Главная » 2017 » Май » 30

Аваз Охун: «Рафиқам менинг ҳурматим учун кулмайди…


  • Mirkarimoff
  • 30 Май 2017(22:41)
  • 692
  • 0

«Ҳеч кимни танқид қилмаймизми?» Суҳбатдошимнинг илк саволини эшитиб аввалига ҳайрон бўлдим, эҳтимол кимгадир эътирози бордир, деб ўйладим-да. Аммо у «Гапирсангиз кўролмаяпти, деб ўйлашади, майли, индамай...» дея гапни қисқа қилди. Кўплаб мухлислар эътиборига тушиб бораётган сўз устаси Аваз Охун билан “Суғдиёна” газетасининг ижодкори ўртасида бўлиб ўтган суҳбат ана шундай бошланди.

— Сиз ҳақингизда «Аваз Охун жуда камтар инсон, оёғи ердан узилиб қолишидан қўрқади», дейишди. Бугун анчайин танилиб улгурган қизиқчини бундай мавзулар чиндан ўйлантирадими?

— Албатта! Мен таниқли бўлишим мумкин, аммо севимли бўлолмасам, машҳурлигимдан нима наф?! Севимли бўлиш учун эса камтарликни йўқотмаслик керак.

— Агар севимли ва таниқли бўлиш тушунчаларини тарозининг икки палласига қўйсак, сизда қай бири оғирлик қилаяпти айни дам?

— Холис баҳони атрофимдаги инсонлар беришади. Аммо шу пайтгача «Ўзингдан кетиб қолибсан», деган эътирозлар бўлмади. Таниқли бўлишнинг масъулияти катта, агар санъаткор буни англаб етолмаса, бир куннинг ўзида бор-йўғидан ажралиб қолиши ҳеч гапмас. Саҳна билан ҳаётни ҳам аралаштирмаслик керак, зеро иккиси бир-биридан фарқ қилади. Мен билан суҳбатлашган кишилар жиддий инсонлигимни таъкидлашади. Ҳаётда ҳамма қаториман, саҳнада эса қизиқчилик қиламан.

— Гапингиз тўғрику-я, аммо барибир сизни қизиқчи сифатида билишади-да. Бирор-бир латифами ёки қайроқи сўзми кутишади сиздан доим.

— Тўғри айтасиз, шунга ҳам қандай аҳволда бўлишимдан қатъи назар яхши кайфиятда кўринишга ҳаракат қиламан. Чунки кайфиятим атрофимдаги инсонларга таъсир кўрсатади. Мана, ўзингиз ҳўмрайиб ишга келиб кўринг-чи, ҳамкасбларингиз сизга қандай муомала қилишни билмай қолишади, тўғрими? Демак, фақат ўзингизни ўйлаб, бошқаларнинг яхши кайфиятига дахл қилишга ҳаққингиз йўқ.

— Ҳақиқий исмингиз Аваз Азизохунов, тахаллус билан ижод қилиш кимнинг фикри?

— Ўзимники, шоирларга ўхшаб қолганман-а? Нуқул фамилиямни нотўғри талаффуз қилишади, айтишга осонроқ бўлсин деб Аваз Охун тахаллуси билан ижодни бошладим. Бирор ерга борсам «Фамилиянгиз нима?» дейишади-да, кейин ҳужжатни қарасам, «Азиз Охунов» ёзилган бўлади. Исмимни сўрамайсизми, десам «Мана ёздим-ку, Азиз» деб дейишади. Рафиқам поликлиникага чиқса, «Азиза Охунова» деб ёзишаркан (кулади). Аввалига «Аваз Охун» тахаллуси ўзимга ҳам салгина эришроқ туюларди, бора-бора одамларнинг тилига мослашганини кўргач, кўникдим. Охун асли яхши инсон дегани (кулади), ҳалиги одамохун дейишади-ю.

— Одамларни кулдириш қийин...

— ...деб ўйлайсиз, сиз учун қийин-да.

— Сизга осонми? Бундай эмаслигини биламан-ку, қолаверса, санъатда айтилмаган гапнинг ўзи қолмади, ҳисоб. Бу ижод қилишда қийинчилик пайдо қилмаяптими?

— Ўзига яраша қийинчилиги бор. Яхши ижод маҳсулини ҳавола этиш учун изланамиз, ўрганамиз, мен кўпроқ кузатаман. Концерт дастуригача сценарий камида ўн маротаба ўзгаради. Баъзан «Шу монологни ижро қиламан, зўр чиқди» дейман-да, концертга бир неча кун қолганида қарасам, қанақадир бўшроқ туюлади, кейин ўзгартиришга мажбур бўламан. Кўпчилик қизиқчи деганда латифа айтиб, одамларни кулдирадиган санъаткорни тушунади. Латифани ўқитувчи ёки журналист ҳам айтолади, сўз устаси эса ўз монологлари орқали кузатувларини таҳлил қилиши керак. Аммо айрим санъаткорларнинг репертуарига қарасангиз, салкам 90-100 фоизи латифадан иборат бўлади.

— Ижтимоий тармоқлардаги латифаларни ўзбек тилига таржима қилиб фойдаланаётганлар ҳам йўқ эмас!

— Балки ўша латифани руслар инглизлардан олишгандир, инглизлар яна бошқа миллат вакилларидан (кулади). Концерт дастуримда имкон қадар камроқ латифага мурожаат қиламан, нари борса 11-12 та бўлади, холос. Ҳар бир латифа икки дақиқа давом этса ҳам дастурнинг йигирма дақиқасини эгаллайди.

— Аваз ака, саҳнада ҳам илҳом келиб қолиши мумкинми?

— Ў-ў-ў, бунақаси жуда кўп бўлади. Лекин гап келганда ҳаммасини ҳам айтолмайман. Негаки, кимнингдир кўнглига тегиб қўйиш ҳеч гапмас. Тилимга келган гапни миямда тезлик билан таҳлил қиламан, айтиш керакмас, деб топганларимни дарҳол ортига қайтараман. Сўнгги концерт дастуримда бир мухлисим, қизингизга дея катта қўғирчоқ совға қилди. Совғани ола туриб «Албатта, қизалоғимга, кап-катта одам қўғирчоқ ўйнамасам керак», дедим. Жойида жавоб бўлганига залдаги томошабинлар ҳам мароқ билан кулишди. Завқланиб ишлаётганингизда бирор фикр келиб қолиши жуда қизиқ ҳолат, чунки айтаётганларингизни ўзингиз ҳам биринчи марта эшитасиз-да (кулади).

— Бундан чиқди, сўз устаси нафақат сўзамол бўлиши, балки тезлик билан таҳлил қила олиш қобилиятига ҳам эга бўлиши керак?

— Ҳа! Забонимга келган ҳар қайси гапни ҳам гап деб айтолмайман-ку, ахир тил қурмағурнинг суяги йўқ (кулади).

— Янги ҳангомаларни саҳнага олиб чиқишдан олдин кимда синаб кўрасиз?

— Сизда ҳам синаб кўришим мумкин. Бирор дўстимга қўнғироқ қилиб ҳам синоламан. Яқинда «Истиқлол» санъат саройида тадбир бўлиб ўтди, ёш қизиқчилардан бир гуруҳининг чиқишини томоша қилдим-да, саҳна ортига ўтсам, ҳалиги йигитлар «Бир-иккита фикрларимиз бор эди, бугун синовдан ўтказдик», дейишди.

— Яъни «Истиқлол» санъат саройига йиғилган томошабинларда тажриба қилишганда, шундайми?

— Ҳа! Саҳнага тайёр ижод маҳсули билан чиқиш керак, таваккал билан эмас, деганимга ҳайрон бўлганча «Унда қаерда синаймиз чиқишларимизни», дейишди. Мана, менда синанг, дўстларингизга айтиб беринг, бирортасини кулдира олсангиз, демак, ишингиз яхши, дея тушунтирдим. Ўзим шундай қиламан-да, уйда бирор фикр келиб қолса, келинойингизга айтаман. Хотиним кулдими, демак, бу бошқаларни ҳам қизиқтира олади. Рафиқам мени ҳурматим учун кулмайди-ку, у ҳам ҳамма қатори оддий аёл. Кейин бирор дўстимга айтиб бераман, иккиси кулиб бири индамаса, фикрни бойитиш керак. Аксинча, иккитасидан ҳеч қандай жавоб қайтмаса, биламанки, бундан иш чиқмайди.

— Санъат ичида юрган одамсиз, нега аксарият қизиқчиларнинг репертуарларида бачкана қилиқлар, бепарда сўзлар ишлатилади. Ё кулдириш учун шулардан бошқа мавзу топилмайдими?

— Бачкана деяпсиз-у, аммо айримлар шуни ҳам санъат, деб билади-да. Айниқса, ёшлар, «Фалончининг концертига тушдим, маза қилиб кулдим», дейишади. Қайси гапига кулдинг десангиз, куракда турмайдиган сўзларни айтишади. Ижодкор томошабинга эргашмаслиги керак, аксинча ўз ортидан эргаштириши лозим. Бачкана қилиқларни ижро этаётган актёрнинг ўзида бўлиши керак уят, андиша. Чунки томошабинлар қаторида ота-онамиз тенги инсонлар, опа-синглимизга ўхшаган қиз-аёллар бўлади. Ўша гапларни ўз оиласида айтолмаган «санъаткор» нега катта аудиторияда баралла гапириши керак? Сўнгги пайтларда ғалати қараш пайдо бўлган, беъмани сўзлардан фойдаланаётганларга нисбатан «замонавий услубда ижод қилиш», дейилаяпти. Боя танқид қилмаймизми, деганим шунга эди. Маданиятсизлик, шарм-ҳаёсизлик ҳеч қачон замонавийлик бўлмайди!

— Жаҳлингиз чиқаяпти?

— Жуда куйди-пишди одамман, индамай туришим қийин. Айниқса, бунақа ҳолатларга аччиғим келади. Баъзи ижодкорларнинг шевада сўзлашишларига ҳам эътирозим бор. Саҳнада адабий тилда гапириш шарт! Яқинда бир танишим айтаяпти, фильмда суратга тушаётса, режиссёр ўзбек тилида гапиринг деганмиш. «Мен қайси тилда гапираяпман» деса, «Кевотти-кетвотти, деб айтинг», дея кўрсатма берибди. Бутун бошли фильмларда адабий тилдан чекинишаётгани фожеа эмасми, сизнингча? Суҳбатларда ўзимни тутиб тураман десам ҳам, танқид қилинадиган мавзуларга енгил қаролмайман.

— Шунга яраша жавоб бўладими?

— Кимдир тўғри дейди, кимлардир бошини силкиб билганидан қолмайди. Санъаткор, аввало, ўзининг кимлигини унутиб қўймаслиги керак. Ноябрь ойига режалаштирилаётган концерт дастуримда ёшлар орасидаги маданият мавзусини олиб чиқмоқчиман. Кийинишлари, йигитларнинг бир-бири билан юз-бурун ўпишиб кўришиши...

— Концерт бераётганингизни эшитиб, бирга ижод қилайлик деганлар ҳам бўладими?

— Таклифлар бўлади, лекин «Бир актёр театри» услубида ижод қилганим боис яккахон чиқишларни афзал биламан.

— «Бир актёр театри» устоз санъаткор Ҳожибой Тожибоевнинг услуби эди. Кўп суҳбатларда у кишини ўзингизга устоз, деб айтсангиз-да, яқинлари сизни шогирд тутинмаган, дейишган экан.

— Санъаткорлар орасида шундай одат бор, ўзидан эллик-юз йил аввал яшаб ўтган ижодкорларни ғойибона устоз, деб билади. Раҳматли Ҳожибой Тожибоев менинг ғойибона устозим, ҳаётда тўрт-беш марта учрашиш бахтига мушарраф бўлганман. Институтни тамомлаб, шогирд тушмоқчи эдим. Тақдир, у киши оламдан ўтдилар. Саҳна қонунларидан бошлаб то актёрлик маҳоратигача сабоқ берган устозим Маъмуржон Умаров, қарийб ўн саккиз йил Ҳожибой ака билан биргаликда ижод қилган. Маъмур ака қизиқчилик соҳасида илмий иш қилган ягона мутахассис ҳисобланади. Ҳожибой Тожибоевнинг услубида ижод қилиш мураккаб, устоз санъаткор кўз мимикаси билан ҳам бутун бошли чиқишларни ҳавола қилоларди.

— Саҳнадаги хатти-ҳаракатларингиз айни Ҳожибой Тожибоевнинг ўзини такрорлайди. Атай тақлид қиласизми?

— Атай қилсам ўхшамайди, буни синаб кўрганман. «Мирзо» театрининг концертида Ҳожибой Тожибоевни пародия қилиш топширилган, лекин уддалай олмаганман. Кейин устознинг концерт дастурлари ёзилган дискларни қайтадан кўриб чиқдим. Саҳнадаги чиқишларим эса табиий юз беради.

— Аваз ака, ижодингиз ҳақида суҳбатлашдик, оилангиз билан таништирсангиз?..

— Оилада тўнғич фарзандман, укам ва синглим бор. Рафиқам билан севишиб турмуш қурганмиз, қизалоғим бор, яқинда ўғил фарзандли бўлдик. Эндигина бир ойлик бўлди!

— Табриклаймиз, ота-онасига раҳмат олиб келадиган фарзанд бўлсин!

— Болаларни жуда яхши кўраман! Фарзандларим кў-ў-ўп бўлса деб ният қиламан. Уйга келганимда хонадоним тўлиб туришини хоҳлайман. Қанийди имкониятим бўлса, ота-онамни ҳам пойтахтга кўчириб олиб келардим. Аммо қишлоқнинг одамлари кўп қаватли уйга мослаша олишмаяпти. Жўшқин одам бўлганимгами, жимжитликни ёқтирмайман. Яқинда санаторийда даволаниб чиқдим, шу орада икки марта чойхонага, тўрт марта хизматга бориб келдим, ваҳоланки бундай қилиш мумкинмас. Оёғимни узатиб, ҳамма нарсани эсдан чиқариб дам олиш менга эмас экан.

— Биринчи концерт дастурингизда қизалоғингиз ҳам чиқиш қилганди?..

— Бу иш атай қилинган. Илгари ҳеч қаерда айтмагандим, сизга сирни очаяпман. Рафиқамни ота-онасидан «олиб қочиб келганман» (кулади), оилада ёлғиз фарзанд-да, тўйдан кейин пойтахтга олиб келиб қўйдим.

— Шундай демайсизми, ростан олиб қочиб келибсизми, дебман.

— Қизимни эса қишлоқда қолган бува-бувиси учун саҳнага олиб чиққандим. Набираларини жуда яхши кўришади, концерт дискка ёзилса, ҳар замон кўриб туришади дегандим-да. Лекин қизимни санъаткор қилмайман, ўғлимни эса билмадим, ҳали ҳеч нима демаяпти (кулади).

— Аваз ака, ҳамиша бугунгидек самимият тарк этмасин деб қоламан.

— Раҳмат!

Блиц:

— Қизиқчиликдан ташқари яна қандай ҳунарингиз бор?

— Уйда эркак киши томонидан қилинадиган барча юмушларни бажара оламан (кулади)

— Ўзингиз ҳақингизда ноўрин гап эшитсангиз...

— Таъсир қилади-ю, лекин вақт измига ташлайман.

— Аваз Охун нимадан қўрқади?

— (ўйланиб) Халқнинг кўзига ёмон кўриниб қолишдан...

— Репертуарингиздан кимдир фойдаланаётганини билиб қолсангиз

— Шундай ижод қилишга ҳаракат қиламанки, одамлар Аваз Охун репертуари эканлигини билишади.

Всего комментариев: 0
avatar