Главная » 2015 » Январь » 2

ЭЪТИРОФ-2014! ЭНГ ШОВ-ШУВЛИ ТАФСИЛОТЛАР!


  • Admin
  • 02 Янв 2015(16:14)
  • 780
  • 0

“Эътироф-2014”! Кенг қамровли тақдимот энг муносибларни эътироф этди. Мусиқа, кино, ТВ, радио, спорт ва амалий санъат ривожида йил давомида меҳнатини аямаган юртдошларимиздан бир гуруҳи тақдимот ҳайкалчаси ва 2 миллион сўмлик чек билан уйига қайтди!

Бундай юксак мақомдаги шоу дастурини ташкил этишнинг ўзи бўлмайди. Қанча меҳнат, қанча асаб, қанча ғоя керак!

Келинг, тақдимот маросими тафсилотларига тўхталамиз.

1.Бу гал тақдимот бош режиссёри Саъдулла Абдуллаев елкасига юклатилди. Аниқроғи, ишониб топширилди. "Эътироф-2013”да режиссёр Рустам Шамсутдинов бўлганди. Икки “гигант” режиссёр ўзига хос йўналишга эга. Бармоқлари узукка тўла (бу унинг ўзига хос имижи) Шамсутдинов кўпроқ креативликка ёндошса, “Она Замин юлдузлари” ва “Сен азиз ва муқаддассан, аёл” шоулари билан танилган Абдуллаев шов-шув кўтаришни хуш кўради.

2.Шов-шув ”Истиқлол” саройи вестибюлидан бошланди. “Тирик” ҳайкаллар, “жонли” картиналар томошабинлар диққатини тортди. Шар устидаги қиз, маликани бир қўлида кўтарган паҳлавон кўринишлари кўпчиликни ҳайратга солди. Ахир, икки соат давомида қимирламасдан, гўё лойдан яасалгандек қотиб туришнинг ўзи бўладими?! “Тирик” ҳайкалларнинг сабрига қойил! Бу ҳам майли. Картина қутисида образ яратиб турганлар-чи? Улар орасида машҳур раққоса Паризодани ҳам учратиш мумкин эди. Оппоқ либосда “Баҳор маликаси” қиёфасида “жонли” картина яратган раққосани суратга олиш иштиёқидагилар нақ ярим зални тўлдирадиган томошабинлар эди десак муболаға бўлмас! Ахир, саҳнада тинмай рақсга тушадиган “рақс париси”нинг “қотиб” туришини ҳар доим ҳам кузатавермайсан-да, киши! Яна 3 метрлик мусиқачиларни айтмайсизми? Уларнинг мусиқий асбобни шунчаки ушлаб турмай, жонли мусиқада куй чалгани таҳсинга арзигулик!

3.Энди саҳна ортига ўтсак. Бунча одам кўп? 4200 томошабин залда бўлса, нақ шунча одамнинг ярмига тенг ижодкорлар саҳна ортида ҳалак! Рақс гуруҳлари, мусиқачилар, доирачилар, актёрлар, журналистлар, овоз созловчилар, операторлар, хонандалар, администраторлар... Хуллас, юлдузлар ва юлдуз бўлмаганлар бир-бирлари билан яқиндан кўришишга, суҳбатлашишга, “ичидан ёниши”га, қай бири кибрини кўрсатишга, қай бири сохта хушомадларини билдиришга муваффақ бўлишди!

4.Саҳна декорациясида бирон “глобал” янгилик йўқ. Шу экранлар бор бўлсин! Мукофотнинг рамзий баланд ҳайкаллари ва... Йўқ, бошқа ҳеч нарса! Балки, ортиқчалик қилгандир? Бироқ, айрим хонандаларнинг яккахон концертларида бундан-да ҳашаматли саҳна декорацияларини кўрганмиз. Маблағни тежашган ё ортиқча дабдабани хушлашмаган!

5.Залнинг олд қаторларида башанг либослардаги (дизайнерларнинг бозори чопиб, бутиклар савдоси чаққонлашган бўлса, ажабмас)  машҳурларнинг номинацияга қўйилганлари қаттиқ ҳаяжон билан ўтирди. Энг қизиғи, одатда айрим тақдимотларда ким ғолиб бўлишидан зудлик ила хабар топишарди! Бу галги сир тутишлар “Оскар”дан қолишмади. Конверт очилиб, ғолиб номи эълон қилинмагунига қадар юлдузлар ҳаяжондан зир титрашди!

6.Энг шов-шувли мусиқий чиқишлар Алишер Файзнинг Райҳон ва Йигиталига бағишлаб куйлаган ҳазил таронаси жаранг сочганда “дарғазаб” Йигиталининг саҳнага чиқиб, Файзни “қўрқ”итгани ва НилуФар куйлаганида, ёғдирилган сунъий ёмғир бўлди!  Саъдулла Абдуллаев “ёмғиршунос” бўлиб кетгани рост. У бир пайтлар Гулсанам Мамазоитованинг яккахон концертида ҳам шундай ғояни реалликка айлантириб, томошабинларни ҳайратга солганди!  

7.Шоунинг жуда узоқ давом этгани кимларни хурсанд қилган бўлса, кимларни зериктириб қўйди. Ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши! Концертда мусиқий чиқишларни бармоқ билан бир неча маротаба санаш мумкин!

8.Мукофот топширувчилар ва ғолибларнинг дилидагиларни сўзлаши учун маълум вақт белгиланмаганлиги панд берди-ёв... Шоунинг  5 соатдан ортиқ давом этгани оч қолганлар егулик олиб кириб, зални таом ҳидига тўлдиришига ҳам сабаб бўлди!

9.”Йил актёри” номинантлари эълон қилинганда, залдагилар Матёқуб Матчанов учун чалган олқишлари қулоқни “йиртиб” юборай деди. Бироқ, ғолиб Мирза Азизов бўлди. Сўнгра, уни ҳам шундай олқишлашди. “Йил хонандаси”да ҳам шундай ҳол юз берди: “Шаҳзодамания”чилар қийқириғи унинг нақадар машҳурлигидан нишона берди. “Муниса Ризаева!” деб қичқирганлар ҳам топилди. Ғолиблик Мунисага насиб этганида, хонанданинг қувонч кўзёшлари макияжини ювди. У мукофотни илҳақ кутганидан нишона бу! Мукофотни қўлга олар экан, ҳаяжондан титраб, узоқ кутган ҳайкалчани тушириб юборди... Томошабинлар орасида пичир-пичир бошланди: “Кўз тегди!”

10.Маросимнинг ҳаддан зиёд чўзилганини инобатга олиб ё масъул ходимларнинг жўяли маслаҳатларига таянибми, режиссёр режадаги 30 дақиқалик мусиқий чиқишни қисқартирди. Ўша “олиб ташланган” қисмда Озодбекнинг француз тилидаги опера хониши, Гулсанам Мамзоитова ва Отабек Муҳаммадзоҳид дуэти каби шов-шувли ижролар бор эди!

11.Маълумотларга қараганда, тақдимотда иштирок этган 4 юлдуз битта дизайнер либосларида намоён бўлишди. Дилдора Қосимова бундай бахтли воқеага шоҳид бўлиш учун улардан кўз узмади. Шаҳзода, Дилсўз, Гулсанам ва Озодбек кабилар Қосимова ишининг мухлислари эканлигини англаш мумкин!

12.Бир неча бошловчилар ўз маҳоратларини кўрсатди. Улар орасида Нилуфар Сотиболдиева ва Акмал Мирзо истеъдодига тан бермасдан илож йўқ! Яхшиям, уларни танлашибди! Бўлмаса... Нилуфар “интернейшнл” бошловчи. У ўзбек, рус ва инглиз тилларида (яна бошқа хорижий тилларни ҳам мукаммал билишига шубҳа йўқ!) жуда равон ва мантиқан сўзловчи энг машҳур бошловчи саналади. Буни кўп бора исбот эта олган. Акмал Мирзонинг микрофонсиз ҳам залнинг охирги қаторларига етиб боргудай жарангдор овози шоуни жонлантиргани рост! Овозмисан, овоз! “Минғир-минғир” сас чиқарган айрим бошловчилар улардан ўрнак олса, ўзлари учун фойдадан холи бўлмасди!

11.”Эътироф-2014” ғолиблари ва бошқа воқеаларни телеканалларда томоша қилиб, янада батафсилроқ маълумотларга эга бўлишингиз мумкин!

“Эътироф-2015”га йил давомида тайёргарликни бошлашса, нур устига аъло нур бўлур эди. Ахир, бу тақдимот икки йил ичида “Энг нуфузли шоу”га айланишга улгурди. Санъат ва маданият, спорт аҳли учун бу мукофот - интилиш муқаррар бўлган яна бир бош мақсадга айланганини инобатга олсак, улар йил давомида халқ ва давлатнинг чин эътирофини қозонишга ёниб-куйиб ҳаракат қилади, бор имкониятини ишга солади! Муҳими, “Эътироф”ни қўлга киритганлар янада жавлон урсин, фидойиликдан чарчашмасин! Ахир, ўрнак бўлганларга қараб, шу мукофотни қўлга киритиш, истеъдодни кўпроқ ишга солиш иштиёқи кучаяди-да! Ҳаммага омад ёр бўлсин!

Жасур ҲАМРОЕВ       

Всего комментариев: 0
avatar