Главная » 2017 » Июнь » 13

Бомбей ва Мумбайни фарқлолмаган Отабек Муталхўжаев қўшиқни фарқлай олармикан?


  • Ies_92uz
  • 13 Июн 2017(15:57)
  • 539
  • 0

Бу қўшиқни куйлашдан ортиқ шармандалик бўлмаса керак хонанда учун. Қўпол танқид учун бизни койиманг.

 

Қўшиқчиликнинг кундан кунга саёзлашиб, ҳаваскорлик даражасидагилар ҳам катта саҳналарда ер тепинаётгани, беш кунлик қўшиқлар сони кун сайин ортаётгани сизу бизга сир эмас. Жонли ижро нарироқ турсин, ҳатто, фонограммага ҳам қойиллатиб овоз қимирлатиб беролмайдиганлар замоннинг зайли билан “экран юлдузи”га айланди. Айтилаётган қўшиқнинг мазмуни, унда қандай ғоя ва мақсад илгари сурилаётгани на қўшиқчини ва на мухлисни ўйлантиряпти. Албатта, орамизда сарагини саракка, пучагини пучакка ажрата оладиганлар ҳам талайгина. Бироқ уларга мос ижодкорлар етарлими?
 
Бундан бироз аввал “Ниҳол” мукофоти совриндори хонанда Дилсўзнинг “Чойнак-пиёла” ва “Уйланасизми, йўқми?” номли қўшиқларини таҳлил қилган эдик. Хонанда танқидлардан тўғри хулоса чиқариш, айтаётганига яхшилаб назар ташлаш, ижодга виждонан ёндашиш ўрнига осмонга сакради. Ижтимоий тармоққа қўшиқдан парчани жойлаштириб, гўё бизни ўқимаган, бефаросатга, санъатни тушунмайдиган одамга чиқарди. Унга шериклар ҳам топилди. Албатта, қўшиқчининг айтаётган қўшиғи қандай бўлса, унинг мухлиси ҳам шунга яраша бўлади-да. Майли, биз Дилсўздан ранжимадик. Аксинча, у ич-ичидан хатосини тан олишига, келгуси қўшиқларида биз айтган камчиликларни такрорламаслигига ишонамиз.
 
Бугун эса навбат “Ниҳол” мукофотининг яна бир совриндори Отабек Муталхўжаевга етди. Шу ўринда савол туғилади: “Ниҳол” мукофоти Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таъсис этилган юксак мукофот саналади. Мазкур мукофотни топшираётган ташкилотлар, хусусан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси (собиқ “Ўзбекнаво”) хонандалар мукофотни олганидан кейин қандай ижод қилаётгани, нима ҳақида куйлаётгани, клипларидаги ҳолатларни текширармикин? Бизнингча, йўқ. Мукофотланганга ҳам, мукофотланмаганга ҳам эътибор бирдай. “Ўзбекконцерт” (собиқ “Ўзбекнаво”) учун тўрт киши йиғилса, мажлис қилиш одатга айланган. Бироқ мажлислардан натижа бўляптими? На маданияти ва на санъати, айтаётган қўшиғию клипи билан санъаткор деган номга нолойиқлар мажлисларда кўринмайди. Калтак доимгидек рисоладагидекларнинг бошида синади.
 
Биз юқорида хонанда Отабек Муталхўжаев ҳақида бежиз сўз очганимиз йўқ. Унинг “Бомбей-Мумбай” номли қўшиғи бизни қоғоз қоралашга мажбур этди.
 
Отабек Муталхўжаевни ёш хонанда дейишга тилинг бормайди. Қандай бўлишидан қатъи назар, унинг санъат оламида камида 10 йиллик тажрибаси бор. Шунда ҳам у нима ҳақида куйлаётганини чуқур ўйлаб кўрмайдиганлар сирасига киради. Йўқса, “Бомбей-Мумбай” номли қўшиқни (буни қўшиқ деб бўлармикин) куйламасмиди...
 
Қўшиқда шундай дейилади:
 
Меҳмонга чақирди Салмон Хон,
Атайлаб бордим Бомбейга.
Рекшада роса айландим,
Адашиб қолдим Бомбейда.
 
SMS ёзди Саиф Али Хон,
Кутиб оламан деб Мумбайда.
Пешонам қурсин алдандим,
Дубай деган Мумбайда. 
 
Қўшиқнинг мусиқаси ўйноқи, ҳар қандай одамни рақсга чорлаши аниқ. Лекин унинг сўзларини ёзган одам шеъриятдан буткул йироқлиги шундоқ сезилиб турибди. Биз нохолис фикр юритаётгандирмиз. Хўш, сиз юқоридаги сўзлардан нима маъно топдингиз? Қўшиқлар савиясиз бўлиб кетди, деган гаплар айнан шунга ўхшаш қўшиқларга аталмаганми? Ё бундан-да савиясиз қўшиқлар борми?
 
Ҳар қандай ижод маҳсули – у хоҳ тасвирий санъат асари, хоҳ бадиий ижод, хоҳ саҳна асари бўлсин, томошабинга, тингловчи ва ўқувчига маънавий озуқа бериши шарт. Аслида санъатнинг вазифаси ҳам шунда. Минг афсуски, бугун санъатни кўнгилхушликка айлантираётганлар, камига бутун дунёда санъат маъанавиятни тарғиб қилмайди, унинг вазифаси одамларни кўнгилхушликка ундаш, деб иддао қилаётганлар ҳам талайгина. Бугунги танқиддан кейин ҳам шундай иддаолар кўпайса кўпаядики, камаймайди. Ҳар ҳолда санъат аҳли танқиддан тўғри хулоса қилган куни осмон узилиб, ерга тушади.
 
Қўшиқнинг нақорати одамнинг асабини янада қитиқлайди. Бошқаларни билмадик, аммо бизда шундай кечди.
 
Бомбейдаман, бомбейда, 
Нега келдим Бомбейга? 
Бомбейдан, о, Бомбейдан,
Борсаммикан Мумбайга?
 
Мумбайдаман, Мумбайда,
Ёғир ёғди Мумбайда.
Алдашди Ҳиндистонда, 
Кетсаммикан Дубайга? 
Алдашди Ҳиндистонда, 
Оташ бўлди шарманда.
 
Бу қўшиқни куйлашдан ортиқ шармандалик бўлмаса керак хонанда учун. Қўпол танқид учун бизни койиманг. Боиси санъаткорликка даъво қилганлар нима ҳақида куйлаётганини жиддий ўйлаб кўриш фурсати етди. Шунча вақт ёш дедик, кўз юмилди. Лекин натижа қани? Бу гап нафақат Отабек Муталхўжаевга, балки бошқа хонандаларга ҳам тегишли.
 
Телеканалларга ҳам ҳайронсан. Авваллига Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг мақсад вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ёшларга мос давлат каналини ташкил этдик, деган баландпарвоз гап билан майдонга чиқишадию, орадан кўп вақт ўтмай, ёшлар маънавиятини оширишга эмас, аксинча, туширишга хизмат қилишади. Рад этишга шошилманг. Агар мақсад қоғозда ёзилганидек бўлганида эди, Отабек Муталхўжаевнинг бу қўшиғи “MY5” ва “Milliy TV” телеканаллари эфиридан ўрин олмаган бўларди.
 
Сўнгги хулоса ўзингиздан...

Всего комментариев: 0
avatar