Главная » 2016 » Май » 9

Шифокорлар 7 синфдалигида урушга юборилган актриса Райҳон Тўраеванинг оёғини кесиб ташламоқчи бўлишганди


  • News
  • 09 Май 2016(21:58)
  • 503
  • 0
Иккинчи жаҳон уруши кўплаб халқ қалбида битмас яра бўлиб қолди. Оғир талофатларга сабаб бўлган уруш миллионлаб одамларни ҳаётдан олиб кетди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Тўраевани кекса авлод вакиллари яхши танийди. Ёшлар эса уларни “Оқшом эртаклари” кўрсатувидаги эртакчи буви сифатида билишади. Узоқ йиллар Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали драма театрида фаолият юритган Райҳон Тўраева бугун фарзандлари, набиралари даврасида кексалик гаштини сурмоқда.

Онахоннинг болалик йилларида айни уруш йилларига тўғри келган. 7 синфда ўқиб юрган кезлари уни ҳам бошқа синфдош қизлар қаторида урушга чақиришди... Онахоннинг бошидан ўтган оғир кунлар, тақдир синовлари ҳақида яхшиси унинг ўзидан эшитинг.

Райҳон Тўраева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Тўғриси, у даврларни эслагим ҳам келмайди. Уруш бошланиб, маҳаллада эркак зотидан асар ҳам қолмади. Ҳали вояга етмаган болалар, кекса чолларни айтмаса, мол-ҳолга қараш, далага чиқиб экин экиш, хуллас эркаклар қиладиган ҳамма ишни қилиш аёлларга қолиб кетди. Бу ҳам етмагандек,7 синфда ўқиб юрган пайтларим мактабимиздан 13 та қизни урушга олиб кетадиган бўлишди. Улар орасида менинг ҳам номим бор эди. Биз эса лом-мим демай, рози бўлдик. Уйдагиларга эса Москвага олимпиадага кетяпмиз, деб алдадик.

Кўп ўтмай ҳаммамиз урушга отландик. Усти очиқ вогонда пичанлар устида ётиб кетарканман “Яна уйга қайтармикинмиз, уруш қачон тугаркин ўзи, нимага, ким билан урушяпмиз”, деган савол тинчлик бермасди. На овқатнинг ва на кийим-кечакнинг тайини бор. Совуқ эса этимизни қақшатарди. Яхшиямки, онам йўлга отланаётганимда халтачага майиз ва нўхат солиб бериб юборган эканлар. Ўшани еб қорин ғамлаганмиз.

13 кун деганда Россияга етдик. У ердан эса Ленинградга йўл олдик. Қаҳратон қиш эмасми, совуқдан оёқларимиз яхлаб қолганди. Вогонлардан анқиётган ҳид эса кўнглимизни оздирарди. Ичишга, ҳатто, сув ҳам йўқ. Қорни челакчага солиб, эритиб ичардик.

Ўша машъум кунларни эсладим дегунча оёқларим зириллаб, кўз олдим қоронғулашиб кетади. Бир куни оёқларим жуда қаттиқ музлаб, ҳеч нарсани сезмайдиган бўлиб қолдим. Докторлар оёғингни кесамиз дейишди. Ўшанда мен қандай ҳолатга тушганимни тасаввур қилсангиз эди... Ҳаётим шу нуқтада ўз паёнига етди деб ўйлагандим. Йўқ, Яратган менга шафқат қилди. Ўша ердаги шифокорлар яна бир умид борлигини айтиб, 5 соат давомида иссиқ ва совуқ сув билан оёқларимга муолажа қилди. Оёғимни ҳали муздек, ҳали қайноқ сувга тиқди. Бир неча соатгача ҳеч нарсани сезганим йўқ. Кейин секин-секин оёғим жимирлаётганини сезиб, йиғла юбордим. Кўп ўтмай юриб кетдим. Шундан сўнг, мени урушга жўнатмай, уйимга қайтариб юборишди. 9 ой деганда минг қийинчиликлар билан уйимга қайтиб келдим.

(Йиғлаб) Жуда ғўр бўлган эканмиз. Эшигимизни қоқиб келган одам урушга деса, йўқ демай олдига тушиб кетаверган эканмиз. Қиз боламан, урушда мен нима қиламан, деб ўйлаб ҳам кўрмабмиз. Урушга мен билан бирга жўнатилган синфдошларимни қайтиб кўрганим йўқ. Ҳаммалари урушда дом-дараксиз кетишди. Балки Яратнинг ўзи мени қонли жангоҳда бировларнинг қўлида ўлиб кетишимни истамагандир.

Ҳозир оёқларим оғриди дегунча, ўша даврлардаги қийинчиликлар, бир бурда нонга зор бўлган пайтларимиз ёдимга тушаверади. Худога шукр бугун ҳамма нарсамиз ўзимизники, истаганимиз олдимизда муҳайё. Фарзандларимиз, набираларимиз эмин-эркин обод ва озод Ватанда яшашмоқда. Буларнинг қадрига етиш керак. Энг муҳими юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

Тўғрисини айтсам, нимага 20 йил бўлса ҳам кечроқ туғилмаган эканман деб ўйлаб қоламан. Бугунги ёшлар жуда чиройли ҳаёт кечирмоқда. Уларни кўриб ҳавасим келади.

Теги: Шифокорлар 7 синфдалигида урушга юб

Всего комментариев: 0
avatar