Главная » 2016 » Апрель » 25

Жим-м-м, қизим ухлаяпти!


  • Admin
  • 25 Апр 2016(10:05)
  • 309
  • 0

Куни бўйи бир ўзи уйда ўйнаб зериккан икки ёшли қизим ишдан келишим билан оёғимга осилади. “Опане”, “опане” дейди. Бу “мени кўтаринг”, дегани. Қанчалик хорғинлик сезмай, кун бўйи дадасини кутган қизимни кўтариб, ўйнатишдан чарчамайман. Гоҳида ўн иккигача ҳам ўйнаб чиқамиз. Охири қўлимда кўзчаларини уйқу элитади. Бу пайтда эса ўзим ҳам “накдаун” бўлиб, “кўзга гугуртчўп тираб”, аранг уйқудан ўзимни ушлаб турган бўламан. 
Ошхонада идишларнинг тарақ-туруқи эшитилади. Қизим кўзларини очади. Онасининг эҳтиётсизлигидан жахлим қайнайди. Яхшилаб танбеҳ бергим келади... 

Яна қизимни аллалашга тушаман. Тезроқ ухласаю ёстиқни қучоқлаб, уйқу денгизига чўкиб кетсам...
Шу пайт ташқарида машинанинг сигнализацияси чалинади. Қизим яна безовталанади. Мен тишларимни ғичирлатиб, машина эгасини ичимда бўралаб сўккан бўламан. Бориб, деразани зичлаб ёпаман. Шовқин тингач, қизим яна уйқуга кетади...

“Тиқ” этган товуш эшитилмаслигига тиришаман...

Ниҳоят қизим бир маромда, жимитдек буринчаларидан нафас олиб, уйқуга кетади...

Мен буни шунчаки ёзмадим. Шунчаки бекорчиликдан битмадим...

Ана шундай кунларнинг бирида, уйқум ўчган кезларда ўйлаб қолдим:

Бир пайтлар суриялик, ироқлик ва бошқа жаҳаннам ўчоғига айлантирилган мамлакатлардаги Оталарнинг ҳам шундай ширин ташвиши бўлган. Улар ҳам аёлининг турли арзимас шовқинлари фарзандлари уйқусини ўчирганда ёхуд машинанинг овозидан ғазабланган...

Бугун-чи? Жажжиларининг қулоқлар шовқинларга, беғубор кўзлари қип-қизил қонга ўрганди...

Энди у оталар биз каби шунчаки деразани ёпиш билан ташқаридаги шовқин-суронни тиндира олмайди... Интернету телевизорда кўрган тасвирлар кўз олдимдан ўта бошлайди:

Боласининг бомбадан сочилиб кетган танасини қучоқлаб, фарёд чекаётган, ҳеч нарса қўлидан келмаётган ғариб Оталар...

Денгизга ғарқ бўлган боласини қутқариб қолишга ҳоли келмаган ғамнок, ғазабнок, аламзада Оталар...

Тинч жой излаб, ота-бобоси минг йиллардан буён яшаб келган қадрдон юртини ташлаб, болаларини елкасига кўтариб бораётган жўмард Оталар...

Қорни овқатга, кўзи уйқуга, қалби ҳаловатга тўймаган жафокаш Оталар...

* * *

-Дадаси, ҳалиги...

-Т-с-с-с, қизим ухлаяпти!

Муслим Мирзажонов.

Теги: Жим-м-м, қизим ухлаяпти!

Всего комментариев: 0
avatar