Главная » 2016 » Январь » 9

Актриса Юлдуз Ражабова оғир дардга чалинганини тан олди


  • Admin
  • 09 Янв 2016(07:09)
  • 1069
  • 0

Актриса Юлдуз Ражабова “Эътироф-2015” тақдирлаш маросимида қатнаша олмаганини “юлдузлик касали”га чалинганлик билан боғлаганларга жавоб қайтарди.

 

Юлдуз Ражабовани биринчи бор кўрганимда кўзлари эътиборимни тортган эди. Унинг кўзлари “гапиради”. Бугуннинг аксарият актёр-актрисаларида буни учратмаймиз

2015 йил Юлдуз Ражабова учун жуда яхши йил бўлди. Ўзбекистон белгиси кўкрак нишони билан тақдирланди. Кўп ўтмай “Эътироф-2015” тақдирлаш маросимида “Йилнинг энг яхши киноактрисаси” номинациясида ғолибликни қўлга киритди. Маросимда Юлдузнинг иштирок эта олмагани жуда кўп шов-шувларга, актриса учун кинояли гапларга сабаб бўлди. Уни  дарров “юлдузлик касали”га чалинибди деганлар ҳам топилди. Актриса шу гап-сўзлардан чарчагани учун ҳам бизга мурожаат қилиб, интервью бериш ниятида эканини маълум қилди.


— Инсон ҳаётида бахтли лаҳзалар жуда кам бўлади. “Эътироф-2015” мукофоти билан тақдирландингиз. Бироқ, мукофотни мухлисларингиз қаршисида қабул қилиб олиш насиб этмади. Наҳот, шундай онларни қўлдан бой бериш мумкин бўлса?
— Очиғини айтсам, мен бу мукофотни оламан, деб тасаввур ҳам қилмагандим. Ўша куни, эрта саҳардан хонанда Лола Йўлдошеванинг клипида суратга тушиш учун тоғли ҳудудларга жўнаб кетдим. Қор ёғиб тургани, устига-устак йўллар музлагани учун манзилимизга 4 соат деганда етиб бордик. Менга эса маросимда қатнашишим кераклиги ҳақида ўша куни тонгда хабар беришди. Шунда ҳам мукофот олишимни айтишмаган эди. Мен ўз шахсий муаммоларимни деб бошқаларнинг режаларини бузгим келмагани учун ҳам маросимда иштирок эта олмадим. Минг афсуски, буни баъзи ОАВ вакиллари ва “мухлисларим” умуман бошқача тушуниб, мени халқни, ташкилотчиларни, устоз санъаткорларни менсимаганликда айблашди. Ижтимоий тармоқларда Юлдуз Ражабова тақдирлаш маросимига келмай, ётоқда ётган эди, деган хабарларни кўриб роса тушкунликка тушдим. Аввалига ўзимнинг муаммоларимга бошқаларни аралаштирмаслик учун ўша куни қаерда бўлганим, айнан қайси сёмкада қатнашганимни яширдим. Гап-сўзлар тинмагач ўша куни хонанда Лола Йўлдошеванинг клипида суратга тушганимни айтишга мажбур бўлдим. Журналистлар бир масалага фақат ташқаридан назар солиб, уни ўзлари хоҳлаган услубда ёритишлари керакми ёки вазиятга холисона баҳо беришлари... Ўзимга қолса, мен ҳам бошқалар қаторида залда ўтириб, ҳаяжонларимни яширмай саҳнага чиқиб, мукофотни қабул қилиб олмасмидим?
— Юлдуз Ражабова мукофотга лойиқмиди?
— Йўқ, ҳали “Эътироф”ни олишга лойиқ эмас эдим. Театр ва кинода иқтидорли, ҳар қандай ролни маъромига етказиб ўйнайдиган актрисаларимиз бор. Ташкилотчилар, устозлар мени шу мукофотга лойиқ деб кўришибдими, демак, келажагимга ишонч билдира олишган.
Агар кимдир мени бу мукофотга нолойиқ, деган тақдирда ҳам бу фикрга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Чунки ҳали ҳеч нарса қилганим йўқ. Назаримда, бу мукофот “Сотқин”фильмидаги ролим учун берилди. Мукофотда устозим, мени шу фильмга таклиф қилган режиссёр Рустам Саъдиевнинг ҳиссаси катта.

— Кинода кўз – жуда муҳим омил. Юлдуз Ражабованинг кўзлари “гапиради”. Бироқ, актёрлик борасида саводи йўқ, чиройи эвазига бугун кинонинг юзи бўлиб турган актрисаларимиз ҳам йўқ эмас. Юлдуз эса бугунги замонавий кинонинг юзи бўла олмади. Демак, кинода профессионаллик муҳим эмас экан-да?
— (Ўйланиб) Жуда қийин савол. Профессионаллик ҳамиша муҳим бўлиб келган. Актёрнинг иқтидори эса у рол ижро этган фильмларнинг сони билан ўлчанмайди. Профессионаллик бор жойда сифат бўлади. Мен бугунги кинонинг олди актриса бўлиш учун профессионалликни четга кириб қўя олмайман. Гавҳарни лойга отсангиз ҳам қийматини йўқотмайди.
— Ҳар бир актёр ва актриса қачондир киноларнинг асосий қаҳрамони бўлишни истайди. Кино ҳақида гап кетганда ҳар бир кишининг кўз ўнгида бугунги куннинг энг олди актёр-актрисалари гавдаланади. Дилноза Кубаева, Зарина Низомиддинова, Асал Шодиева, Шаҳзода Муҳаммедова, Адиз Ражабов, Умид Искандаров... Булар орасида Юлдуз Ражабовани кўрмаймиз. 
— Менимча, менинг даврим ҳали келганича йўқ. (кулиб) Бунинг учун жуда катта меҳнат қилиш керак.
— Ё бугунги кинолар сизни кино “юлдуз”и қилиш учун мазмунан етарли даражада эмасми? 
— Сўнгги йилларда ўзбек кино санъати бир қадам олдинга қадам ташлади. Хусусий фильмларга қараганда, давлат буюртмаси асосида жуда долзарб мавзуларда жиддий фильмлар суратга олиняпти. Хусусий фильмларимизда жиддий, томошабинни мушоҳада қилишга ундайдиган мавзулар камайиб кетган. Бу жараён ҳам вақтинчадир, балки.
— Давлат фильмларидаги ролларингиз кейинги фильмлар учун пиллапоя вазифасини ўтай олдими? Чунки “Сотқин” фильмида асосий эътибор эркакларга берилгандек. 
— Бу актёрларга эмас, аксинча, режиссёрлар мендаги имкониятни қандай баҳолашига боғлиқ.

— Юлдуз ўзбек киносининг юзи бўла олмаслигининг яна бир сабаби борки, у ҳам бўлса типаж билан боғлиқ. Қиёфангиз бугунги ўзбек киноларидаги асосий мавзу бўлган – қайнона-келин муносабатлари ёритиладиган фильмларга тўғри келмаслиги билан боғлиқ эмасми? 
— Ҳа, буни жуда кўпчилик айтган. Ҳатто, устозимиз режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг “Дилор, Дилор дил ва ор” номли фильмларига проба топшириб, синовлардан ўта олмаганман. Мен бугунги саёз хусусий фильмларнинг юзи бўлгандан, давлат буюртмаси асосида суратга олинадиган жиддий, тарбиявий аҳамиятга эга, томошабинларга маънавий озуқа берадиган фильмларда эпизод ролларни ўйнаганим маъқул. Мана яқинда “Ой қиз эртаги” номли тарихий фильмда бош ролни ижро этдим. Очиғи, шундай ролни соғинган эканман. IX аср воқеалари тасвирланган бу фильмни суратга олиш учун жуда катта тайёргарлик кўрилди, тинимсиз репетициялар, Хоразмнинг жазирамасидаги сёмкалар, жанговар саҳналардаги қийинчиликларнинг ҳеч бири ижодий жамоанинг кайфиятига таъсир кўрсата олмади. Ҳамма актёрлар шундай ролни, шундай фильмларни соғинган экан.

— Қачондир кино “юлдуз”и бўлишни орзу қилган бўлсангиз керак. Ўзингизга маълум давлат буюртмаси асосида суратга олинадиган фильмларнинг томошабини кўп эмас. “Зарб” фильмидаги ролингиз ҳам жуда эсдақоларли чиққан. Бироқ фильм кўп томошабинларга етиб боргани йўқ.
— Тўғри айтасиз. Фильмни уч марта премьера қилган бўлсак, уч сафар ҳам томоша тугамасидан одамлар зални тарк эта бошлади.
— Профессионал, ўз ишини яхши кўрган, санъатга шунчаки ҳавас деб қарамаган актёрлар жуда тез кексаяди. Йиллар ўтгач кўплари залворли меҳнат, асабийлашишлар оқибатида дард оттириб олади. Сиз уларни танийсиз. Сиз ҳам бир кун уларнинг ҳолига тушишдан қўрқмайсизми? 
— Қийинчиликлар, оғир меҳнат, доимий асабийлашишларнинг асорати ўзимда ҳам йўқ эмас. (ўйланиб)  Уч йил аввал тинимсиз бош оғлиқларни деб шифокор қабулига бордим. Кейин билсам, тинимсиз асабийлашишларнинг оқибатида жиддий касални орттириб олибман. Даволандим, ҳозир аҳволим анча яхши. Саволингизга келсак, касбимга, устозларимнинг ўгитлари, ота-онамнинг ҳалол меҳнатига ҳиёнат қилиб, ўзимга ярашмаган ролларни ўйнаб, “юлдуз” бўлгандан кўра, дард орттирсам ҳам актёр деган номга муносиб бўлганим яхши.
— Дунёга бир марта келасиз. Балки, ўз вақтида санъатдан кетиш керакдир. Ёш, чиройлисиз. Бугунги санъат фидоийликнинг қадрига етмайди.
— Бир кун вақти келади. Актёрларнинг ижодий ҳаёти жуда қисқа. Камера чиройли қиёфаларни, ёш актёрларни яхши кўради. Ёшингиз ўтгани сайин сизга талаб ҳам камаяди. Ўша вақтгача ишлаб туришга мажбурман.
— Эришаётган нарсаларингиз жонингизни гаровга қўйишга арзийдими? 
— Арзийди. Кино мен учун кўнгилҳушлик эмас. Мен ўзимга билдирилган ишончни оқламоқчиман, холос.
— Бугунги фильмлар саёз бўлиб кетяпти деган фикрни сиз билан ҳам четлаб ўтолмаймиз. Бугунги томошабинни алдаб бўлмайди. Унинг кинога қўядиган талаблари анча ўсди. 
— Томошабинни ишонтира олиш керак, санъатнинг кучи ҳам шунда. Тан оламан, бугунги кўп фильмларимиз бунинг уддасидан чиқмаяпти. Бу ҳам профессионалларнинг камайиб кетаётганига бориб тақалади. “Сотқин” фильмини нима учун томошабинлар яхши кутиб олди? Бунинг сабаби оддий. Унда томошабин ўзини топди, айтилмаган гапларни эшитди, кўрсатилмаган нарсаларни кўрди. Менимча, кино ана шундай бўлиши керак.
— Иккинчи даражали актёр бўлиб қолиб кетсангиз...
— Бу тақдир. Ҳар ким пешонасига битилган умрни яшайди. Мен биров, биров мен бўлолмайди.
— Йўқ бўлиб кетгандан кўра, фильмларда текинга бўлса ҳам рол ижро этадиган актрисалар бор. Сизчи? 
— Йўқ, мен бундайлар сирасига кирмайман. Инсон ўз қадрини билиши керак. Кам бўлса ҳам гонораримни олиб рол ижро этишни афзал деб биламан.

— Ўтган йил сизга жуда омадли келди. “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, “Эътироф-2015” мукофоти билан тақдирландингиз. 
— “Эътироф”ни саҳнада қабул қилиб олиш насиб этмаган бўлса-да, “Ўзбекистон белгиси” мукофоти билан тақдирланганимда кўз ёш тинмади. Ҳали ҳеч нарса қилмаган эдим-ку деган фикр хаёлимда чарх урарди. Ота-онам, устозларим, мени қўллаб қувватлаган яқин ҳамкасбларимнинг менга билдирган ишончлари сабаб ҳукуматимизнинг ана шундай мукофотларига сазовор бўлдим. Буни эса албатта оқлайман! 
 

 

 
Всего комментариев: 0
avatar