Главная » 2017 » Июнь » 3

Бугун финал: “Ювентус” - “Реал”. Неча йиллик “қора анъана” бузиладими?


  • Mirkarimoff
  • 03 Июн 2017(22:34)
  • 368
  • 0

Бугун, 3 июнь куни Уэлс мамлакатининг Кардифф шаҳрида жойлашган “Милениум” стадионида Европа Чемпионлар лигасининг финал учрашуви бўлиб ўтади. Унда Испаниянинг “Реал” ва Италиянинг “Ювентус” клублари ўзаро баҳс олиб боришади. Мадридликлар ўтган йили финалга чиқиб, “Атлетико”ни мағлуб этишганди. “Юве” эса 2015 йилги финалда “Барселона”га имкониятни бой берган. Жорий мавсум мусобақада 78 та жамоа иштирок этди. Умуман олганда, турнир 62-марта ўтказилмоқда. Турнир Европа Чемпионлар лигаси деб аталганига 25 йил тўлди.
 
Илк бора турнир 1955-1956 йиллар мавсумида ўтказилган. 1990-1991 йиллар мавсумига қадар мусобақа Чемпионлар кубоги деб аталган. Турнирда 22 та клуб зафар қучган. Шундан 12 таси бир мартадан кўп ғалаба қозонган. Испания жамоалари мусобақада 16 марта бош совринни кўтаришган. Совринларни ютиш борасида “Реал” рекордчи ҳисобланади – 11 марта. Чемпионлар лигаси деб аталган 1992 йилдан буён бирорта клуб турнирда қаторасига икки марта ғолиб бўлмаган. Умуман олганда, охирги марта “Милан” қаторасига икки марта зафар қучган - 1989 ва 1990 йилларда.
 
Олдинлари мусобақада фақат мамлакат чемпионлари ва турнирнинг амалдаги ғолиби иштирок этарди. 1997-1998 йиллар мавсумидан айрим мамлакатларнинг иккинчи ўринни олган жамоалари ҳам мусобақада қатнаша бошлашди. Албатта, бунда федерациянинг УЕФА коэффициентлар жадвалидаги ўрнига эътибор қаратилган. Айни пайтда эса коэффициентлар жадвалининг юқори ўринларидаги мамлакатларнинг тўрттадан жамоалари ЕЧЛда иштирок этади.
 
1960-2004 йиллар давомида Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан жамоа Либертадорес кубоги эгасига қарши Қитъалараро кубок учрашувида майдонга тушарди. Айни пайтга келиб ЕЧЛ ғолиби клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этади.
 
Мукофот жамғармаси
 
2015-2016 йиллар мавсумидан бошлаб УЕФА Чемпионлар Лигасига чиққан ҳар бир жамоа учун 2 миллион евродан мукофот берилади. Гуруҳ босқичида иштирок этган жамоалар эса 12 миллиондан олишади. Гуруҳ босқичидаги ҳар бир ғалаба учун 1,5 миллион, дуранг учун эса 500 минг евро берилади. 1/8 финалга йўл олган ҳар бир жамоа 5,5, чорак финалга чиққанлар эса 6 миллион евродан олишади. Ярим финалчиларга 7 миллиондан берилади. Финалчига 10,5 миллион тегса, ғолиб 15 миллион евро олади.
 
Ҳомийлар
 
Лига ташкил этилганда бир қарор чиқарилган. Унга кўра, турнир ҳомийларининг сони саккизтадан ошмайди. Келишувга биноан, бу компаниялар майдонда 4 тадан реклама шитига эга бўлишади ва ўйинларнинг танаффус пайтида реклама вақтига эга бўлишади.
 
Айни пайт қуйидаги компаниялар ЕЧЛнинг ҳомийлари ҳисобланишади:
 
Nissan, Heineken, MasterCard, Adidas, UniCredit, Gazprom, Pepsico, PlayStation.
 
Соврин
 
ЕЧЛда ғолиб чиққан жамоа кубокни ўз музейида 10 ой сақлаш ҳуқуқига эга. Шундан сўнг совға сифатида кубокнинг кичрайтирилган нусхаси берилади. Мусобақада қаторасига 3 марта ёки умумий ҳисобда 5 марта ғолиб чиққан жамоа кубокни бутунлай ўзиники қилиши мумкин.
 
Биринчи Чемпионлар кубоги “L’Еquipe” газетаси томонидан ишланган. “Реал” дастлабки бешта турнирда ғалаба қозонгани боис кубокни доимий ўзиники қилган.
 
Кейинги кубок дизайн жиҳатидан биринчисидан фарқ қилган. Уни бёрнлик заргар Юрг Штадельманн ясаган. Кубокнинг баҳоси 10 минг Швейцария франкини ташкил қилган. Бўйи 62 см. Оғирлиги: 7,5 кг. бўлган. Кейинги кубокларни тайёрлашда айнан шундан нусха олинган.
 
Кубокни бутунлай сақлаш қуйидаги клубларга насиб қилган. 
 
“Реал” - қаторасига 5 та ғалабадан сўнг (1960)
“Аякс” - қаторасига 3 та ғалабадан сўнг (1973)
“Бавария” - қаторасига 3 та ғалабадан сўнг (1976)
“Милан” – 5 та ғалабадан сўнг (1994)
“Ливерпуль” – 5 та ғалабадан сўнг  (2005)
“Барселона” – 5 та ғалабадан сўнг (2015).
 
Турнир тўпурарлари:
 
Криштиану Роналду (Португалия) 103 та, Лионель Месси (Аргентина) 94 та, Рауль (Испания) 71 та, Рууд ван Нистелрой (Голландия) 56 та, Карим Бензема (Франция) 51 та, Тьерри Анри (Франция) 50 та, Альфредо Ди Стефано (Испания) 49 та, Андрей Шевченко (Украина) 48 та, Златан Иброҳимович (Швеция) 48 та.
 
Энг кўп ўйин ўтказган футболчилар:
 
Икер Касильяс 172, Хави 151, Рауль 149, Райан Гиггз 145, Паоло Мальдини 145, Криштиану Роналду 138, Карлес Пуйоль 128, Роберто Карлос 127, Кларенс Зеедорф 125, Пол Скоулз 124.a

Всего комментариев: 0
avatar