Главная » 2016 » Февраль » 14

"Авлиё Валентин куни" – беҳаёлик байрами


  • News
  • 14 Фев 2016(09:42)
  • 637
  • 0
Сўнгги йилларда Ғарб маданиятига тақлид шу қадар кучайиб кетдики, ҳатто, ўзга миллатларга тааллуқли бўлган баъзи одатларни ҳам кўр-кўрона ўзлаштириб олиш авжига чиқди. Бутун дунёда глобаллашув жараёнлари содир бўлаётган бугунги кунда инсон маънавиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган турли мафкуравий таҳдидлар сони кун сайин ортиб бормоқда. “Оммавий маданият” деб аталувчи, бутун дунё аҳлини ягона маданият остига бирлаштиришга қаратилган бу ҳаракат ортида қандай мақсад ётибди? У кун келиб халқларнинг асрлар давомида сайқал топиб келган миллий маданиятини бутунлай йўқ қилиб ташлаши мумкинлиги ҳақида биламизми?

Қаердаки бирор миллатнинг маданияти оёқ ости қилиниб, ўзлигига путур етказилса, унинг таг томирига болта урилса, ўша ерда на жипслик ва на тараққиёт бўлади. Ҳар қандай жамиятнинг эртанги ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларга ёт мафкураларни сингдириш, турли одатларга кўр-кўрона тақлид қилишга ундаш манфур кимсалар қўлидаги энг ишончли қурол саналади. Зотан, мафкуравий полигонлар ядро полигонларидан устун бўлиб бораётган бугунги даврда ёшлар онгини заҳарлаш, улар орасига “оммавий маданият” ниқоби остида кириб бориш нималарга олиб келаётганини ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу ҳолат, айниқса, шарқ халқларининг асрлар давомида ўрнак сифатида кўрсатилиб келган узоқ минг йиллик тарихга эга маданиятига хавф туғдиряпти.

Бугун ҳам “оммавий маданият”нинг бир намунаси бўлган – "Валентин куни" деб ном олган беҳаёлик байрамини нишонлайдиганлар орамизда учраб туради. 14 февраль санаси яқинлашар экан, савдо пештахталари "юракча" шаклидаги турли совғалар, “валентинка”ларга тўлиб кетади. Гул дўконларида эса сотувчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Ресторан ва кафе-барларни айтмайсизми...

"Валентин куни"ни нишонлаётган ёшларимизнинг аксарият қисми бу куннинг туб моҳияти нимада эканлигини билмайди ҳам. Шу ўринда “Севишганлар куни” деб ном олган ушбу мавлуднинг тарихига бироз назар ташласак.

Баъзи манбаларга кўра, “Авлиё Валентин куни” бир ёки бир неча “Валентинус” исмли христиан зиёлиларининг нишонлашларидан келиб чиққан. Авлиё Валентин билан боғлиқ энг машҳур мартирологга кўра, эрамиздан аввалги III асрда Рим империясининг Терни шаҳрида Валентин исмли руҳоний яшаган. Насронийлик динининг пешволаридан бўлган бу йигит шунингдек табиблик билан ғам шуғулланган. Империя учун суронли даврлар ҳисобланган ўша кезларда Рим императори Юлий Клавдий II ўз аскарларининг жангу-жадаллар, ҳарбий юришлардан чалғимасликлари, оилаларига боғланиб қолганлик важидан узоқ муддатли жанглардан бўйин товламасликларини учун уйланиб оила қуришларини таъқиқловчи тақиқлаган. Авлиё Валентин эса ёшларнинг хоҳиш-истакларига кўра, уларни махфий равишда никоҳлаб келган. Бундан хабар топган император уни қамоққа ташлайди. Ҳибсдалигида Валентин қамоқхона бошлиғи Астериуснинг қизи Жулиянинг ожиз кўзларини даволайди.

Қамоқхона бошлиғи қизи Жулияни даволагани учун Валентинни озод қилмоқчи бўлади. Бироқ, император уни олий жазо – ўлимга ҳукм этади. Афсоналарга кўра, у қатл қилинишидан аввал қизга “Сенинг Валентинингдан” деб хайрлашув хатини ёзади. Уни 14 февраль куни қатл этадилар. Шунга кўра, насронийлар Валентинни бир-бирига севишган ёшларнинг ҳомийси деб билиб, унинг шарафига 14 феврални “Севишганлар куни”, “Авлиё Валентин куни” сифатида байрам қилишади. Ушбу сана 496 йили Рим папаси Геласий I томонидан Католик черковининг муҳим байрамлари рўйхатига киритилган, 1969 йили эса Пол VI томонидан бу байрам рўйхатдан олиб ташланган экан.

Бошқа манбаларда айтилишича, бу кун қадимий Римда туғилишни кўпайтириш мақсадида шаҳвоний фестиваль сифатида жорий қилинган, дейилади. Ўша замон ва шаҳар маданияти ҳамда ахлоқидан келиб чиқиб, айтиш керакки, у даврларда ҳали одоб-ахлоқ нормалари тартибга солинмаган эди. Кейинчалик европаликлар томонидан бу кун байрам сифатида тарғиб қилина бошланган. Ғарб ва шарқ ўртасида ҳамкорлик кучайгани ва ғарб мамлакатларининг шарқдаги баъзи давлатларни забт этиши натижасида бу кунни нишонлаш бошқа халқлар маданиятига ҳам кириб кела бошлаган.

Энди айтингчи, бу бизнинг минг йиллар давомида шаклланиб келган маданиятимизга, азалий урф-одатларимиз, ота-боболаримиздан қолган қадриятларимизга тўғри келадими? Ҳақиқий севги учун алоҳида кун зарурмикин? Чин муҳаббат, вафо ва садоқат туйғулари ила банд қалблар учун бир-бирига ширин тилаклар изҳор этишга алоҳида сана керакми?

Севги Яратган томонидан инсон қалбига берилажак энг олий туйғу. Уни қандайдир матоҳлар, гуллар ва совғалар билан ўлчашнинг ўзи хато эмасми? Агар бизга муҳаббат тарихи керак бўлса, уни ғарбдаги ёт ғоялардан эмас, ўзимизнинг мард боболаримиз ҳаётидан излайлик. Улуғ шоҳ ва саркарда Амир Темурнинг Бибихонимга бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиромини эсланг. Ё Навоийнинг Гулига бўлган соф туйғуларини ёдга олинг. Акбаршоҳнинг Мумтоз Маҳалга атаб бунёд этган Тож маҳали мана асрларким унинг беғубор муҳаббатининг нурини бутун дунёга ёйиб турмаяптими? Узоққа бормайлик, Зулфихонимнинг шеърларини ўқимаган одам топилмайди. Шоира бутун умр турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжонга таъзим қилиб, унинг шарафига ашъор битди. Ё Сид Аҳмад ва Саида Зуннованинг муҳаббати тилларда достон бўлмаганмиди? Улар ўртасидаги муҳаббат авлиё Валентин таълимоти ила дунёга келмаган эди. Улар шарқда соф ва бегард муҳаббат тимсоллари сифатида тарихда қолишди. Алишер Навоий яратган ишқ ва вафо образлари Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун севгиси эса ҳар қандай Валентин тимсолидан юз бор, минг бор устун аслида.

Бу “байрам”га ўхшаган одатлар замирида вайронкор ғоялар ётганини аввалига пайқамасмиз. Бироқ “оммавий маданият”ни тарғиб қилаётган кимсаларнинг мақсади халқларнинг миллийлиги, ўзига хослигини йўқ қилиб, уларни манқуртларга айлантириш эканини дунёнинг кўплаб халқлари ҳаётида кўрдик, гувоҳи бўлдик. Маънавий томондан парчаланган миллатни миллиардлар ҳам, бой иқтисод ҳам сақлаб қола олмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида айтилганидек, “Ҳар бир ижтимоий ҳодисанинг ижобий ва салбий томони бўлгани сингари, глобаллашув жараёни ҳам бундан мустасно эмас. Ҳозирги пайтда унинг ғоят ўткир ва кенг қамровли таъсирини деярли барча соҳаларда кўриш, ҳис этиш мумкин.

Айни пайтда ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, ҳар қандай тараққиёт маҳсулидан икки хил мақсадда – эзгулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин. Агарки башарият тарихини, унинг тафаккур ривожини тадрижий равишда кўздан кечирадиган бўлсак, ҳаётда инсонни камолотга, юксак марраларга чорлайдиган эзгу ғоя ва таълимотлар билан ёвуз ва зарарли ғоялар ўртасида азалдан кураш мавжуд бўлиб келганини ва бу кураш бугун ҳам давом этаётганини кўрамиз.

“Оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг куюнчаклик билан билдирган мулоҳазалари кун сайин долзарб бўлиб бормоқда. Яна ўша "Валентин куни"га назар ташлайдиган бўлсак, бу кун кўплаб мамлакатлар ёшлари онгида фаҳш куни сифатида из қолдирганига ҳам алоҳида тўхталиш лозим. Психологларларнинг фикрича, қизил ранг инсон руҳиятида зўравонликни келтириб чиқарувчи, тажовузкорликка ундовчи характерга эга. “Юракча” шаклининг пайдо бўлишини эса айтишга тил ожизлик қилади. Маълумотларга қараганда, аёллар баданининг орқа тарафини англатиш мақсадида “юракчи” тасвири ўйлаб топилган ва унга қизил ранг маъқул кўрилган.

Энди ўйлаб кўринг, биз ниманинг ортидан эргашяпмизу қандай кунни байрам қиляпмиз? Оқила, доно, ҳуснда тенгги йўқ Нодирабегим, Увайсий, Зулфияхоним издошлари бўлган ўзбек қизларига, мард, жасур, мағрур, қадамидан ўт чақнайдиган Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур зурриётлари бўлган йигитларимизга бу кунни “Севишганлар куни” сифатида нишонлаш ярашадими? Ватанимиз келажаги, равнақи, ёшлар қўлидадир ва шу маъсулиятни ҳис қилган ҳолда, кейинги авлодларга миллий маданиятимиз, урф-одатларимиз, қадриятларимизни бус-бутун етказиш бизнинг зиммамизда эканини унутмайлик!

Теги: Авлиё Валентин куни – беҳаёлик байр

Всего комментариев: 0
avatar