Главная » 2016 » Май » 2

АҚШ ва Саудия Арабистони муносабатлари бузилишидан кимлар манфаатдор?


  • Admin
  • 02 Май 2016(19:47)
  • 359
  • 0

Саудия Арабистони ва АҚШ бир неча ўн йиллар мобайнида яқин иттифоқчилар бўлиб келган. Қироллик Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги таянч давлати ҳисобланади.

 

Аввалроқ, Агар АҚШ Конгресси Саудия Арабистонини 2001 йил 11 сентябридаги терактларга алоқадор деб топса, Ар-Риёд АҚШдаги 750 миллиард  доллари миқдоридаги активларини сотиб юбориши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалиб,  муҳокамаларга сабаб бўлган эди. 
 
2001 йил 11 сентябрида АҚШнинг Нью Йорк шаҳрида Ал Қоида террористик ташкилоти икки осмонўпар эгизак биноларга ҳужум уюштирган эди.  Террорчилар гаровга олган самолётлар  эгизак биноларга келиб урилди.  Натижада икки йирик иншоот ҳам бутунлай вайрон бўлди.  Мудҳиш воқеа оқибатида, уч минг киши қурбон бўлди, олти мингдан ортиқ одам жароҳатланди. 
 
Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр жорий йилнинг март ойида Вашингтонга уюштирган ташрифи чоғида, агар АҚШ судлари Саудия Арабистонини 11 сентябрь воқеаларига алоқадор деб топса ва унга тегишли 750 миллард долларлик активлари ҳамда қимматбаҳо қоғозларни музлатиб қўйиш билан боғлиқ хавф туғилса, дарҳол уларни сотиши ҳақида огоҳлантирган эди. АҚШ Президенти Барак Обама Конгресснинг Саудия Арабистони 9/11га алоқадорлигини исботловчи махфий ҳужжатларни ошкор қилиш билан боғлиқ қарорига тиш-тирноғи билан қарши чиқди.
 


Авваламбор, бир нарсага ойдинлик киритиб олсак:  Саудия Арабистонининг 2001 йилги террористик ҳаракатларда қўли борми?
 
2002 йилда АҚШ Сенати ва Уй разведка қўмитаси 9/11 юзасидан олиб борилган терговда топилган ҳужжатлар ичида 28 бетлик махфий маълумот борлиги ва бу Саудия Арабистонининг терактда қўли борлигини исботлаши мумкинлиги ҳақида айтган эди. Ўшанда АҚШ Президенти Жорж Буш маъмурияти тергов ҳужжатларининг Саудияга алоқадор 28 саҳифасини доимий равишда муҳрлаб қўйишни, яъни уни ошкор қилмасликни буюрган эди. Орадан 14 йил ўтиб бу масала яна кўтарилди. Бу эса икки иттифоқчи давлатларнинг муносабатлари совуқлашишига олиб келиши мумкинлиги айтилмоқда.
 
2002 йилда 9/11 Комиссияси теракт юзасидан топган ҳужжатлар ҳақида Конгресс олдида доклад қилади.  Докладнинг сўнгида шундай сўзлар бор эди: “Саудия Арабистони узоқ муддат давомида Ал-Қоиданинг молиявий таъминотчиси сифатида ҳисобланиб келган. Лекин, биз айнан қироллик ҳукумати ёки алоҳида мансабдор шахсларнинг террористик ташкилотни молиявий таъминлагани ҳақидаги далилларни топмадик”.
 
Ўтган йилнинг июнь ойида Марказий разведка қўмитаси Бош инспектори идораси ўзининг 2005 йилда тугалланган 9/11 тергови бўйича натижаларни маълум қилди.  Хабарнинг сўнгги қисми “Саудия Арабистони билан боғлиқ масалалар” деб номланган.  Мазкур ҳужжатдаги маълумотларда айтилишича, гарчи тергов охиригача етмаган бўлсада, Саудия Арабистони ҳукумати билвосита ва бевосита Ал-Қоидани молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлагани тўғрисида ҳеч қандай далил мавжуд эмас
 
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Саудия Арабистони ҳамда АҚШ бир неча ўн йиллар давомида яқин иттифоқчилар бўлиб келган ва бунинг сабаби фақатгина нефть эмас. Мазкур давлатлар Совет Иттифоқи, Саддам Ҳусайн бошқарувидаги Ироқ ва шиа инқилобидан кейинги Эрон каби умумий душманларига биргаликда қарши курашдилар. Саудия Арабистони АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин ҳамкори ҳисобланади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки,  Саудия Арабистони АҚШдек иттифоқчисига қарши террористлар билан махфий равишда иш олиб бориши даргумон.
 
Барак Обама маъмурияти “28 саҳифа”ни  ошкор қилмаслик тарафдори
 
АҚШда 2002 йилги тергов ҳужжатларидаги Саудия Арабистонининг 9/11да қўли борлигини исботлаовчи “28 саҳифа” 14 йил ўтиб яна сув юзига қалқиди. Собиқ сенатор, 9/11 Комиссиясининг аъзоси Боб Грехем “28 саҳифа”ни ўқишга рухсат этилган одамлардан бири ҳисобланади. У CBS телеканалига берган интервьюсида 14 йиллик сукутни бузди.
 
АҚШда махфий ҳужжатни чоп этишни талаб қилаётганларнинг сони ошиб бормоқда.  Маҳаллий ОАВ Обама маъмуриятининг Конгрессда махфий ҳужжатларни ошкор қилмаслик юзасидан лоббидан (парда ортида иш тутиш) фойдаланаётганини доимий равишда ёритиб келмоқда. Мудхиш теракт оқибатида ҳалок бўлган одамларнинг яқинлари Барак Обаманинг ҳужжатни ошкор қилмаслик ҳақидаги қарорини эшитгач,  унга нисбатан нафрат пайдо бўлмоқда.  Бу эса Демократлар партиясининг обрўйига путур етказиши мумкин. Сенатор Кирстен Жиллибранд махфий ҳужжатларни ўқиб чиқди ва унинг айтишича,  теракт қурбонларининг оиласи буни билишлари керак. 
 
Республикачилар партиясининг президентликка номзоди Дональд Трамп эса ўзининг сайлов компаниясида мазкур иш юзасидан бўлаётган можароларни демократларга қарши асосий қурол сифатида ишлатади. Трамп Конгресс махфий ҳужжатларни ошкор қилишларини ёқлаб, лоббидан фойдаланаётган бўлиши мумкин.
 
АҚШдаги президентлик сайловлари олдидан кетаётган номзодлар ўртасидаги кураш “28 саҳифа” билан боғлиқ масаланинг кўтарилиб чиқишига сабаб бўлгандир, эҳтимол.
 
Барак Обама президентлик ваколатининг сўнгги муддатини бир қатор муваффақиятсизлик билан тугатишни хоҳламайди, албатта. Саудия Арабистони Сурия ва Ироқдаги кескин вазиятни юмшатишда, ИШИД террористик ташкилотига қарши курашишда муҳим минтақавий таянч ролини ўйнайди.  Агар Саудия қироллиги билан алоқалар совуқлашса, Ар-Риёднинг минтақадаги яқин ҳамкорларининг АҚШ билан муносабатларида ҳам шу ҳолат кузатилиши мумкин.  Бундан ташқари, Саудия Арабистони АҚШ қарзларининг йирик эгаларидан бири ҳисобланади.  Шунинг учун ҳам қироллик ўзининг АҚШдаги 750 миллиард долларлик активларини сотиб юбориш билан Обама маъмуриятини “огоҳлантириб қўйди”.  Шунинг учун АҚШ Президенти вазиятни юмшатиш мақсадида Ар-Риёдга ташриф буюрди.
 
Обаманинг Саудия Арабистонига ташрифи чоғида нималар муҳокама этилди?
 
20 апрель,  чоршанба куни Барака Обама Саудия Арабистонига ташриф буюрди. АҚШ президенти қирол Салмон билан учрашиб, икки давлат ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлаётган беш масала бўйича гаплашди: 9/11 терактлари бўйича келиб чиққан келишмовчилик, Ямандаги фуқаролик уруши, санкциялардан кейин кучаяётган Эрон, Суриядаги кескин вазият, ИШИД террористик ташкилотига қарши кураш чоралари ва нефть нархи хусусида. Обаманинг ташрифи Вашингтон ва Ар-Риёд муносабатларидаги “булутлар”нинг тарқалишига ўз ҳиссасини қўшди.  Энди АҚШнинг ўзида махфий ҳужжат юзасидан бўлаётган қарама-қаршиликлар ўз ечимини топса,  кифоя.
 
АҚШ ва Саудия Арабистони жуда узоқ муддат давомида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.  “28 саҳифа” махфий ҳужжати билан боғлиқ можаролар  икки давлат муносабатларини бузиб юборади, дейиш ҳақиқатдан анча йироқ.    Конгрессда махфий ҳужжатларни ошкор этиш билан боғлиқ масала ортида лоббилаштириш уруши кетаётган бўлиши мумкин. Ҳозирги вазиятдан эса баъзи президентликка номзодлар ўзларининг сайлов компанияларида унумли фойдаланиб олишлари мумкин..
Загрузка...
Всего комментариев: 0
avatar