Главная » 2017 » Октябрь » 9

Ҳафта сарҳисоби: Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистонга ташрифи, юридик коллеждаги “пичоқлашув” ва директорнинг ишдан олиниши


  • Ies_92uz
  • 09 Окт 2017(07:35)
  • 575
  • 0

Жорий ҳафта давомида Нобель мукофоти совриндорлари аниқланди. Алишер Усмонов навбатдаги харидни амалга оширди.

 

Октябрь ойининг илк тўлиқ ш ҳафтаси ҳам якунланиб бормоқда. 2 октябрдан 8 октябрга қадар давом этган ҳафта давомида бир қатор муҳим ва шов-шувли, қолаверса, қувончли ҳамда нохуш воқеалар рўй берди. Уларнинг энг муҳимлари билан таништирамиз.
 
2 октябрь, сешанба
Ўзбекистон Республикасида нақд хорижий валютанинг сотилиши октябр ойининг бошидан йўлга қўйилиши ҳақида маълум қилган эди. Лекин бу белгиланган муддатда амалга киритилмади.
 
Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Унга кўра, 6 сентябрь — “Кураш” миллий спорт тури куни сифатида белгиланди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, кўп қаватли уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг ҳолати таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган.
 
Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев оғир аҳволда шифохонанинг жонлантириш бўлимида ётибди. Бир неча кун аввал актёр яна жарроҳлик столига ётқизилди. Операция омадли ўтди, бироқ кутилмаганда актёрнинг аҳволи оғирлашди ва жонлантириш бўлимига олинди. Маълумотларга қараганда, Лутфулла Саъдуллаевнинг аҳволи яхшиланмоқда...
 
АҚШнинг Невада штатидаги Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтаётган мусиқа фестивали пайтида қуролли ҳужум содир бўлди. Оқибатда камида 50 киши ҳалок бўлган ва 200 нафардан зиёд инсон турли даражада жароҳат олган. Жиноятчи Mandalay Bay меҳмонхонасининг 32-қаватидан ўқ узган.
 
Ўзбекистонда мобил алоқа воситаларини IMEI коди бўйича мажбурий рўйхатдан ўтказиш тизими йўлга қўйилиши борасида Президент қарори лойиҳаси тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталига халқ муҳокамаси учун жойлаштирилди. Ушбу лойиҳага кўра, ҳуқуқий ҳужжат 1 декабрь санасидан бошлаб кучга кириши мумкин.
 
Нобель қўмитаси 2 октябрдан бошлаб Нобель мукофотини ўз эгаларига топширишни бошлади. 2017 йилги тиббиёт йўналишидаги Нобель мукофоти америкалик уч нафар олимга насиб этди. Улар Жеффри Холд, Майкл Росбаш ва Майкл Янг бўлиб, ушбу олимлар томонидан циркад ритмини назорат қилувчи молекуляр механизмларни кашф қилгани учун мукофот билан тақдирландилар.
 
3 октябрь, сешанба
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш истиқболлари, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилган хизмат сифатини ошириш, мамлакатга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.
 
Алишер Усмонов “Мегафон”даги Telia улушининг бир қисмини сотиб олди. Акциялар Алишер Усмонов холдинги томонидан сотиб олингач, Telia улуши 19,5 фоизни ташкил этди.
 
Стокгольмдаги Швеция Қироллик фанлар академиясида физика бўйича Нобель мукофоти совриндорларининг номи маълум қилинди. 9 миллион швед кронасини Кип Торн, Райнер Вайсс ва Берри Бэрриш ўзаро бўлишиб олишади. 
 
4 октябрь, чоршанба
4 октябрь “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авикомпаниясига қарашли HY–011 рейси билан Тошкент–Нукус йўналишида учган самолёт техник сабабларга кўра парвоздан қайтарилди. Тошкент аэропортига қайта қўниш ҳақидаги қарорни Ил-114-100 самолётининг экипажи мустақил равишда, хавфсизлик нуқтаи назаридан қабул қилган. 
 
Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ёнг Ким Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. Мактубда, Нью-Йоркда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасида Шавкат Мирзиёев билан учрашиш имконияти ҳамда очиқ ва самимий мулоқот учун миннатдорлик билдирилган.
 
4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 12-ялпи мажлиси йиғилишида Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди. Мазкур янги парламент комиссиясига сенатор Светлана Ортиқова раҳбар этиб тайинланди.
 
Кимё йўналиши бўйича 2017 йилги Нобель мукофоти ғолибларининг исм-шарифлари номи эълон қилинди. Швеция қироллик фанлар академияси томони бу йилги кимё йўналиши ғолиби деб швейцариялик Жак Дебуш, америкалик Йоахим Франк ва британиялик Ричард Ҳендерсонгларни топишди. Улар суюқликдаги молекулалар тузилмасини юқори ўлчамда аниқлаш имконини берадиган криоэлектрон микроскопни ишлаб чиқишган. 
 
5 октябрь, пайшанба
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев 5 октябрь куни давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев ва унинг рафиқасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан кутиб олган.
 
Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлиб турган Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон Ўзбекистон мустақиллиги, порлоқ истиқболи ва эзгу ниятларининг рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
 
Шу куни Ўзбекистон Президентининг Кўксарой қароргоҳида Қирғизистон Республикаси президентини расмий кутиб олиш маросими ўтказилди.
 
Куннинг иккинчи ярмида Кўксаройда кенгайтирилган таркибдаги музокаралар ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирди.
 
Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида декларацияни имзоладилар.
 
5 октябрь куни Тошкент шаҳрида икки мамлакат президентлари, делегациялар ва ОАВ иштирокида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти Қирғизистон Республикаси президентига ўзбек тилидаги “Манас” китобини тақдим этди. Ушбу китоб ўзбек тилида чоп этилган “Манас”нинг биринчи нусхаси экани таъкидланди.
 
6 октябрь, жума
Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан 5 октябрь куни Ўзбекистонда бўлган Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбоев 6 октябрь куни Қирғизистонга жўнаб кетди. Олий мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди.
 
Россиянинг Владимир вилоятида поезд ва автобус иштирокида йирик ЙТҲ содир бўлди. Йўловчи поезд билан темирйўл кесишмасида ЙТҲга учраган автобус Қозоғистондан Россияга келаётгани хабар қилинди. Ҳодиса оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлган. Автобусда 55 киши бўлган.
 
Тинчлик йўналишида Нобель мукофоти совриндори маълум қилинди. “Ядровий қуролдан фойдаланишнинг ҳалокатли гуманитар оқибатларига эътибор қаратиш бўйича амалга оширган ишлари” учун ICAN ташкилотига Нобель мукофоти берилган.
 
6 октябрь куни Тошкент шаҳридаги касб-ҳунар коллежларидан бирида бир нафар шахснинг ўлимига сабаб бўлган бахтсиз ҳодиса юз берди. Учтепа туманида жойлашган Тошкент юридик коллежи ҳудудида 3-босқич ўқувчилари — Саидкамрон Саидвали ўғли Саидвоҳидов пичоқ билан Асадбек Парпибоев ва Раҳматилла Ёрқориевларнинг чап оёқ сон қисмига бир мартадан уриб тан жароҳати етказди.
 
Қирғизистонда Ўзбекистон кунлари ташкил этилди. Тадбир доирасида Ўзбекистон халқ артистлари Муножот Йўлчиева, Зулайҳо Бойхонова, операчилар Самандар Алимов, Женисбек Пиязов, таниқли хонандалар Яҳёбек ва Муҳсинжон Мўминовлар, Алишер Турдиев, Роҳила Рўзимова, Улуғбек Раҳматуллев, Райҳон Ғаниева ва бошқа кўплаб ижрочилар иштирокидаги концертлар, ижодий учрашувлар, маданий мулоқотлар ўтказилди.
 
7 октябрь, шанба
7 октябрь куни эрталаб Қирғизистоннинг Бишкек–Қора-Болта трассасида Қирғизистон бош вазири ўринбосари Темур Жумақодиров ЙТҲга учраб, вафот этди. 
 
6 октябрь куни Владимир вилоятида юз берган ЙТҲ юзасидан Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллик бўлими маълумот берди. Шу куни 14 нафар ҳалок бўлган ўзбекистонликнинг шахси аниқланган. Қурбонлар ва жароҳатланганларнинг исмлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путинни таваллуд айёми билан телефон орқали бўлиб ўтган суҳбатда табриклади.
 
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ва Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот ва туризм вазири Тугелбай Казаков ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
 
6 октябрь куни Тошкент юридик коллежида содир бўлган зўравонлик бир оила фарзандининг ўлими билан тугади. Коллеж ошхонасида юз берган бахтсиз фожиа натижасида ўқувчилардан бири тенгдошига пичоқ урди. Тошкент юридик коллежи ҳудудида 3-босқич ўқувчилари – 2000 йилда туғилган Саидкамрон Саидвоҳидовнинг Асадбек Парпибоевга пичоқ билан ҳужум қилганлиги оқибатида Парпибоев вафот этди. 7 октябрь куни марҳумнинг суратлари тарқалди. 
 
Тошкент юридик коллежи ўқитувчиларининг мурожаати юзасидан хизмат текшируви ўтказилди. Иш фаолиятида йўл қўйган жиддий хато ва камчиликлари учун Тошкент юридик коллежи директори Наталья Сабировна Темирова “2-даражали адлия маслаҳатчиси” махсус унвон-мартаба даражасидан маҳрум қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
 
Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг акаси Нуриддин Раҳмон 7 октябрь куни 67 ёшида вафот этди. Марҳум Душанбе шаҳрида даволанаётган бўлган, у миокард инфаркти сабаб ҳаётдан кўз юмган. Марҳум туғилиб ўсган Данғара туманига вертолёт ёрдамида олиб кетилган. 

Всего комментариев: 0
avatar