Главная » 2016 » Октябрь » 4

Милена Мадмусаева: “Туғилган йилимни доим хато ёзишади”


  • Admin
  • 04 Окт 2016(16:22)
  • 514
  • 0

Кўпчиликка манзур бўлаётган “Қисқа ва лўнда” лойиҳасининг бугунги қаҳрамони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Милена Мадмусаева. У Испания, Италия, Франция каби мамлакатларда ўтказилган нуфузли халқаро танловлар ғолиби.

Мавсум янгилиги.
“Мафтунингман” фильмида, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Клара Жалилова ижро этган “Гўзал Тошкент” қўшиғини қайта ижро этдим. Уни клипи билан тақдим этишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари,  “Орзудаги аёл” фильми учун “Йиғлаб, кулиб” номли саунтрекни ҳам ижро этдим... 

Ёш оила.
Оила қурганимдан кейин ҳам ижодимни тўхтатганим йўқ. Кўпчиликка яхши маълум турмуш ўртоғим билан бирга ишлаймиз, яъни  у киши продюсерим. Шунинг учун ҳам танаффус бўлмади. Бундан ташқари, янги оиламнинг барча аъзоларидан, айниқса қайнотам ва қайнотамдан жуда миннадорман. Ижодимни тушуниб, доим мени қўллаб-қувватлаб туришади. Бир сўз билан айтганда, жуда бахтлиман! 

Ҳаёт принципи.
Ҳаётда ҳамма нарсага меҳнат билан эришилади. Мен ҳам шу кунгача қандай ютуқларни қўлга киритган бўлсам, фақат изланишларим, астойдил ҳаракат ва меҳнат билан эришдим. Ҳатто баъзида таниш-билишларни ишга солишни таклиф этишса ҳам, рад этганман. Ҳамма нарсага ўз кучим билан эришишни яхши кўраман. Бундан ташқари, бир хилликни ёмон кўраман. Янгиликлар билан  атрофимдагиларни ҳам, ўзимни ҳам хурсанд этсам дейман. 

Жаҳл чиққанда...
(кулиб) Жаҳлим чиққанда тинмай куладиган одатим бор. Балки асабийлашмаслик учун шундай йўл тутсам керак. Агар бирор киши жаҳлимни чиқарса, ёки ранжитса, дарҳол жанжал қилмайман. Сабр билан ўзимни босишга ҳаракат қиламан. Аммо сабримни синайверган одамга кўл кўтариб юборишим ҳам мумкин. Лекин бундай ҳолат кўп бўлавермайди, ҳаётимда бир мартагина, анча йил аввал содир бўлган.

Спорт.
Беш ёшимдан гимнастика билан профессионал шуғуланганман.  Кейинчалик каратэ спорт тури билан тўрт йил жиддий шуғуланиб, кўк, сариқ, яшил белбоғ соҳибаси бўлгандим. Машғулотларим феъл-атворимга бироз салбий таъсир кўрсата бошлагач, яъни, жуда шўх, бўлиб, маҳалладаги болалар билан муштлаша бошлаганимдан сўнг ота-онам қизиқишларимни ўзгартиришга қарор қилишган. Ишонсангиз, ҳамма синфдошларим мендан кўрқишарди. Мактабда энг безори қиз ўзим бўлганман. Ёшим улғайгач эса тош кўтариш машқлари билан ҳам шуғулланганман. Ҳозир фақат фитнес билан шуғулланиб, соғлом турмуш тарзини олиб бораман. 

Фобия.
Болалигимда баланд жойдан йиқилиб, бош миям чайқалгандан сўнг, баландликдан қўрқадиган бўлиб қолганман. Ҳатто, истироҳат боғларидаги каруселларга чиқишга ҳам қўрқаман. 

Хато.
Журналистлар негадир доим туғилган йилимни нотўғри ёзишади. Аслида, 1988 йил 26 сентябрь куни туғилган бўлсам-да, кўпинча “1978 ёки 1988 йилда туғилган” деб хато ёзишади. Улардан эътиборлироқ бўлишларини сўрардим.

Стил.
Ҳаётда ҳам, ижодда ҳам класик услубда кийинишни маъқул кўраман. Кенг либсолар жону дилим. Санъаткорлардан Шаҳзоданинг кийиниш стили менга жуда ёқади. Лола Йўлдошеванинг ҳам стили ўзига ярашиб туради. Фақат у бироз очиқроқ кийинади... 

Романтика.
Турмуш ўртоғим билан икки йил аввал Наманганда ўтказилаётган «Биз буюк юрт фарзандларимиз» тадбирида танишганмиз. Аҳду паймон қилганимизга бир йил бўлганда, оила қуриш таклифини ноодатий тарзда билдирганлар. Ўшанда, клипнинг тасвирга олиш жараёни эди. Қўлида катта, қип-қизил атиргулли гулдаста билан, скрипка оҳанги остида студияга кириб келган. Аввалига, клипга шундай лавҳа  қўшишибди-да, деб ўйлаганман. Кейин ижодий гуруҳдагилар мен томонга қараб келаверишган ва турмуш ўртоғим қўлида узук билан турмушга чиқиш таклифини билдирган. Мен ҳеч иккиланмай рози бўлганман. 

Алия СУЛАЙМАНОВА

Теги: Милена Мадмусаева: “Туғилган йилимн

Всего комментариев: 0
avatar