Главная » 2017 » Май » 25

“Баркамол авлод-2017” спорт ўйинлари бошланди: ҳозирча пойтахтликлар олдинда


  • Ies_92uz
  • 25 Май 2017(18:23)
  • 90
  • 0

“Баркамол авлод-2017” спорт ўйинларининг дастлабки медаллари сузиш бўйича иштирокчиларга насиб этди.

Бугун, 25 май куни Жиззах вилоятида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасидаги “Баркамол авлод-2017” спорт мусобақаларига старт берилди. Жиззах орадан 16 йил ўтиб, ушбу мусобақага иккинчи марта мезбонлик қилмоқда. 
    Кеча, 24 май куни Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган “Физика-Қуёш” илмий - ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтининг қуёш ўчоғидан аланга олдирилган “Баркамол авлод-2017” спорт ўйинларининг машъаласи Жиззах шаҳрига кириб келганди.

“Баркамол авлод-2017” спорт ўйинларининг дастлабки медаллари сузиш бўйича иштирокчиларга насиб этди. “Сўғдиёна” универсал спорт мажмуасида “Баркамол авлод – 2017” саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган энг сара спортчилар брасс, чалқанча, баттерфляй, эркин ҳамда аралаш эстафета усулларида сузиш бўйича ўзаро куч синашди.
 
Қизлар ўртасида эллик метрга баттерфляй усулда сузиш баҳсларида қашқадарёлик Фотима Амилова марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтиб, олтин медаль соҳиби бўлди. Шу масофага ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда андижонлик Зуфар Абдулазизов биринчи ўринни эгаллади.
Ўсмирлар ва қизлар ўртасида эллик метрга чалқанча усулда сузиш баҳсларида пойтахтлик спортчилар Ирина Ушакова ва Алексей Тарасенко шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.
Юз метрга баттерфляй усулда сузишда қорақалпоғистонлик Маржина Ўразимбетова ва пойтахтлик Артём Козлюк энг яхши натижа қайд этди.
Икки юз метрга эркин усулда сузиш баҳсларида андижонлик Шаҳноза Содиқова ва Навоий вилояти вакили Олимжон Одилов ғолиб чиқди. Қизлар ўртасида аралаш эстафета мусобақасида Қашқадарё вилояти, ўғил болалар ўртасида Тошкент шаҳри жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.
Сузиш бўйича мусобақаларнинг биринчи куни натижаларига кўра, энг кўп очко жамғарган Тошкент шаҳри жамоаси биринчи, андижонликлар иккинчи, кашқадарёликлар учинчи ўринни эгаллашди. Мусобақалар якунида ғолибларга диплом ва совғалар топширилди. 

Всего комментариев: 0
avatar