Главная » 2016 » Октябрь » 4

Жаҳонгир Отажонов тўйга қимматга чиқиши сабаблари ва концертдан оладиган фойдаси ҳақида


  • Admin
  • 04 Окт 2016(16:23)
  • 916
  • 0

Жорий йилнинг июнь ойида “Истиқлол санъат саройида ўзининг “Иштибоҳ” номли яккахон концерт дастурини тақдим этган хонанда Жаҳонгир Отажонов орадан 4 ой ўтиб ўзининг янги концерт дастуриҳақида эълон қилди.

Куни кеча пойтахтимизнинг “Ёшлар ижод саройи”да хонанда янги концерт дастури олдидан журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

Хонанда тадбир давомида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берар экан бир йил ҳисобидан нима сабабдан иккинчи концертни тақдим этишга жазм қилгани ҳақида гапирди:

“Сўнгги 15-20 йил давомида ижод қилаётган санъаткорлар бир неча кунлаб концерт беришаётганини гувоҳи бўляпман, тўғриси, мен ҳам айнан шундай қилгим келади, лекин уч кундан кейин овозимнинг сифати қочишни бошлайди, шу сабабдан бундан кўп концерт бермайман. Тўғри овозни сифати қочаётганини мухлис сезмаслиги мумкин, лекин ташриф буюраётган томошабинни сифатсиз маҳсулот билан алдай олмайман. Шу сабабдан ёзда берган концерт дастуримдан сўнг, янги ашулалар ёза олсам кузда яна концерт қиламан, шунда мен ҳам бир йилда 5-6 кун концерт берган бўламан, деб ният қилгандим. Агар насиб қилса кейинги дастуримни март ойида ҳам мухлисларимга ҳавола этаман. Кейинчалик эса ҳар чоракда концерт бериб, мухлисларим билан учрашиш ниятим бор.”

Маълумки, Жаҳонгир Отажонов тўй хизматларига қимматга чиқадиган санъаткорлардан бири ҳисобланади, бунинг сабабини эса у қуйидагича изоҳлади:

“Тўйга ҳам айнан мана шу сабабли қиммат нарх айтаман, биринчидан меҳнатим оғир, иккинчидан нархни қиммат айтганим ҳисобига тўйга камроқ бораман, яъни атайлаб тўйларим камайиши учун нархни қиммат қўйганман. Агар тез-тез тўйга чиқадиган бўлсам овозимнинг сифати қочади, кейин фонограмма куйлашга мажбур бўламан, мени жонли ижро айтади деб чақирган одам эса бундан оғриниши мумкин. Шу сабабдан сунъий равишда нархимни баланд қилганман.

Тўйга кам чиққаним сабабли шоу-бизнесдаги ҳаражатларимни қоплаш учун концертдан пул тушириш ниятим бор.”

Аксарият санъаткорлар концертдан фойда олмаслигини айтганини гувоҳи бўлганмиз, бироқ Жаҳонгир Отажонов бунинг аксини таъкидлади:

“Тўғри концерт ҳаражатлари кичкина эмас. Қилмаслик иложсиз бўлган ҳаражатлари бор. Мени олдимга қўйган аниқ стратегия бор: концертимга тушган мухлис кейинги концертимга ҳам келишини ҳисобга оламан ва шунга интиламан. 2 кунда 8 минг одам тушса яна шунча одам кейинги сафар ҳам қайтиб келиши керак, бунинг учун эса кирган томошабин концертдан маънавий озуқа, лаззат олиб чиқиб кетишини таъминлаш шарт.

Концерт фаолиятимни бошлаганимга 5 йилдан кўп вақт бўлган бўлса, айтишим мумкинки, концертларимдан ўзига яраша фойда кўрсам кўраманки, зарар кўрмайман. Бунинг сабаби эҳтимол рекламага катта пул сарфламаганимдадир. Реклама қилмаганимнинг сабаби рекламага муҳтож эмаслигимдамас, албатта. Шунчаки юқорида айтганимдай концерт қилаётганимда аввалги концертимга тушган одам албатта келишига ишонаман.

Дунё сахналаридаги концертларни кузатинг, у ерда асосий мақсад куй билан, санъат билан ўтирган мухлисни сеҳрлаб қўйиш. Бунинг учун албатта инсон ўзига ва санъатига ишониши керак. Концертга тушган 4000 томошабин 2 соат жонли ижродаги концерт тугаб қолганини сезмай қолиши керак. Коцнертимдаги янгиликларга тўхталадиган бўлсам, асосан бу янги қўшиқлар, режиссёрлар билан ишламайман саҳнада ички туйғуларимга ва ўз ғояларимга ишонаман ва улар асосида иш тутаман, олдиндан сценарий ҳам бўлмайди. Олдиндан сценарий тузиб, унинг асосида ҳатти-ҳаракат қилиш учун актёр бўлиш керак, менда эса актёрлик қобилияти йўқ. Менда асосан импровизация. Баъзида мусиқачиларим ҳазиллашиб “асбобларниям ўзиз чалақолинг” деб кулишади. Мухлисларимга бера оладиганим фақат янги тароналарим, санъатим. Менинг мухлисларимга ҳам фақат шу керак деб ўйлайман.”

Эслатиб ўтамиз, хонанда Жаҳонгир Отажонов 28-29 октябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида ўзининг янги “Куз гуллари” деб номланган жонли ижродаги концерт дастурини тақдим этади.

 

Теги: Жаҳонгир Отажонов тўйга қимматга чи

Всего комментариев: 0
avatar