Главная » 2016 » Июль » 11

Санъатни оилавий бизнесга айлантирган ўзбек эстрада хонандалари


  • Admin
  • 12 Июл 2016(00:59)
  • 1038
  • 0

Хонандалар орасида санъатни оилавий тадбиркорликка айлантирган, шу орқали рўзғорини тебратаётганлар бисёр. Бу яхшими ёки ёмон? 

“7х7” газетаси бу ҳол иш унумига қандай таъсир қилиши билан қизиқди.

Ҳосила Раҳимова: “Олдингизда яқин инсонларингиз бўлмаса, санъатда бирор натижага эришиш қийин. Қўлга киритган ютуқларимда раҳматли отам Иброҳим ҳожининг ҳиссаси катта. Агар отам ижодни бошлашимга моддий ва маънавий кўмак бермаганда бошқа соҳанинг этагини тутиб кетармидим?.. 2014 йилгача турмуш ўртоғим Ўктам ака маъмурлик вазифасини бажариб келди. Ўз бизнеси кенгайгач, бу ишни созандаларимдан бири Фахриддин Алимуродовга топширди. Укам Абдуманнон ҳам ўз йўлини топгунча, иккинчи ҳофиз сифатида тўйга мен билан бирга чиқарди. Опам Эътиборхон эса концертларим ташкилотчиси. Энг омадли дастурларни унинг продюсерлиги остида мухлисларга тақдим этяпман”.  

Шаҳзода:  “Эришган ютуқларимда Равшан аканинг ҳиссаси катта. Санъатда яхши, уддабурон продюссерни топиш жуда қийин. Аммо менга бу борада икки маротаба бахт қуши қўнган. “Тарона”дан кетганимдан кейин у ҳозир расман продюсерлик қилмайди. Аммо кези келганда, ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлайди.

Дилдора Ниёзова: “Энг биринчи продюсерим — дадам Султонмурод ака бўлганлар. Бор жамғармаларини тўплаб, илк қўшиғимни овоз ёзиш студиясида ёздирган, қарз-қавола қилиб бўлса-да, клип суратга олдирганлар. “Қиз болани эгасига соғ-омон етказиш, ёмон кўзлардан асраш керак”, деб акам Нодирбекни маъмур қилиб тайинлаган. Яширишнинг ҳожати йўқ, маъмурларнинг кўпчилиги алдайди, даромадни яширишга ҳаракат қилади. Лекин биз бунақа вазиятга тушмаганмиз. Акамнинг бирорта каттароқ харажати бўлса, ростини айтади. Яширган тақдирда ҳам ўша пул ота-онамнинг уйига боради. Турмуш ўртоғим Латиф ака —иш юритувчи, радио ва ТВдаги чиқишим ҳақида бош қотиради.

Гули Асалхўжаева: “Санъаткор бўлишимда жуда кўп инсоннинг меҳнати сингган, боиси санъат фақат қўшиқ куйлаш билан чегараланмайди. Унинг ташкилий ишлари ҳам бисёр. Илк продюсерим опам Мавлуда Асалхўжаева бўлади. Ижодим учун моддий-маънавий ёрдамини аямайди. Якка  ижодни бошлаганимдан буён маъмур вазифасини турмуш ўртоғим Равшан ака бажаради”.

Гулсанам Мамазоитова: “ Санъаткорнинг ёнида доимо ишончли инсонлари бўлиши шарт. Ижодимни акам Отабек Муҳаммад Зоҳиднинг кўмагида бошлаганман. У билан бирга тўйларга чиқардик.  Якка ижодимни бошлаганимдан кейин продюсер Саид ака билан ҳамкорлик қилдим. Турмушга чиққач, барча ташкилий ишларни турмуш ўртоғим Санжар ака ўз зиммасига олди. Ҳозир бизда продюсер йўқ, турмуш ўртоғим билан даромадга қараб, харажат қилишни ўргандик”.

Улуғбек Раҳматуллаев: “ Энг биринчи ҳомийим, шубҳасиз, ота-онам бўлишган. Илк қўшиғимни уларнинг ёрдами билан яратганман. Санъаткорнинг ўзи ҳамма ишга улгуролмайди. Ташкилий ишларни бажарадиган ишончли одамлари бўлиши керак. Бу борада укам Дилшодга суянаман. Бир неча йилдан буён у маъмурлик вазифасини бажаради”.

Лола Аҳмедова: “Онам Дилбар Аҳмедова асли журналист бўлса-да, биз учун продюсерлик соҳасини ҳам ўрганган. Ҳозир мен ва синглим Шаҳлога продюсерлик қилади. Укам Аббос эса маъмур. Тўй ва концертларда ҳамиша мен билан бирга. Катта синглим Зулайҳо стилист, ташқи кўриниш ва либосларимиз ҳақида қайғуради. Биласизми, санъатда, умуман ҳаётда бегоналар панд бериши мумкин. Жигарлар эса ҳамиша бир-бирини қўллаб-қувватлайди”.

Теги: Санъатни оилавий бизнесга айлантирг

Всего комментариев: 0
avatar