Главная » 2016 » Сентябрь » 16

Райҳон Ғаниева 38 ёшни қаршилади


  • Pro_eXclusive
  • 16 Сен 2016(12:45)
  • 675
  • 0
Райҳон Ғаниева ҳамиша шоу-бизнеснинг илғор хонандаларидан бўлишга интилиб келган ва бунинг уддасидан чиққан ҳам. У бўш вақтини бекор ўтказмайди, ғийбат ва миш-мишлар бор жойда Райҳонни топмаслигингиз аниқ. Бугун, 16 сентярь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева учун ўзгача кун. Хонанда 38 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан ижтимоий тармоқлар Райҳонга аталган табриклар билан тўлиб тошмоқда. Кечагина санъат оламига кириб келган ҳаваскорлардан тортиб, таниқли фонограмма усталаригача Райҳон Ғаниевани қутлаш билан оввора. 1978 йилнинг 16 сентябрида Тошкентда таваллуд топган Райҳон Ғаниева учун санъат олами бегона эмас эди. Унинг қўшиқ куйлаш маҳоратини баҳоламай туриб ҳам устазода дейиш мумкин. Боиси хонанда санъаткорлар оиласида таваллуд топди. Отаси Отабек Ғаниев бир неча фильмлардаги роллари билан томошабинларга яхши таниш бўлган. Онаси Тамара Шакирова эса ўзбек кинематографияси тарихида ўчмас из қолдирган, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг Инглиз филологияси факультетини тамомлаган Райҳон Ғаниева 90-йиллар охирида профессионал ижодга қадам қўяди. У илк бор “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали фильмидаги қўшиғи билан одамлар тилига тушади. Ўша даврларда хонандалар бугунгидек кўп бўлмаган. Шу сабаб ҳам Райҳоннинг қўшиқлари замонавий ёшлар орасида тез оммалашган ва хонанда 2002 йилда илк яккахон концерт дастурини тақдим этишга муваффақ бўлган. Омад келса, бирваракайига келади, деганларидек хонанда 2002 йилда “Ниҳол” мукофоти совриндорига айланди. Кейинчалик Райҳон бир неча бор “Йилнинг энг яхши аёл хонандаси”, “Йил қўшиғи”, “Йилнинг энг яхши альбоми” мукофотларини қўлга киритди. Райҳон Ғаниева ижодининг энг гуллаган даврлари 2005-2010 йилларга тўғри келади. Ўша йилларда яратилган қўшиқлар эса ҳамон мухлислар тилидан тушмай келяпти. “Ёдиндами?”, “Кечир”, “Орзуинга ишон”, “Доимо”, “Бака-бака банг” каби қўшиқлари тингловчилар тилидан-тилига ўтиб келмоқда. Хонанданинг ҳар йилги концерт дастурини эса мухлислар интиқлик билан кутарди. У ўзбек хонандалари ичида шоу концертлар тақдим этишда, янгиликка қўл уришда ҳамон пешқадам бўлиб келмоқда. Райҳон Ғаниева ижоди давомида ўзини актрисаликда ҳам синаб кўрди. У иштирок этган “Кечир” фильмини томошабинлар илиқ кутиб олган. У мазкур фильмнинг сценарийсини ўзи ёзган ва картинада шоу-бизнес оламидаги иллатларни очиб беришга ҳаракат қилган. 2012 йил Райҳон Ғаниева учун ҳам қайғули, ҳам қувончли келди. У 2012 йилнинг февраль ойида волидаси Тамара Шакировани йўқотди. Актриса оғир хасталик сабаб оламдан кўз юмди. Кўп ўтмай, ноябрь ойида хонанда ўз бахтини топди. 34 ёшида Райҳон актёр Йигитали Мамажоновга турмуш чиқди. Бироқ уларнинг ҳаёти узоққа чўзилмади. Райҳон икки эгизакнинг онаси бўлгач, Йигитали Мамажонов билан ажрашди. Умуман олганда, Райҳон Ғаниева ҳамиша шоу-бизнеснинг илғор хонандаларидан бўлишга интилиб келган ва бунинг уддасидан чиққан ҳам. У бўш вақтини бекор ўтказмайди, ғийбат ва миш-мишлар бор жойда Райҳонни топмаслигингиз аниқ. Шу бугунгача дўстлари билан муносабатларида ҳам масофа сақлаб келадиган Райҳон яқин дугоналаридан бир неча бор панд еган. Шу сабаб ҳам асосий вақтини оиласига ва ижодига сарфлайди. Айни дамда у “MTV” телеканалида янги кўрсатувга бошловчилик қилмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан хонанда Райҳон Ғаниевани таваллуд куни билан муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик ва ижодий баркамоллик тилаб қоламиз.

Теги: Райҳон Ғаниева 38 ёшни қаршилади

Всего комментариев: 0
avatar