Главная » 2016 » Август » 4

“Ўз айбим билан икки бора талаба бўлдим...”


  • Admin
  • 04 Авг 2016(20:41)
  • 627
  • 0

Мактублар... Гоҳ дарддан, баъзан қувончдан, айрим пайтлар ғалат кечмишлардан сўзлайди. Қалбимизга илиқлик, ифтихор, ҳатто фахр туйғусини ҳам беради улар. Чунки ҳар бири қайсидир мақоланинг акси, қайсидир саҳифанинг садоси. Ушбу хатни қўлимизга олганимизда ҳам уни йўллаган мухлисимиз Санжар Ғиёсовдан миннатдор бўлдик. Чунки кўпчилик учун сабоқ бўлгулик воқеани ёзиб юборибди... 

Дунё сизга турли туҳфалар тайёрлайди. Бир кун бахтингизни тортқилаб олиб қўйса, эртасига кутилмаган омад билан довдиратиши ҳам мумкин. Лекин ҳеч нарса беиз кетмайди. Ниманингдир ортидан нимадир топасиз ё йўқотасиз. Мен сизга сўзлаб бермоқчи бўлганларимга ҳам нақ ўн йилча бўлди. Шу дамгача юрагимда сақлаганман. Энди негадир айтгим келди...

Мен сизга айтсам, ўқишга кириш учун нақ уч йил ҳаракат қилганман. Ота-онам ажрашиб кетганлиги боис, оиласиз кемтик, ҳар томонлама кўмакка муҳтож эди. 

Онам бечора ҳар куни биз болаларининг ризқини топиш учун курашарди. Мактабни битиргач, мен қанотига киришга ошиқдим. Лекин онам унамади.

—  Сен ишонган тоғим, суянчимсан, — деди онам катта умид билан. — Келажакда бор оғиримни енгил қилишингга, укаларингга ҳам, менга нажот йўли бўлишингга ишонаман. Шунча қийналдим, майли, яна тўрт-беш йил қийналсам, қийналарман. Ўтмайдиган кун бор эканми, ўтади-кетади. Сен пул топишга уринма, яхшиси, тайёрлан, ўқишга кир. Сенинг ҳам, менинг ҳам юзимни ёруғ қиладиган, келажагингни ёритадиган бирдан бир нарса ўқиш.

Мен ўзимча вақтни чамаладим. Тайёрламан, деб китоб қучоқлаб ётсам нақ етти уйда ётарканман. Кейин ўқиша кира олсам хўп-хўп, кира олмасам-чи? Яна бир йил онамга дардисар бўламанми? 

Эътироз билдирмоқчи бўлдим. 

Йўқ! Онам унамади. У кишини фақат менинг ўқишим хурсанд қилишини айтиб, оғиз очгани ҳам қўймади. 

Ноилож мен ўқишга мустақил тайёрлана бошладим. Ҳар куни қийналиб онамнинг бозордан пул топиб келаётганини кўрсам, жуда қаттиқ ўқишим лозим эканлигини икки карра ҳис қилардим. Ўқишдан “йиқилиш” ҳақида ўйласам эса, даҳшатга тушардим. Бу хаёллар юрагимга қўрқув солиб, муккадан кетиб ўқишга ундарди. 

Ишонсангиз, уйдан бир қадам жилмай, китобдан бош кўтармай яшай бошладим. Ниҳоят, биз кутган кунлар ҳам келди. Ўртоқларим билан ҳужжат топширгани бордик.

—  “Х вариант” чиқиб кетаркан. Ўқиганинг бир пул. Ким ўшани сотиб олса, ўттиз олтитадан уриб чиқса, юрибсан-да, энг кам бал тўплаган қаторидан жой олиб, — деди бир синфдошим.

—  Э-э-э, йўллари кўп. Бизга ўхшаганлар қолиб кетадими, деб қўрқаман... — деди бошқаси. 

Менинг юрагимда ҳадик пайдо бўлди. 

“Агар йиқилсам, нима қиламан? Онамга нима дейман? Яна бир йил китоб қучоқлаб ётаманми, уйда?” — дейман ваҳимага тушиб. 

Шунданми, қидириб-қидириб факультетлар орасида энг паст мавқедагисини топдик. Ҳужжат топширувчилар ҳам кам экан. Нима бўпти? Онам фарқлаб ўтирибдими? Ўқишга кирдингми, кирдинг! Зўр-ку, агар кириб кетсам...

Бироз таскин топгандек бўлиб, ҳужжатларимни топширдим. 

“Бу ерга топширганларнинг ҳаммаси менга ўхшаб, таваккал қилаётганлар бўлса, албатта ўқишга кираман...” — ўзимни овутаман. 

Ниҳоят имтиҳон куни ҳам келди. Ҳаяжон билан кирдим. Берилган тест вариантларига кўзимни югуртираман. Ҳаммаси таниш жумла ва саволлардек туюлади. Лекин негадир жавобини билмайман. Шу тикиламан, қани тўғри жавобни топа олсам? Қаёққа кетди шунча ўқиганларим?

Амал-тақал қилиб бўяб чиқдим. Кўнглим ҳам ўша бўялган жой каби сиёҳ. Дилим сўниқ. Дилгир ва танг аҳволда эдим. Шундай бўлса-да, нимагадир умид қиламан. 

—  Менинг болам талаба бўлади! — ҳозирдан ғурурланади онам. 

Мен ерга киргудек бўламан. Ичимда нега мунча ғулғула борлигини ўзим ҳам тушунмайман. Ҳар куни кўрган тушларимни таҳлил қилгим келади. 

“Қани эди тушимда тоққа чиқсам, қани эди қандайдир қуш тутиб олсам...”

Бувимнинг болалигимда айтиб берган туш таъбирларига негадир жуда ишонаман. Айтишларича, тушингда баланд жойга чиқсанг, мартабанг улуғ бўлармиш. Ёки бўлмаса бирор нима тутиб олсанг, омад эмиш.

Мен эса тушимда нуқул онамнинг ёнида бўламан. Гоҳ кимгадир нимадир сотаётган бўлсам, баъзида сота олмай ҳуноб бўлаётган бўламан. Лекин ҳеч тоққа чиқмадим, ҳеч қуш овламадим.

Бувим ҳақ экан. Тушимда тоғ ва қуш насиб қилмагани каби ўқишга кириш ҳам тақдир қилмади. 

Мен-ку майли, бу хабарни эшитганида онам мендан ўн, юз эмас, минг чандон кўпроқ ғамга ботди. Мен жуда эзилдим. 

Лекин онам мендан кўра кучлироқ, иродалик экан. Дарҳол ўзини қўлга олди:

—  Демак,мкам ўқибсан! Қани кир хонангга!

Мен яна бир йил ўқишга маҳкум бўлдим. Ўқиганим сари илтижо ҳам қилардим, Аллоҳга: “Эй, Худо шу йили нима юўлсаям кирай, йўлимни бер...”

Ётиб олиб ўқидим. Афсус, яна талаба бўлиш насиб қилмади. 

—  Ойи, ўқишга кириш пуллик экан! Мен бирибир кира олмайман. Яхшиси, сизга ёрдам бераман. Пул топаман! Шундан фойда! — дедим йиғлагудан бери бўлиб. 

Онам яна сўзида турди: “Ўқийсан, дедимми, ўқийсан!”

Мен яна уйдан чиқмай ўқий бошладим. Дуо ўқишни, тилак тилашни ҳам канда қилмайман! Бошқа-бошқа китобларни ҳам варақладим. Мактабда ўтган ҳамма мавзуни ўқиб, ёдлаб чиқдим ўзиям.

Шунчалар жонимни бериб ўқидимки, бу йил ҳам йиқилсам, онам адо бўлишини яхши билардим. Онамни жуда хурсанд қилгим келарди. Шукрки, бу галги имтиҳонда кўнглим тўлгандек бўлиб чиқдим. Ҳар қалай ечишга қийналмадим-ку!

“Худойим, ишқилиб “контракт”га тушиб қолмайда”, дея ният қила бошладим энди. Ниҳоят тестнинг жавоблари ҳам чиқди. Бориб, кўриб келишга юрагим дов бермайди. Ҳамма югургилаб кўриб келган бўлса, мен икки кун уни-буни баҳона қилиб бора олмай ётдим. Учинчи куни тушга яқин мажбурликдан зўрға кийина бошлаганимда, онам ҳовлиқиб югуриб кириб келди:

—  Қани менинг болам? Менинг талаба болам қани?

Қулоқларимга ишонмадим. Онам севинганидан йиғлаган, юраги тошиб мени изларди. Кўриши билан баттар йиғлай бошлади. Мен қотиб қолдим.  Онам эса қучоқ очиб, шивирлади: — Талаба болам кел! Табриклаб қўяй!

Ишониб-ишонмай онамнинг ёнига бордим. Бағрига босиб, ўкраб юборди онам. Мен ҳам йиғлади. Укам ва синглим ҳам йиғлашга тушди.     

—  Бюджетга кирибсан, болам! Юрагинг дов бермаётганини билиб, ўзим бориб кела қолдим... — деди онам бағридан қўймай.

Гарчи ишонмаётган бўлсам-да, онамга раҳмат айтдим. Ўша заҳоти йўлга отланиб кўриб келдим. Чин! Чиндан-да, мен талаба бўлган эдим. 

Мана, ниҳоят бахт қуши ҳам қўнди, бошимга, дея теримга сиғмасдим. Ўқиш ҳам бошланди. Онамни хурсанд қилишни истаганим учун жонимни бериб ўқидим. Аъло баҳоларга “зачёт”ларни топшириб, аъло баҳога бериладиган энг баланд стипендияни оладиган бўлдим. Бундан ташқари, тушдан сўнг у ер, бу ерда ишлаб пула ҳам топа бошладим. Бу онамга ёқмасди:

—  Сен пулни деб чалғима! Яхши ўқишинг керак! 

Менинг ҳам шунинг пайида эдим. Лекин пул топгим, онамга ёрдам бергим ҳам келарди-да! Шу илинжда, бир талабанинг гапи билан яна худди абитуриентлардек тайёргарлик кўра бошладим. Тест синовлари куни эса шайтоннинг гапига кириб, ўзимга ўхшашиб кетадиган бир абитурентнинг ўрнига тест синовларига кирадиган бўлдим. Пулини келишдик. Агар омадим чопса, онамнинг бир йиллик даромадини нақд  оламан! Роса хурсанд бўлса керак. Ширин хаёллар оғушида тест синовга киришга тайёргарлик кўрдим. Барибир оёғимда титроқ, юрагимда қўрқув бор эди. Бежизга эмаскан. Шундоқ эшик олдига келдим. Текширувчи қўлимдаги ҳужжат ва юзимга қаради. Ҳеч бир шубҳасиз киритиб юборди. Қийқириб юборай дедим. 

“Беадад шукр! Ана, пул топадиган, онамни ҳайратга соладиган бўлдим...”

Шу хаёлда бино томон қадам ташлаганимни биламан, қаршимдан деканимиз чиқиб қолса бўладими? Тамом!

Аъло баҳоларга ўқиган йигит сифатида мен барча домлаларнинг эътиборига тушган, шу жумладан деканимиз ҳам яхши танирди. У нима қилиб юрганимни суриштирди ва қўлимдан етаклаб...

Хуллас, ялиниб-ёлворишларим эвазига менга жазо — ўқишдан ҳайдалиш бўлди! Бу энг оғир жазо эди, мен учун.

Ўзимдан ўтганини ўзим билдим. Ўқишда юрибман, деб ҳаммани алдадим. Аммо қайтадан тайёргарлик кўра бошладим. “Йиқилишдан” жуда қўрқардим. Бир йилим куйди. Пушаймон ва афсусимнинг чеки йўқ! Бунга чидаб бўладими? Аммо иложим қанча? Ўзим пиширган ош!

Кейин яна ҳужжат топширдим. Аввалги факултьтетимдан яхшироғига. Тест куни ҳам жон-жаҳдим билан бор билимимни ишга солдим. Жавоблар чиққунча эса, адойи тамом бўлдим. Минг тавбалар қилдим, гуноҳларимга. Шунчалар чиранибманки, энг юқори балдан кейин учинчи бўлиб ўқишга кирибман. 

“Эсиз, ҳозир иккинчи курсни битирган бўлардим..” деб қўяман куйиниб. Тағин ўзимни овутаман: “Шукр қил, мана яна қайта кирдинг-ку! Кира олмасанг нима бўларди?”

Ўша-ўша қинғир ишлардан қўлимни тийдим. Ҳалолликка, тўғри яшашга аҳд қилдим. Бунинг барчага сабоқ бўлишини истардим. Қинғир йўл ҳеч қачон яхшилик келтирмайди...

Теги: “Ўз айбим билан икки бора талаба бў

Всего комментариев: 0
avatar