Главная » 2016 » Июль » 26

Ота суд залида ўз қизидан воз кечди


  • Admin
  • 26 Июл 2016(18:36)
  • 697
  • 0

Тошкент шаҳрида яшаймиз. Оилада тўрт фарзандмиз. Битта синглим ва иккита укам бор. Ота-онам давлат ишида ишлайди. Улар бизни ҳеч нарсага зор қилмай, ҳалол меҳнат эвазига катта қилишди. Иккаласи ҳам ўқимишли, зиёли бўлгани учун биз фарзандларининг ҳам ўқишига шароит яратиб берди. Оилада катта фарзанд бўлганим сабабли дастлаб менинг ўқишларимга кўпроқ эътибор қаратишди. Мактабни аъло баҳоларга битирганимдан сўнг, чет тилларига ихтисослашган лицейда ўқишимни давом эттирдим. У ерда ўқиб юрган кезларим тегишли фанлардан репетиторга қатнардим. Ота-онам иқтисодий томондан қийналса-да, фанлардан тайёрланишим учун менга шароит яратиб берди.

Лицейни битиргач пойтахтимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларининг бирига ҳужжат топширдим ва давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Имтиҳон натижалари эълон қилингач, мендан кўра ота-онам қаттиқроқ суюнди. Ўша куни отам менга “Умида қизим, сен билан фахрланаман!” деди. Онажоним севинчдан кўзларига ёш олди. Ҳатто, отам менинг ўқишга кирганим шарафига қариндош-уруғ, ёру-дўстларни чақириб, зиёфат уюштирди.

“Талабалик олтин даврим” деб бежиз айтишмас экан. Ҳақиқатдан ҳам талабалик ўзгача давр бўларкан. Вақт шу қадар тез ўтдики, қандай қилиб учинчи курс бўлиб қолганимизни билмайман. Бу пайтга келиб мен рус ва инглиз тилларида бемалол сўзлашадиган бўлдим. Қўшимча тил сифатида араб тилини ўрганишга қизиқиб қолдим. Ҳаммаси шундан бошланди. Араб тилини ўрганиш учун университет кутубхонасидан бир қанча китоблар олганимга қарамай, интернет орқали ҳам турли маълумотлар билан танишишга киришдим. Энди билсам, интернетга жойлаштирилган керак, нокерак, тўғри, нотўғри маълумотларни ажратмасдан ўрганиб катта хатога йўл қўйибман. Бу ҳам етмагандай турли ижтимоий гуруҳларга ҳам аъзо бўлиб уларнинг ёзишмаларида иштирок этардим. Айниқса, интернет орқали ўзини Мисрдаги Ал-Азҳар университети талабаси деб таништирган Юсуф исмли йигит билан тез-тез ёзишиб турардим.

Араб тилини ўрганиш иштиёқи ва Юсуфнинг даъватлари беихтиёр менда ислом динига қизиқишни кучайтириб юборди. Шу-шу интернет орқали Юсуф билан суҳбатимиз бошларида араб тилини ўрганишга урғу берган бўлсак, аста-секин у менга ислом динидан сабоқ бера бошлади.

Юсуф билан кўпроқ ёзишгим келарди. Унинг нимасидир мени ўзига тортарди. Олисда бўлса-да, ўзини бир бор кўрмаган бўлсам-да, кундан-кунга унга қаттиқ боғланиб қола бошладим. Ҳар куни у менга диний мазмундаги видео ва аудиоматериалларни юборарди. Ушбу маълумотлар билан танишиб чиққанимдан сўнг Юсуф уларнинг мазмунини изоҳлаб берарди. Шу тариқа икки-уч ой гаплашиб юрдик. Рус ва инглиз тиллари у ёқда турсин, ҳатто араб тилини ҳам ўрганишни унутиб, Юсуфнинг кўрсатмасига биноан кўр-кўрона ислом динини интернет орқали тарғиб қилишни бошладим. Мен интернетдаги турли ижтимоий гуруҳларга диний мазмундаги маълумотларни жойлаштириш билан шуғулланардим. Ушбу маълумотлар таг-замирида нима мужассамлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасдим.

Юриш-туришим ўзгаргани ва ўқишдаги ўзлаштириш кўрсаткичларим тушиб кетгани боис университет маъмурияти ота-онамни чақиртиришди. Улар иккаласи ҳам ўқишимизга келиб, устозларим билан гаплашишди. Ушбу суҳбатда нималар ҳақида гап кетганини билмадим-у, лекин яхши гаплар бўлмагани аниқ эди. Ўша куни кечки овқатдан кейин ота-онам менга нима бўлаётганини, қандай муаммойим борлигини сўради. Уларга ҳаммаси жойидалигини айтдим. Ўқишларимни яна аввалги ҳолга келтириб, бундан буён фақат аъло баҳоларга ўқишимни, юзларини ерга қаратмаслигимни айтиб, кўзимга ёш олдим. Бу қутилишнинг энг осон йўли эди. Бўлмасам нима бўлгани ҳақида қистовга олишарди ва мен қийин аҳволда қолардим. Шу тариқа ҳаммаси силлиқ кўчди. Менга кўп саволлар берилмади, ота-онам менга ишонишини маълум қилди.

Яна бир бор уйдагиларнинг ишончига кирганимдан сўнг ҳеч нарса бўлмагандай ишларимни давом эттиравердим. Лекин бу кўпга чўзилмади. Интернет оқали ўзини ал-Азҳар университети талабаси деб таништирган Юсуф аслида қидирувдаги ашаддий жиноятчи, террористик оқим аъзоси бўлиб чиқди. Мен унга қўшилиб, интернет орқали террористик оқим ғояларини тарқатганим учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олиниб, жиноий жавобгарликка тортилдим. Отам “менинг сендай қизим йўқ, ланъат сенга, бундан кўра ўлганинг яхши эди” дея суд залидан чиқиб кетди...

Бир пайтлар мен билан фахрланишини ғурур билан айтган отам мендан кечиб кетиши-ю, ўша дамлар севинчдан кўзларига ёш олган бечора онам энди ғам, андуҳ, алам ва қайғу билан фарёд солиши-ю, доимо кулиб, қувноқ бўлиб юрадиган синглим ва укаларимнинг сассиз ўкинч билан йиғлаши барча-барчаси менинг биргина хатом туфайлидир!

Агар бошқа нарсаларга чалғимасдан тинчгина ўқиганимда бугун университетни битирган, бирор жойда ишлаётган, бир оиланинг бекаси, шириндан-ширин болаларнинг онаси, кимнингдир суюкли ёри бўлардим...

Энг ёмони мени деб оиламиздан барака кетди. Ота-онам соғлиғидан айрилди. Синглим ва укаларимнинг ўқишлари ярим йўлда қолиб кетди. Отам уларнинг олий таълим муассасасига ўқишга топширишига рухсат бермади. Чунки, мен ота-онамнинг ишончини оқлолмадим! Юзларига оёқ қўйиб, элу-юрт олдида шарманда қилдим!

Теги: Ота суд залида ўз қизидан воз кечди

Всего комментариев: 0
avatar