Главная » 2016 » Август » 11

Зиёда Қобулова: «ШУ ПАЙТГАЧА УСИЗ ҚАНДАЙ ЯШАДИМ ЭКАН?»


  • Admin
  • 11 Авг 2016(17:21)
  • 471
  • 0

Кейинги пайтда муштарийларимиздан Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобулованинг ижоди ва шахсий ҳаётига оид кўплаб саволлар олдик. Бу қи­зиқишлар замирида эса фикр­лар хилма-хиллиги, эътирофу эътирозлар мавжуд. Табиатан самимий Зиёдага мухлисларни қизиқтирган саволларни бердик.  

Ишонч муҳаббатдан

устунми?

- Зиёда, оила қурганингизга ҳам тўрт йил бўлди. Бу муддат ичида рафиқа ва аёл сифатида нималарни англадингиз? Сизнингча, оилангизда муҳаббат устунми ёки ишончми?

- Ёшликнинг ҳам ўзига яраша гашти бор. Лекин қиз бола ўз вақтида оила қуриши керак экан. Турмушга чиқиб, болали бўлгач, қандай қилиб шу пайтгача фарзандимсиз яшаган эканман, деб ўй­лаб қол­дим. Чунки она бўлганимдан кейин ҳаётнинг мазмунини анг­лагандек бўлдим. Қизлар бахтли бўлиш ҳақида орзу қилади, лекин она бўлгачгина ўша бахтга эришишини англадим. Бизнинг оилавий муносабатларимизда ишонч устун. Чунки ишонч бор жойда, муҳаббат ва садоқат бўлади.

- Оналар доим фарзанди саломатлиги учун қай­ғуради. Сиз болангизга биринчи тиббий ёрдамни кўр­сата оласизми?

- Онаман, кўп вақтимни болам билан ўтказаман. Хизматларга кетганимда эса уни опа-сингилларимга қолдираман. Ўғлимга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш эса қўлимдан келади. Соғлиги ёмонлашса, қў­лимдан келганча ҳаракат қиламан.

- Бола тарбиясида кўпроқ нимага эътибор берасиз? Сиз ҳавас қилган ва келгусида фарзандларингиз унга ўхшашини истаган инсон борми?

- Мен доим отамга ҳавас қилганман. Фарзандларим отамга ўхшаса, дейман. Бола  тарбиясида эса меъёрни ушлашга ҳаракат қи­ламан. Ҳозир ўғлим кичик, олти ёшдан ке­йин унга қўядиган талабларим бор. Барча айтган нарсасини олиб бермайман, чунки айтганини бажараверсам, талтайиб кетиш билан бирга чидамсиз бўлиб қолади. Мен болаларим кўзи тўқ, чидамли ва курашувчан бўлишини истайман.

«Қўлингиз ширин-да,

 онаси…» 

- Хизмат сафарлари, тадбирлар, ижоддан ортиб, ошхонада янги таом ёки салат кашф этишга вақтингиз бўладими? Ёки қаҳвахона, ресторанларда ов­қатланасизми?

- Деярли ҳар куни ошхонада салат, овқатлар тайёрлайман. Чунки буни турмуш ўртоғим талаб қилади. Тўғри, баъзан хизмат сафарларидан чарчаб қайтсак, ресторанда оилавий овқатланамиз. Лекин бу жуда камдан-кам бўлади. Хў­жайиним «Ўзингнинг қўлингдан овқат ейлик», дейди.

- Уйингизда хонаки гул ўстирасизми? Турмуш ташвишларидан, ижоддан холи пайт­да ўзин­­­­­­гизни чал­ғитувчи бирор хоббингиз борми?

- Қизлик уйимда опа-сингилларим билан хонаки гул ўстирардик. Лекин ҳозир бунга имконим йўқ. Чунки гулларга сув қуйиб туришим, парваришлашим учун кўп вақтимни уйда ўтказишим керак. Мен эса кўпроқ хизмат сафарларида бўламан. Хоббимга келсак, бўш вақтим бўлса, албатта, рақсга тушаман. Рақс тушсам ҳамма нарсани унутиб, маза қиламан.

«Сирлашишга вақт қани?»

- Айрим аёллар бор, барча сирини турмуш ўртоғи билан баҳам кўради. Баъзилар эса эрига сездирмасликка уринади. Ташқаридан кучли ва шаддод кўринган Зиёда рафиқа сифатида қандай йўл тутади?

- Кўпинча  онам билан маслаҳатлашаман. Турмуш ўртоғим билан ҳаммаслаҳатлашаман,  у киши фақат тўғри маслаҳат беради. Эр-хотиннинг орасида сир бўлмаслиги керак, дейишади-ю, бироқ ҳам­ма гапни ҳам турмуш ўртоғингизга айтиш тўғримикин? Мен турмуш ўртоғимни аяйман.

- Одатда овсинлар сирдош бўлишади. Овсинингиз  билан сирлашиб турасизми?

- Бир овсиним бор, бироқ ижоддан, оиладан ортиб, сирлашишга сира вақтим бўлмайди.

- Турмуш ўртоғингиз билан орангизда келишмовчиликлар бўлиб турадими? 

- Иккимизнинг ўртамиздаги келишмовчилик асосан рашк туфайли келиб чиқади. Тўй­ларда, хизмат сафарларида мух­лисларим келиб биргаликда суратга тушмоқчи бў­лади. Бундан турмуш ўртоғимнинг рашки келиб, жаҳли чиқади. Қарабсизки, келишмовчилик келиб чиқади-да. Лекин менга турмуш ўртоғимнинг рашк қилиши ёқади.

- Бироқ аксарият келишмовчиликлар оиладаги пулни тежаш ва даромад борасида бў­лади. Оилангизда ким тежамкор, эрингизми ёки сиз?

- Иккимиз ҳам тежамкормиз. Беҳуда нарсаларга пул сарфлашни ёмон кўрганим учун мен кўпроқ тежайман.

 «Ёқмаса котта кўча», нима дегани?

- «Яхши қол» қўшиғингизда ҳуштак чалганингиз ва клипдаги қаҳрамон Асалнинг «Ёқ­маса котта кўча», деган гапи кўпчиликка эриш туюлди, бу борада танқидлар ҳам бўлди. Бунга ўзингизнинг муносабатингиз қандай?

- Тўғри, бу қўшиққа нисбатан танқидлар бўлди. Лекин  тингловчилардан бу ҳазиломуз қўшиқ эканини унутмасликларини сўрардим. Уларга яхши кайфият улашиш учун шу қўшиқни яратдик. Бизни асосан ёшлар тинглагани ва ўзим ҳам ҳали ёш бўлганим учун шундай қўшиқ куйладим. Менимча, буни жиддий эмас, ҳазиломуз тарона деб қабул қилиш керак. Ҳуштак ҳам қў­шиқни бойитиш ва кайфиятни кўтариш учун чалинган.

- Айтайлик, бир шеър ёқиб қолди. Лекин уни куйлашингизни турмуш ўртоғингиз ва ижодий гуруҳ истамаяпти. Қўшиқ яратишингиз борасида охирги фикрни ким айтади?

- Тўғрисини айтсам, уни барибир куйлайман. Авваллари атрофимдагиларнинг фикрига эътибор бериб, ўзимга ёқса-да, куйламаслигим мумкин эди. Лекин энди ўз истакларимга қараб иш тутаман. Ижодкор юрагидагини куйлагиси келяптими, яхшиси, унга халақит бермаслик керак. Чунки айнан ўша қўшиқ тингловчига ёқиши мумкин.

- Ижтимоий тармоқларда хонанда Дилсўз билан «Уйланасизми-йўқми?» номли қў­шиқни деб келишолмай қол­­­­­га­нин­гизга кўзим тушди. Бу ҳа­қида ўзингиздан эшитмоқчийдим.

- Бу саволга жавоб беришни истамайман.

«Умрбоқий қўшиқларингиз қани?»

- Кейинги пайтда асосан севги-муҳаббат тўғрисида, тўйбоп қў­шиқлар куйлаяпсиз. Бошқа мавзуларда ҳам жиддий қўшиқлар яратишни ўйламаяпсизми? 

- Айни кунларда мумтоз қў­шиқлардан куйлашни ният қилиб юрибман. Фақат севги мавзуси билан чекланмай, она, ватан, атрофимиздаги нотинчликлар тўғрисида қў­шиқлар яратиш устида ҳаракат қи­ляп­миз. Қандай қўшиқ яратаётган бўл­сак, мухлисларнинг талабидан келиб чиқяпмиз.  Ҳали ёшман, ижодимда ўлмас қўшиқлар яратишга улгураман, деб ўйлайман. Умрбоқий қўшиқлар яратиш учун тажриба ва вақт керак бў­лади. Балки менга ҳаё­тий тажриба камлик қилаётгандир.

- «Севгимизнинг кў­часида» қўшиғингизни эшитиб, бўса олиш оҳангидаги овозингиздан тўғриси ажабландим. Кейинги пайтда аёл хонандаларимизнинг қўшиқларида ўл­дим-куйдим, соғиндим каби очиқ-ойдин изҳорлар кўпайиб кетмаяптими?

- Юқорида айтганимдек, бугун мухлисларнинг талабидан келиб чиқиб ҳазил­омуз қўшиқлар яратяпмиз. Қўшиқда у овоз бўса олиш эмас, балки қўшиқни бойитиш учун ўзгача бир товушдан фойдаланилди. Мен бошқа аёл хонандаларнинг ижодига фикр билдириб, уларни таҳлил қилишдан йироқман. Чунки мени қўшиқларимда ҳам бундай изҳорлар бор. Агар бу жиҳатлар тингловчиларга ёқмаётган экан, унда буни, албатта, инобатга оламиз ва узр сўраймиз.

 
 

Теги: Зиёда Қобулова: «ШУ ПАЙТГАЧА УСИЗ Қ

Всего комментариев: 0
avatar