Главная » 2016 » Август » 12

Санъаткорларнинг ажойиб хоббилари


  • Admin
  • 12 Авг 2016(18:43)
  • 535
  • 0

Кўпчилик асосий касбидан ташқари, бўш вақтларида севимли машғулоти билан шуғулланишни ёқтиради. Албатта юлдузларимиз ҳам бундан мустасно эмас. “Ҳордиқ плюс” газетаси уларнинг севимли машғулотлари билан қизиқди.

Алишер Файз: – Футболга жуда қизиқаман. Сабабини билмайман-у, лекин футбол тўпларини йиғишни ёқтираман. Уйимда, офисимда ҳам сўзларимнинг исботини кўришингиз мумкин. Тушкунликка тушсам ёки қаттиқ чарчасам қўлимга коптокни оламан. Уйда, офисда тўп сақлашнинг ҳам фойдали томонлари бор экан. Бўш қолсангиз спорт машқларини бажариш имконияти туғилади.

Ҳосила Раҳимова: – Болалигимдан қадимий тақинчоқларни йиғишга қизиқаман. Эътибор берсангиз, замонавий кийимлар билан бирга қадимий, миллий тақинчоқларни уйғунлаштиришга ҳаракат қиламан. Менинг қизиқишимни яхши билган мухлисларим момоларидан қолган қадимий тақинчоқларни совға қилишган. Бундан ташқари пойтахтдаги ҳовлимизга ўтов қурдирганман. Қиш кунлари ўтовга кирсангиз жоннинг ҳузури. Ичи қоронғи ва сокин бўлгани учун ҳам у ерда ижод қилгингиз келаверади.

Зиёда: – Қизиқишларим жуда кўп. Аммо фитнес ва замонавий рақ билан шуғуллансам, барча ташвишлардан фориғ бўлгандек, енгил тортаман. Фитнес билан қоматни тиклаш учун эмас, балки руҳий дам олиш учун шуғулланаман. Уйимда ҳам кичик машғулот зали бор. Тонгда фитнес билан шуғуллансам, куни билан тетик юраман. Рақсга тушсам, мириқиб ухлайман.

Илҳом Фармонов: – Эски, лекин ноёб маркадаги автомобилларни йиғишга қизиқаман. Улардаги енгил носозликларни тузатиш ҳам қўлимдан келади. Ҳовлимиз унча катта бўлмагани учун доимо қизиқишларимни жиловлаб туришга мажбурман. Бир йили пойтахтимизда ноёб маркадаги автомобиллар кўргазмаси бўлиб ўтди. Ундаги автомобилларни кўриб роса қувондим. Демак, менга ўхшаган қизиқувчилар оз эмас экан.

Отабек Муҳаммадзоҳид: – Бир неча йилдан буён ролик ва муз устида конки учишни ёқтираман. Афсуски, Фарғонада муз саройи йўқ. Фақатгина пойтахтга келгандагина севимли машғулотим билан шуғулланаман. Агар молиявий имкониятим бўлганида, албатта, она шаҳримда шундай муз саройини қурдирган бўлардим.

Алижон Исоқов: – Эсимни таниганимдан буён балиқ овлашга қизиқаман. Қармоқда балиқ овлашнинг ўз гашти бор. Уйимда 12 та қармоқ, қайиқ ва балиқ овлаш учун керак бўладиган барча анжомлар бор. Ов мавсумида дўстларим билан балиқ овлагани чиқамиз. Бир неча килограммлик сазан балиғини ҳам овлашга мушарраф бўлганман.

Теги: Санъаткорларнинг ажойиб хоббилари

Всего комментариев: 0
avatar