Главная » 2016 » Январь » 21

1966 йилги Тошкент зилзиласи баҳорда такрорланадими?


  • News
  • 21 Янв 2016(23:46)
  • 586
  • 0
Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг маълум бир қисми юқори сейсмик ҳаракатчан, бошқа маълум қисмлари эса кам сейсмик ҳудудлардан иборат бўлганлиги учун Тошкент ва бир қатор ҳудудларда тез-тез кузатилаётган зилзилалар ҳақидаги миш-мишлар ҳамда ҳалқ орасида тарқалган югурди гаплар, Telegram ва Whatsapp каби мессенжерларда тарқалган хабарларга барҳам бериш мақсадида А. Г. Мавлонов номидаги Сейсмология институтининг “Регионал сейсмиклик ва сейсмикрайонлаштириш лабораторияси” мудири, профессор Турдиали Ортиқов билан суҳбат уюштирдик

Турдиали Ортиқов, Г. Мавлонов номидаги Сейсмология институти Регионал сейсмиклик сейсмикрайонлаштириш лабораторияси мудири, профессор:
— Ўзбекистон ҳудуди сейсмологик жиҳатдан мураккаб ҳисобланади. Юртимиз бир қанча глобал йирик плиталар – Турон плитаси, жанубдан Ҳиндистон плитаси, ғарбдан эса Араб плитаси ўзаро тўқнашадиган ҳудудида жойлашган.
— Охирги кузатилган зилзилаларнинг кўпчилиги Афғонистоннинг Ҳиндиқуш тоғлари ҳудудида, Тожикистон ва Афғонистоннинг чегаравий ҳудудларида содир бўлаётганига сабаб нимада?
— Марказий Осиё ҳудудида энг кўп зилзила Ҳиндиқуш ва Помир тоғлари атрофида бўлади. Чунки вақти-вақти билан янги тоғларнинг ўсиб чиқиш жараёни кузатилади. Ҳиндистон плитаси юртимиздаги плита остига кириб боради. Шунинг натижасида бизнинг плитанинг учи бироз кўтарилади. Ҳиндистон плитасининг пастга кириб бориш жараёни бир неча миллион йиллардан буён давом этиб келмоқда. Плиталарнинг ҳаракати натижасида, ҳаттоки 700 км чуқурликкача зилзила бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эса фақатгина ер қобиғида содир бўлади, холос. Ҳиндиқушда 750-800 км чуқурликда ҳам зилзила ўчоқланиши мумкин. Бундай ҳудудлар ер шарининг фақатгина 3 та жойида мавжуд. Бошқа жойларда эса сейсмик жараёнлар 80-200 км чуқурликда кузатилади.
— Зилзиланинг ҳаракатланиши, сейсмик ҳаракат йўналиши, ҳалқ тилида кўп айтиладиган зилзиланинг бориб-қайтиши ҳақида ҳам батафсилроқ маълумот берсангиз.
— Зилзила қайтиши деган гап фанда келтирилмаган. Зилзила ўчоғидан бўйлама ва сейсмик тўлқинлар пайдо бўлади ва ер қобиғида тарқалади. Ўша тўлқинлар ер сиртини тебратади. Бўйлама тўлқинлар фронтга перпендикуляр йўналишда ҳаракатда бўлса, кўндаланг тўлқинлар эса ҳаракат фронт бўйича бўлади. Бўйлама тўлқинларнинг кучи тахминан 1,7 марта кўндаланг тўлқиндан кучлироқ бўлади. Шунинг учун олдин бўйлама тўлқин ерни силкитади, ундан кейин кўнгдаланг тўлқин келиб урилганида одамларда қайтиши деган тушунча пайдо бўлади. Тақдиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, кўндаланг тўлқинларнинг келиб урилиши оқибатида талофатлар кўпроқ бўлади. Яқин ҳудудларда ер силкинса бўйлама кўпроқ сезилади, узоқ ҳудудлардаги зилзиланинг фақат кўндаланг тўлқини етиб келади, шу сабабдан унчалик кучли силкинишлар содир бўлавермайди.
— 1966 йилдаги зилзила яқин орада, умуман яқин 10 йил ичида такрорланиши мумкинми?
— Тошкент ҳудудини олсак, 1860 ва 1880 йилда 6.4 ва 6.7 магнитудали зилзилалар содир бўлган. Ўшанда Тошкент зилзиласидан бир неча баробар кучлироқ силкинишлар кузатилган. Ундан кейин эса 1936 йилда кучли зилзила, 1966 йилда Тошкент зилзиласи, 1980 йилда Назарбек зилзиласи бўлди. 2008 йилнинг август ойида эски шаҳар майдони яқинида 6-7 баллик зилзила бўлиб ўтди. Бу каби зилзилалар бизнинг ҳудудимизни тектоник ҳаёти, яъни ер қобиғининг ҳаракатидан ҳосил бўлади. Такрорланиши ҳақидаги гап-сўзлар эса маълум қисқа статистика асосида айтилган маълумотлар, холос. Минг афсуски, уларни аниқ билиш имконияти чекланган. Яна бир жиҳати шундаки, бизнинг ҳудуддаги зилзилаларнинг энг кучлиси неча баллга тенг бўлади деган саволга аллақачон жавоб топилган. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кучли зилзила 9 баллга тенг бўлиши мумкин. Шунинг учун қурилиш жараёнларида сейсмик харитага алоҳида эътибор қаратилади.

Маълумот учун, охирги 60 йил ичида Ўзбекистон ва унинг қўшни давлатлари ҳудудларида 95 та зилзила кузатилган бўлиб, шундан 42 таси Ўзбекистон ҳудудида содир бўлган. Ўтган 20 йилга эьтибор қаратсак, Ўзбекистон ҳудудида ва қўшни ҳудудларда кучли зилзилалар кам кузатилган. 2008 йилнинг август ойида 6 баллик ер силкиниши рўй берган эди. 2015 йилда 2 баллик кучсиз зилзила 6 маротаба, 3 баллик 3 маротаба, 5 баллик 1 маротаба қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг шу бугунига қадар 6 маротаба зилзила кузатилган эди. Шу сабабдан зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан сўнг қандай ҳаракатланиш лозимлиги ҳақидаги эслатмани “Qalampir.uz” сайтига жойлаштирган эдик.
Всего комментариев: 0
avatar