Главная » 2016 » Апрель » 15

Ноодатий ҳикоя: “Барибир мен сени топардим...”


  • Admin
  • 15 Апр 2016(19:04)
  • 316
  • 1

Аброр Зоҳидов

Инобат хола эшикка су¬яниб, чуқур хўрсинди. Акмалга нима дейди? Бу олтинчи жойдан қайтиши, ҳаммасида бир хил жавоб... 

Хола ҳорғин қадам таш¬лаб, ичкарига кирди. Ўғли уйда йўқ эди. Устахонасида бўлса керак. Инобат хола тугунини хонтахта устига қўйиб, тўшакка ўтирди ва кўзларини юм¬ди. Кимнингдир олдида изза бўлишдан қочиб, сов¬чиликка доим ўзи боради. Чунки ўғли…

Эшик ғийқиллаб очилди. Акмал эшик тутқичини маҳкам ушлаганича, онасининг ҳузурига  кирди. Акмалнинг юзи истарали, қоп-қора қош-кўзлари чиройли. Кўрган одам борки ҳавас қилади, лекин оёғи… Акмал туғилганида Инобат хола кўп азоб чекканди. У пайтлар тиббиёт унчалик ривожланмаганмиди ёки операция қилдириш расм бўлмаганмиди, қийналиб туғилган боланинг оёғига шикаст етди. Инобат эса шундан кейин фарзанд кўролмайдиган бўлиб қолди. Ширингина болакай уч ёшида қийналиб қадам ташлади. 

Ёл¬ғиз, тағин бунақа болага қаноат қилмадими ёки бу бир баҳона бўлдими, эри ҳам ташлаб кетди. Инобат йиғлади-сиқтади, нажот йўқ, овунди. Боласини ёлғиз ўзи катта қилди. Мактабни битирганида институтга киритишга қурби етмаслигини тушунди ва ўғли шу пайтгача ўрганиб олишга улгурган ҳунарига йўл берилди. Мўъжазгина ҳовлининг девори олинди ва кичикроқ ҳужра солинди. Акмал алоҳида эшикли шинам устахонада этикдўзлик қила бошлади. Мижозлари кўпайди, ҳунари билан бирга рўз¬ғорларига ҳам барака кирди, она-бола йиллар давомида шу бахт сари ҳаракат қилганларини тушунгандек бўлдилар. Лекин бу бахт навбатдаги муаммо олдида йўққа чиқиб турибди. 

Уйланадиган вақти келди, ҳатто бир оз ўтди ҳам. Акмалга ҳеч ким қизини бермади. Унинг одобига, меҳнатига  ҳавас қилдилар, соппа-соғ  такасалтангларга ўрнак қилиб кўрсатдилар, лекин ҳеч ким қизини бермади. Унга ачиндилар, онасига ачиндилар. Лекин она тинимсиз эшик қоқди, йигит умид билан кутди. Қиз бермадилар. 

Такасалтанглар уйланиб кетди, кўримсиз қизлар-да тенгини топди. Акмал бўйдоқлигича қол¬ди.

Шу…

* * *

Акмал онасининг кўзига бир қарашдаёқ ҳаммасини тушунди. Шунинг учун нима бўлди деб сў¬раб ўтирмади. Она-бо¬ла чой ичдилар ва Акмал яна устахонасига чиқиб кетди. Агрономнинг кирза этигига мих ураётиб, ўйга берилди. Онаси ёрилса ҳам бўларди. «Сенинг ҳам тенгинг бордир болам» деб йиғласа, балки ёзилармиди?! 

Ўшанда учинчи синф¬да ўқишарди. Мана шу этик эгасининг қизи Моҳира билан синфдош эдилар. Бир кун нимадир бўлди-ю, муаллим Акмални Моҳиранинг олдига ўтқазиб қўйди. Эртасига дарс¬га келганларида парта устида «М+А=С» деган ёзув пайдо бўлганди. Акмал ўчиришга улгурмади. Кимнингдир болаларча қилиғидан синфда гап болалади ва ҳамма Моҳирани эрмаклай бошладилар. Моҳира эса бор аламини йиғди ва уч сўз¬га жойлади:

«Турқинг қурсин, чў¬лоқ!».

Мурғаккина гўдак сумкасини ҳам олмай, оқ¬соқланганича уйларига чопиб келди. Ёстиққа бошини буркаб роса йиғлади, ўксиб-ўксиб йиғлади. Ҳеч бир айби бўлмаса-да, хўр¬ланганидан ўкиниб йиғлади. Биринчи марта ўзидан, шу ҳолида ташлаб кетган отасидан нафратланиб кетди. Йиғлаганича ухлаб қолди. 

Эшик тақиллади. Ўқи¬тувчиси Моҳира ва икки синфдошини олиб келган экан. Моҳира ерга қараб кечирим сўради, ўқитувчиси меҳрибонлик билан эртага албатта мактабга боришини тайинлади. Мактабга борди ҳам, яна синфдошларига киришиб кетди ҳам. Лекин кўнглидаги яра битмади. Ўнни битирдилар ҳамки, Моҳирага бир оғиз гапирмади. 

Кейинчалик катта бўл¬ганларида, синфдошлар бир-бирларига меҳр қў-йиб, бу дамлар ғаниматлигини тушунганларида Моҳира Акмалнинг йўлини тўсиб, қайта-қайта кечирим сўради. Лекин ўша машъум сўзлар  Акмалнинг қулоғи остида янграйверар ва у тескари қараб кетарди. 

Ҳозир Моҳира уч болали бўлган. Ўтган йили «ўн йиллик»да кўрди. Барибир гаплашолмади…

Эшик очилиб, бир қиз кириб келди. Ерга қараганича бир пой туфлини узатди. 

— Холам жўнатдилар. Мана бу туфлини тикиб бераркансиз. 

Акмал пой¬афзални қўлига олиб, қизни ўриндиққа ўтиришга таклиф этди.

— Холангиз ким?

— Анзират хола борлар-ку, уйлари дўкон ёнида -жавоб берди қиз ердан кўз узмай. 

— Ие, Анзират холанинг жиянимисиз, меҳмон экансиз-да, бўлмаса.

— Ҳа, Тепақўрғонданман. Холамга пиллага қарашиш учун ёрдамга келдим-, гапини давом эттирди қорақош қиз ҳа¬нуз ерга қараб. 

— Яхши. Бу туфлини тў¬лиқ айлантириб тикиш керак,-деди Акмал бақувват қўллари билан чармни эзғилаб. Қаранг, анчагина сўтилиб кетган.

Қизнинг нигоҳи пой¬афзалга қадалиш олдидан Акмалнинг кўзларида бир тўхтаб ўтди ва Акмал ҳаммасини тушунди. Қизнинг кўзлари... Бир қарашда сезилмайди, аммо диққат қилинса, ҳар икки кўзининг қорачиғи бир тарафга қараб туриши сезилади.  

— Энди эртага келасиз, синглим. Мен  чиройли  қилиб тикиб қўяман. 

Қиз йигитдан таралаётган меҳрни, энг муҳими ўзидаги нуқсонга ҳам-дард¬лик ҳиссини ҳис қи묬ди. Негадир умрида биринчи марта йигитлар билан, тўғрироғи, айнан шу йигит билан гаплашгиси келди. 

— Пули қанча бўлади? Эртага қанча олиб келай?

Қизнинг майин овози, одоби Акмалга ҳам таъсир қилиб улгурганди. 

— Анзират хола менинг ҳам холам, сиздан пул олсам уят бўлар. 

Қиз хийла  қизариб чиқиб кетди. 

Унинг ортидан қараб қолган Акмалнинг кўнглида ажиб ҳислар қолди. 

* * *

Қиз эртасига ҳам, индинига ҳам келди. Акмал ишни чўзар, бу ҳолат икковига  ҳам маъқул эди. Пилла мавсуми тугагунича анча яқинлашиб қо-лишди. Қиз йигитнинг, йигит қизнинг нуқсонини тилга олмади. Ҳатто ҳамдардлик нуқтаи назаридан ҳам бу мавзу кўтарилмади. Янада қизиғи, дил-розига бир қадам қолдилар ҳамки, бу яқинликдан ҳеч ким хабар топмади. 

Йигирма кунлардан кейин қиз дўкон эшигини ёпди ва четга тикилаётган туюлса-да, нигоҳини Акмалнинг кўзларига қараб шундай деди. 

— Акмал ака, эртага уйи¬мизга кетаман. Сиздек дўст топганимдан хур-санд¬ман. Хайр - деди-ю, чиқиб кетди. 

Эшик секин ёпилди ҳамки Акмал ўзига келмади. Наҳот, шунча йиллар излаган гавҳарини бир онда йўқотса?!

Тезда нима қилишини ўйлаб олди. Устахонани ёпиб, оқсоқланганича шо¬ша-пиша бозорга йўл олди. Бозордан қизга чиройли рўмол, атир, холаси учун иккита иссиқ нон, қанд-қурс олди. Мўл¬жали - кеч кирганда аввал ўзи, кейин онаси билан Анзират холаникига кириш. Агар шулар ҳам йўқ деса… демак Акмал бу дунёдан тоқ ўтади. 

— Пешанангда омад юлдузи чақнаб турибди. Катта иш устидасан, садақа қил болам,-деган овоз Акмалнинг хаёлини бўлди. 

Қўл узатиб турган мўл¬тони аёлга пул узатди. Мўлтони аёл четга чиқиб, унинг ортида кичкинагина столга писта билан бирга лотерея билетларини ёзиб ўтирган чол кўринди. 

Акмал таваккал қилиб битта лотерея олиб, танга билан қириб ўчирди. 

Ютуқ яна битта чипталик экан, иккинчисиниям олиб ўчирди. Во ажаб! Шу ростми?! Эллик миллион!!!

Акмалнинг юраги ҳаприқиб кетди. Катта ютуқ чиққанлигини тасдиқлаган чол Акмалнинг чўнтагидаги бор пулга эга бўлди…

* * *

Тут шохлари уйилиб ётган ҳовли четидаги сў¬рида тўрт киши гаплашмоқда эдилар. Анзират хола Акмал олиб келган нон ушатилган дастурхон четини ўйнаганча босиқлик билан гапирди:

— Билмадим, болам. Бу бечора ҳам тегса сендек йигитга тегар-да, болам, ўзимнинг қизим бўлса сенга қўш-қўллаб бермасмидим?! Сени-ю, онангни билмасам экан… 

— Холажон,-деди Акмал. Сиз фақат Тепақўрғонга бориб, синглингизга Холида яна бир-икки ой сизникида туриб туришини айтсангиз бўлди. Бу вақт¬да улгурамиз. Ишонинг, ҳаммаси яхши бўлади. 

Инобат хола билан Анзират хола кўзларида ёш билан ёшларга оқ фотиҳа беришди. Тун ярим бўлишига қарамай, ёшлар ҳеч кимга билдирмай, Тошкентга йўл олдилар. 

* * *

Энг яхши суяк шифокорлари Акмалнинг оё¬ғига тиғ уришди. Кўзнинг энг моҳир жарроҳлари Холиданинг қорачиқлари устида иш олиб бордилар. 

Мўъжиза юз берди. Ёки пул яна бир бор мўъ¬жиза яратди. Ҳеч кимлари йўқ катта шаҳарда бир-бирларига ҳамдард бўлдилар. Икковлон шаҳарнинг икки чеккасидаги шифохоналарда бўлсаларда, телефонда  боғланиб турдилар. Умид ҳар нарсадан устун чиқди. 

* * *

Тўй тўсатдан бошланган бўлса-да, эл суйган хонанданинг ширали овози таралиб, тумонат одам тўпланди. 

Келин-куёв ўтирган машина  тўйхона олдида тўхтади. Акмал шахдам қадамлар билан келиб, Холидани кўтариб туширди. Холида қайнонасининг шодликдан ёш¬ланган кўзларига бир қараб, яна нигоҳини ерга қадаганча салом берди. 

Даврага Анзират хола билан Инобат хола рақс тушиш учун чиққанларида Холида Акмалнинг қулоғига шивирлади:

— Лотерея ютмаганингизда ҳам сизники бў¬лардим…

Акмал завқланиб кулиб, Холиданинг қулоғига шипшиди. 

— Ўзинг келмаганингда ҳам барибир сени топардим.…

Теги: Ноодатий ҳикоя: “Барибир мен сени т

Всего комментариев: 1
avatar
1 NURIK(MS) • 22:42, 15 Апр 2016
OMADINI BERSIN!
avatar