Главная » 2016 » Ноябрь » 30

Сайлов куни паспортини алмаштиришга берган фуқаро қандай йўл тутади?


  • Mirkarimoff
  • 30 Ноя 2016(20:56)
  • 282
  • 0

4 декабрь Ўзбекистонда президентлик сайлови бўлиб ўтадиган кун. Бунга алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда. Барча шароитлар ҳозирланган, шай ҳолатга келтирилган.

Шу ўринда фуқароларда сайлов билан боғлиқ айрим саволлар ёки муаммолар туғилиши мумкин?

1. Фуқаро ўз паспортини биометрик паспорт олиш мақсадида алмаштириш учун топширган бўлса, овоз бериш жараёнига қандай қатнашади?
- Бундай ҳолатда фуқаро ўзи яшаб турган Ички ишлар бошқармасидан паспортини алмаштираётгани ҳақида маълумот олади ва у орқали овоз бериш жараёнида бемалол иштирок эта олади.

2. Фуқарода сайловга таклифнома бўлмаса, қандай йўл тутади?
- Ҳар бир сайлов участкасида сайловчиларнинг қўшимча рўйхат-иловаси бўлади. Фуқаро сайлов участкасига паспорти (маълумотнома) билан борганида у мазкур рўйхат-иловага киритилади ҳамда овоз бериш жараёнига бемалол қатнаша олади.

3. Сайлов участкаси қаерда жойлашганини қандай билса бўлади?
- Сайлов участкасининг манзили фуқарога тақдим этилган таклифномада ёзиб қўйилган бўлади.

4. Фуқаро маълум бир сабабларга кўра, оила аъзолари номидан бориб овоз бериб келиши мумкинми?
- Мумкин эмас. Ҳар бир фуқаро ўзи учун овоз бериш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолатда оила аъзоларининг паспортларини олиб келган фуқаронинг якка ўзи рўйхатдан ўтказилади ва овоз бериш жараёнида фақат ўзи иштирок этади. У олиб келган оила аъзоларининг паспортига қараб, улар рўйхатга олинмайди ва овоз бериш жараёнига қатнаша олишмайди.

5. Сайлов участкаси рўйхатида фуқаронинг исми киритилмаган бўлса, қандай йўл тутилади?
- Бу ҳолатда ҳам юқорида айтиб ўтилганидек, ҳар бир сайлов участкасида сайловчиларнинг қўшимча рўйхат-иловаси бўлади. Ўша ердан рўйхатдан ўтиб, овоз бериш жараёнида бемалол иштирок этаверади.

6. Соғлиғи сабаб сайлов участкасига бора олмаган фуқаро нима қилади?
- Соғлиғи сабаб сайлов участкасига бора олмаган фуқаронинг оғзаки ёки ёзма мурожаати орқали унинг уйига сайлов комиссиясининг камида икки нафар ходими ташриф буюради.

7. Сайлов куни яна бошқа саволлар туғилиб қолса, кимга мурожаат этилади
- Сайлов билан боғлиқ барча саволларга Марказий сайлов комиссиясининг Ишонч телефонига ((0 371) 239-35-62) қўнғироқ қилиб, жавоб олиш мумкин.

Саволларга МСК Матбуот хизмати раҳбари Низомиддин Нурматов жавоб қайтарди.

Теги: Сайлов куни паспортини алмаштиришга

Всего комментариев: 0
avatar