Главная » 2016 » Январь » 31

"Барон"нинг дисклари 5.000 сўмдан сотиляпти


  • voydodaxek
  • 31 Янв 2016(22:03)
  • 709
  • 0

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги фильмнинг “видеоқароқчилар” томонидан ўзлаштирилиши юзасидан расмий билдириш берди. “Барон” фильмининг контрафакт нусхалари ноқонуний сотаётганларга Давлат Солиқ қўмитаси, ИИВ томонидан чора кўрилади.

 

Режиссёр Рустам Саъдиевнинг “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан режиссёр Рустам Саъдиев томонидан суратга олинган “Барон” фильмининг контрафакт нусхаларининг сотилиши ўтган ҳафтанинг энг эътибордаги воқеаларидан бири бўлди. Ҳафта бошида фильмнинг дисклари бозорлар, шаҳар кўчаларидаги баъзи дўконларда 30-40 минг сўмдан пулланган бўлса, бугун унинг нархи 5 минг сўмга тушган. Кузатувларимиз натижасида диск дўконига кирган ҳар 10 та одамдан 8 таси “Барон”ни сўраётгани, қолганларига дўкондагиларнинг ўзи тавсия қилаётгани аниқланди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги фильмнинг “видеоқароқчилар” томонидан ўзлаштирилиши юзасидан расмий билдириш берди.
 
 
“Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бир қатор бозорлар ва бошқа савдо ҳудудларида “Барон” фильмининг контрафакт нусхалари ноқонуний тарзда сотилаётгани ҳақидаги хабарларнинг пайдо бўлиши агентлик томонидан Интеллектуал мулк агентлиги,  Давлат солиқ қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда аниқ чоралар кўришни тақазо қилди.
 
Ҳозирги кунда “Барон” фильмининг контрафакт нусхалари тарқатилишига чек қўйилишини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,  Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларининг тегишли Ишчи гуруҳлари аъзолари билан ҳамкорликда мониторинг тадбирлари ташкил этилмоқда.  Аниқланган ҳар бир қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ваколатли давлат органлари томонидан қонунбузарларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кўрилиб,  улар томонидан етказилган моддий зарарларнинг тўлиқ ундирилиши таъминланади”, – дейилади “Ўзбеккино” хабарида.

Катта маблағ, меҳнат ва вақт сарфланган “Барон” фильмининг “қора бозор”да сотилиши бу мавзуга жиддий эътибор бериш вақти келганинини, кинотеатрлардаги назоратчиларлар, умуман олганда фильмнинг намойишларига дахлдор бўлган кишиларнинг масъулиятини янада ошириш, фильм “видеоқароқчилар” томонидан ўзлаштирилгудек бўлса уларга қонун йўли билан чора кўриш кераклигини англатмоқда. Хоҳ солиқ қўмитаси вакили, хоҳ ИИВ ходими ёки режиссёрнинг ўзи бозорлардаги истаган диск дўконига кирса “Барон” бамайлихотир сотилаётганининг гувоҳи бўлади. Уларни қўлга олиш, воқеа сабабларини ўрганиш учун йиллар давомидаги махсус кузатув шарт эмас, бизнингча. Темирни қизиғида босиб, учқун алангага айлангунча уни сўндириш керак.  
Всего комментариев: 0
avatar