Главная » 2015 » Ноябрь » 15

“Бахт ортидаги дард”. Шароф ва Севинч фильмда жуфтлик ҳосил қилишди


  • Admin
  • 15 Ноя 2015(18:38)
  • 395
  • 0
11 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги кинотеатрда янги “Бахт ортидаги дард” фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Гарчи фильм 11 сентябрь куни кино ишқибозларига тақдим этилиши анонс қилинган бўлса ҳам, унинг тайёр бўлиши бизга номаълум сабабларга кўра икки ойга кечикиб кетди.

Фильм кўп жиҳатдан танқидчилар ва мухлислар диққатини ўзига жалб қилган эди. Авваламбор, бу ёш ижодкор Шуҳрат Мавлоновнинг биринчи режиссёрлик иши бўлди. Бундан ташқари, хонандалар Шароф Муқимов ва Севинч Мўминовалар илк бор бир фильмда бош ролларни ижро этди. Бир неча йил муқаддам турмуш қурган хонандаларга бу вазифанинг уддасидан чиқиш қийин бўлмади назаримда – улар ўртасидаги муносабатлар катта экранда ҳам муҳаббатни акс эттиришга ёрдам берган бўлса ажабмас.

Кинотеатр олдида кўплаб машҳур санъаткорларнинг тўпланиши ташриф буюрган томошабинларга чинакам топилма бўлди. Ҳар қадамда фотоаппарат оловлари ёнар, ёшлар таниқли актёрлар билан селфи тушар эди.Ичкарига таклиф қилиндик. Ташкилотчилар кинозалнинг тўлишини сабр билан кутиб туришди. Ниҳоят, 2 минг жуфт кўз саҳнага қадалди.

Ташкилотчилар кўздан қочирдими, ёки бошловчи Аҳад Қаюмнинг айбими, тақдимот чоғида содир бўлган бир вазият ғалати туюлди: саҳнага кечанинг асосий юлдузлари бўлмиш Шароф ва Севинч таклиф қилиниб, фильмда роль ижро этган кўзга кўринган актёрлар-у, бошқа ижодкорлар зал четидаги йўлакда анча кутиб қолишди. Улар саҳнага таклиф қилингач, устоз санъаткор Лутфулла Саъдуллаев вазиятни бирмунча юмшатиб, ҳазил-ҳузул гаплари билан томошабинларнинг кўнглини кўтарди.

Шуҳрат Мавлонов тўпланганларга миннатдорчилик билдириб, ижодкорларни бирма-бир таништирди. Сўзининг якунида режиссёр, фильмнинг мукаммал эмаслигини яхши англаган ҳолда, мавжуд камчиликлар учун олдиндан узр сўради ҳамда бу унинг биринчи иши эканлигини инобатга олишни сўради.

Картина намойишини яна бироз кутишга тўғри келди. Шароф ва Севинч фильм саунд-трэкини саҳнада ижро этишди. Ниҳоят, чироқлар ўчди.Фильм бош қаҳрамоннинг қамоқдан озод қилинишидан бошланади. Йўлида учраган биринчи машинага ўтириб, Тошкентга йўл олган йигит ҳорғин бир аҳволда кўзларини юмади. Экранда 3 йил илгариги воқеалар жонланади. Қаҳрамон ўз севгиси қиссасини эсга олади...

Бир қарашда фильм Ўзбекистонда кўплаб суратга олинаётган муҳаббат мавзусидаги картиналардан деярли фарқ қилмайди. Таниш саҳналар, кутилган образлар (бош қаҳрамонларнинг ота-онаси, университет ўқитувчилари ҳам ўзларини тамоман кутилганидай тутади). Лекин фильм охирига яқинроқ сюжетда кутилмаган бурилиш содир бўлди ва томошабинларни маълум маънода таажжубга солди. Бу бурилиш нимадан иборат эканлигини айта олмаймиз.

Видеотасманинг бошқа ўзига хосликлари кўзга ташланмади.Ижобий ҳолатлардан яна бири анъанавий бўлиб қолган хэппи-энднинг йўқлигидир. Севги қиссасининг яхшилик билан тугаши ёмон эмас, албатта, лекин хилма-хиллик муваффақият гаровидир.

Бундан ташқари, комик актёр Санжар Шодиев жиддий роли билан ҳайрон қолдирди. Одатда унинг қиёфаси экранда кўриниши билан томошабинлар юзига табассум югуради. Лекин бу сафар актёр ҳеч кимни кулдирмайди.Яна бир қизиқарли, иккинчи даражали, лекин муҳим ролни Убайдулла Омон ижро этди. Умуман, кейинги йиллар бу актёр Ҳолливуд юлдузи Морган Фрименнинг амплуасига кириб қолаётганини таъкидлаб ўтишимиз керак.

Содда, ўзига яраша ушбу фильмдан томошабинлар ўзларига бирор яхши хулоса чиқаришди, шекилли, унинг якунидан сўнг кинозалдан чиқиб кетаётганлар орасида бир қанча ижобий фикрлар эшитдик. Шу боис фильмнинг камчиликларига урғу бермай, ёш режиссёрни биринчи фильми билан табриклагимиз ҳамда унга муваффақият тилагимиз келди.
loading...
Всего комментариев: 0
avatar