Главная » 2016 » Май » 19

Ўзбек кино тарихида қоладиган тарихий фильм яратилди


  • News
  • 19 Май 2016(10:26)
  • 570
  • 0
17 май куни Алишер Навоий номли киносаройида узоқ кутилган “Ойқиз эртаги” фильмининг журналистлар учун ёпиқ тақдимоти бўлиб ўтди.

Ажойиб маҳорат, ижро, режиссёрлик иши, хуллас кино санъатига зарур бўлган барча-барчаси “Ойқиз эртаги”да мужассам. Бу фильм эртак жанрида яратилганлиги учун эҳтимол катта ёшдагилар бориб кўришни лозим топмас, бироқ бир нарсани айтиш мумкин бу кинобарча ёшдагилар учун бирдай қизиқ.

Акбар Бектурдиев режиссёрлигида суратга олинган мазкур фильмда қизиқарли афсона ва ривоятларга асосланган ҳолда Ватанни севиш, унинг дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, садоқат, мардлик, ҳалоллик сингари эзгу ғоялар акс эттирилган.

“Ойқиз эртаги” бадиий фильми кескин саҳналарга бой бўлиб, қизиқарли ва ўткир сюжет, шунингдек, махсус эффектлар орқали актёрлар ижросидаги хилма-хил, мураккаб ҳаракатлар ва характерлар очиб берилган.

Фильмда Саранг мамлакатида бўлаётган воқеалар ҳикоя қилинади. Мамлакат ҳукмдорининг қизи Ойқиз образида актриса Юлдуз Ражабова намоён бўлади. Шоҳнинг жодугар малика – Феруза Собитовага кўнгил қўйиши салтанатни пароканда қилади, бунинг оқибатида Ойқиз болалигида ёвузларнинг қўлида қолмаслиги учун ўз салтанатини ташлаб қочишга мажбур бўлади. Ойқиз болалигида йўқолган дўсти Жонбоз (Йигитали Мамажонов)ни топиш мақсадида жангчи бўлишни мақсад қилади. Ўз мамлакатидан узоқда яшаётган Ойқиз ва Жонбоз ўзларининг мамлакатлари ва манқуртларга айланган ҳалқни ёвуз кучлардан озод этишга киришишади. Фильмдаги жанговор трюклар актёрларнинг ўзлари томонидан моҳирона тарзда бажарилган. Фильмдаги башоратчи Дилбар Икромованинг мунажжим образи ҳам моҳирона ижро этилган.

Хуллас ҳақиқий маънода мега блокбастер! 1,6 миллиардлик бюджет юз фоиз ўзини оқлаган! Актёрларимизнинг маҳоратига яна бир карра амин бўлиш мумкин!

Саранг ўлкасининг афсонаси бўлмиш "Ойқиз эртаги"ни албатта бутун оила аъзолар билан бориб кўриш тавсия этилади.

Хулоса ўрнида, ўзбек кино ижодкорлари томонидан тарихда қоладиган тарихий эртак фильм яратганини ишонч билан айтиш мумкин.

Фильм ижодкорлари:

Сценарий муаллифи: Муҳаммад Давлатиллоҳ, Акбар Бектурдиев

Саҳналаштирувчи режиссёр: Акбар Бектурдиев

Саҳналаштирувчи оператор: Дилмурод Турдибоев

Саҳналаштирувчи рассом: Акмал Саидов

Бастакор: Димитрий Янов-Яновский

Бош ролларда: Йигитали Мамажонов, Юлдуз Ражабова, Хайрулла Саъдиев, Маъруф Отажонов, Феруза Собитова, Алихан, Дилбар Икромова ва бошқалар.

ФАКТЛАР

Фильм бюджети: 1,6 млрд. сўм.

Фильм “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан “Ўзбекфильм” киностудиясида тарихий эртак (фентези) жанрида 4K ва Dolby Surround 5.1. форматида суратга олинган.

Фильмнинг кенг жамоатчилик учун премьераси 19 май куни соат 17:00да Республика Киночилар уйида ҳамда соат 18:00да Алишер Навоий номидаги киносаройда ташкил этилади.

20 майдан эътиборан эса юртимиз кинотеатрларида намойиш этилади.

Теги: Ўзбек кино тарихида қоладиган тарих

Всего комментариев: 0
avatar