Главная » 2016 » Октябрь » 10

Шоҳжаҳон Жўраев заиф томонлари ва бахтини бутун қилиб турганлар ҳақида


  • Admin
  • 10 Окт 2016(18:14)
  • 526
  • 0

Шоҳжаҳон Жўраевга кўпчилик жуда манман, кибирли дея баҳо беришади. Аммо инсон билан гаплашмай туриб, асли қандай эканини билиш қийин. Бунга бугунги суҳбат орқали яна бир карра амин бўлдик. Яқинда имиджини ўзгартирган хонанда ўзи ҳақидаги кўпгина маълумотларни биз билан ўртоқлашди. 

— Бироз танаффусдан кейин яккахон концерт дастурингизни тақдим этаяпсиз. Тайёргарликлар қандай?

— Бугун томошабинлар икки тоифага бўлиниб қолгандек. Бировлар саҳнадаги шоу дастурга кўзи қамашиб маҳлиф бўлса, иккинчи гуруҳдагилар ҳақиқий қўшиқ шайдолари. Мен концертимда томошабинларнинг эътиборини кераксиз нарсаларга қаратмоқчи эмасман. Чунки ўша куни чин дилдан қўшиқ эшитаман деб келганлар билан юзлашишни истардим. Яна бир гап — концертимда декорация бўлмайди. Фақат ўртага катта монитор қўямиз. Бу ҳам бўлса, орқа ўриндиқларда ўтирганлар учун қулайлик яратиш мақсадида. Раққосалар масаласида ҳам тўхталиб ўтишим мумкин. Кўпроқ яккахон ижроларга эътибор беряпмиз. Хуллас, бир сўз билан айтганда шоу дастур эмас, яккахон концерт дастурим билан мухлисларни хушнуд этаман. 

— Репертуарингизда кўпроқ қайси мавзуга тўхталяпсиз?

—  Ҳозирги замонда муаммога айланиб бораётган мавзуларга тўхталиш ниятим йўқ. Яъни, чет давлатлардаги ҳолатлар, қочқинлар, урушларда қурбон бўлаётганларга атаб қўшиқ куйламайман. Чунки инсонлар булар ҳақида ҳар куни интернет тармоқларида, телевидениеда эшитиб чарчашган, сиқилишган. Мен эса концертимда уларни бу оламдан олиб чиқиб кетмоқчиман. Икки соат давомида қўшиқларимни тинглаб, муамммоларни унутиб, маза қилиб ҳордиқ чиқаришларини истайман. Мақсадимиз шу. 

— Концерт тақдим этишда амал қиладиган уч муҳим қоидангиз борми?

— Уларнинг сони нечта билмадим-у, лекин йўқ эмас. Биринчиси, жонли ижро ва мусиқа. Иккинчиси эса, ҳақиқий концертни тарғиб қилиш. Келганлар қўшиқлардан роҳатланиб вақт қандай ўтганини билмай қолишсин. 

— Ижод  йўлингизга аҳамият берсак, умуман дуэт куйламаган экансиз?

— Бу нарсага умуман қизиқмайман десам, тўғрироқ бўлади. Мен қўшиқларимни ўзим ёзаман. Менга ҳамкорлик қилиш таклифини билдирганлар ҳам ўз қўшиғи билан келиши керак деб ўйлайман. Дуэт куйлайлик деган билан қўлида иши бўлмаса, бу ҳам тўғри эмас назаримда. Яна бир асосий жиҳатлардан бири овозларимизнинг бир- бирига тушиши. Лекин ҳозир эсладим, бир марта дуэт куйламоқчи ҳам бўлдим. Янги қўшиқ ёздим, умуман бошқа йўналишда. У кўпроқ Райҳон Ғаниеванинг стилига мос эди. Қани бир дуэт ҳам куйлаб кўрай-чи, деб, концертларнинг бирида таклиф ҳам билдирдим, ўзаро келишиб олдик. Бироқ айтяпман-ку, қизиқишим кучли бўлмагани учун ишни охиригача етказмаганман.

— Бугун сизни йўналишингизда қўшиқ куйловчилар жуда кўп. Овоз борасида ҳам ўхшашлар йўқ эмас. Уларнинг ижодини кузатиб турасизми?

— Мен ҳаммани ижодини кузатаман. Лекин уларнинг исмини ажратиб кўрсатмайман.

— Айтмоқчиманки, балки улар билан ҳам дуэт куйлашингиз мумкиндир...

— Мен уларга таклиф билан чиқмайман. Агарда кимнингдир хоҳиши бўлса, марҳамат. Рад жавобини бермайман. Аксинча, ҳатто айримларига фойдам ҳам тегади деб ўйлайман.  

—  Энди, бугунги кўринишингиз ҳақида гапирсангиз. Танаффусдан кейин ижодингизни янги имиджда давом эттиришни истадингизми?

— Бу ҳақда гапирсам, тарихи узун. Биласизми, ўзимга қолса бу имиджда аллақчон кўриниш берган бўлардим. Аммо ижодимни бошлаган йилларим истасам-истамасам, дадамга қиёсловчилар кўп бўлган. Мана ўн йилдирки, дадамнинг йўналишида, уларнинг қўшиқларини қайта куйлаб ижод қилдим, тўпламлар яратдим. Тан олишим керак, шу кунгача саҳнага чиққанимда мен учун эмас, дадам учун қарсак чалинарди, яъни уларнинг қўшиқларини куйлаганим учун.  Аммо бутун умр сояда юришим тўғри эмаслигини яхши биламан. Бугун дадамга муносиб ўғил эканимни етарли даражада исботладим. Энди кўрганлар кимнингдир ўғли эмас, Шоҳжаҳон Жўраев дейишяпти. Секин-секин икки йўналишни қориштириб, ўзим истаган йўналишга ҳам етиб келяпман. Айтмоқчиманки, аслида мен яратишни истаган қўшиқлар бугунги кунда жаранг сочишни бошлади, премъераси кутилаётганлари ҳам бор. Мен истаган йўналишдаги қўшиқларга эса мўйловли Шоҳжаҳон тўғри келмас эди. Шунинг учун имидижимга бироз ўзгартириш киритдик. Бугунги яратадиган қўшиқларим 35 ёшдан кичик бўлганларга мўлжаланган. Рок-н-ролл элементлари қўлланилаётган янги қўшиқларимни эски шинавандаларим тушунмай қолишадими дейман-да. Тез кунларда янги альбомдан жой олган “Гўзалим” қўшиғи эфирларга узатилади. Бу қўшиқ миллий йўналишда эмас, у ёшларбоп жанрда. Нима демоқчилигимни мухлислар қўшиқни тинглаганда билиб олишади. 

— Бу йўналиш тингловчилар томонидан яхши қабул қилинишига ишонасизми?

— Юз фоиз ишончим комил.

— “Гўзалим” қўшиғининг клипида илк бор ўзингиз роль ижро этдингиз.

— Ҳа, чунки қўшиқнинг стили ана шу нарсани тақозо қилади. Уни ўзим куйлаб, ўзим роль ўйнамасам, клипнинг маъноси бошқа актёр мен  истагандек кўрсатолмасди. 

— Кинолардан таклиф тушса, роль ўйнашингиз мумкинми?

— Йўқ. Балки эпизодларда ўзимнинг феълимга яқин роль бўлса, ижро этишим мумкин. Бироқ, кино олами мен учун эмас. 

—  Қандай қўшиқлардан илҳомланасиз?

— Бу ҳақида гапирмайман. Чунки интервьюни ўқиганлар нимадан илҳомланишимни билиб олишини истамайман. 

— “Сўнгги пушаймон ўзингга душман” деган нақлнинг исботини ҳаётингизда кўрганмисиз?

— Жуда кўп бора ҳаётимда ўз аксини топган. Сабаби табиатан ишонувчан инсонман. Бирор илтимосимни бажарган инсонга қаттиқ боғланиб қоладиган одатим бор. Бу заиф тамонимни ўзимга қарши қўллаганлар кўп бўлган. 

— Ўзингизни ёлғиз ҳис қилган пайтларингиз ҳам бўлганми?

— Мен аксинча ёлғиз қолишни истайман.

— Эътибордан чарчаганмисиз?

— Йўқ. Жуда асабий одамман. Жаҳлим чиққанда, кайфиятим бўлмаганда, ёлғиз қолишни истайман. Бундай вазиятдан сукунат билан чиқиб кетаман.

— Бахтингизни бутун қилиб турганлар ҳақида гапириб берсангиз. 

— Инсонни тўлақонли бахтли қилиши мумкин бўлганлар бу унинг оиласи, фарзандлари ва севимли иши деб ўйлайман. 

— Фазандларингиз ҳақида гапни давом эттирсак...

— Нега? Келинг яхшиси бошқа мавзуга ўта қолайлик. Шахсий ҳаётимни муҳокама қилиб ўтириш ниятим йўқ. Санъаткорнинг санъати қизиқ бўлсин...

—  Яхши. Болаларингизнинг қайси саволларига жавоб тополмагансиз?

— (Ўйланиб) Болаларим кўп савол бермайди-ку, лекин жуда ажойиб гаплар ўйлаб топишади. Мисол учун куни кеча қизим ёнимга келиб “Дада, юринг оймомони кўрамиз” деб қолди. Юр, деб қўлимда кўтариб, ҳовлига чиқдим. “Ана оймомони қаранг, осмонга ёпишиб турибти” дейди.  Ишонасизми, бундай ўхшатишни мен шеърларда ҳам учратмаганман. Аммо насиб қилса келажакда ижодимда бу ўхшатмани, албатта қўллайман.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. 

— Таклиф учун сизлардан миннадорман!

Теги: Шоҳжаҳон Жўраев заиф томонлари ва б

Всего комментариев: 0
avatar