир таблеткаси билан бирга қултумлаб ичилади.

 

ОШҚОЗОН ЯРАСИ БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАНГ!

Бу касаллик билан ҳазиллашиб бўлмайди, яра исталган пайтда очилиб кетиши ва оғир ҳолатларга олиб келиши ҳеч гапмас. Бундай пайтда беморни дарҳол ётқизиб, қорин соҳасига музли халтача қўйилади ва «тез ёрдам» келишини кутилади. Ошқозон яраси ҳуруж қилганида янги сиқилган картошка шарбатини ярим пиёла миқдорида ичилади, зиғир ёки сули уруғидан тайёрланган елимшак (кисель) ичиш ҳам ошқозон шиллиқ қаватини ўровчи, оғриқни тўхтатувчи таъсир кўрсатади.

 

ГАЙМОРИТ БАЛОСИ

Ушбу касаллик билан бир бор оғриган бемор унинг зўрайишлари ва кучли ҳуружлари ҳақида яхши билади. Тана ҳарорати кўтарилиб, бурун, бош соҳасида кучли оғриқ қийнайди. Бундай пайтда қайнаб турган сувга бир ҳовуч туз солиб, устида 3 дақиқа нафас олиш керак, ҳуруж дарров ўтиб кетади. Кейин гулҳайри ёки ширинмия ўтидан бир чимдимини чой каби дамлаб, кун давомида ярим пиёладан қайноқ ҳолда ичилади.

Теги: Кузги 5 касалликдан сақланамиз!

Всего комментариев: 0
avatar