Главная » 2018 » Январь » 7

“Эътироф” этмаймиз, “Эҳтиром” кўрсатамиз: Мукофотланганлар бунга лойиқми?


  • Ies_92uz
  • 07 Янв 2018(19:33)
  • 183
  • 0

Хуллас тақдирлаш маросимидан орттирган таассуротларимиз кўп, кўзимиз илғаган камчиликлар, хатоликлар ҳам. Буларни ҳозирча хулоса қилишлари учун вазирлик ходимларнинг қулоғига шипшитамиз. Ҳар ҳолда вазирлик ташкил этилганига эндигина бир йил тўлди, жамоа э

 

Аввалроқ, “Эътироф” мукофоти тугатилиб, унинг ўрнида, янги “Эҳтиром” мукофоти таъсис этилгани (ўйлаб топилгани) ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан дунёга келган ушбу мукофотнинг илк совриндорлари кимлар бўлди? Кеча, 6 январь куни Тошкентдаги “Наврўз” ресторанида “Эҳтиром” мукофоти тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда маданият ва санъат оламининг кўзга кўринган вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
 
34 номинация бўйича танлаб олинган ғолибларга мукофотлар топширилди.
 
Номинациялар “Эътироф” мукофотиникидан деярли фарқ қилмайди. Фақат “Йил театршуноси”, “Йил клипмейкери”, “Йил мусиқа сайқалчиси”, “Йил созандаси”, “Йил балет артисти”, “Йил фольклор жамоаси”, “Тасвирий санъат жонкуяри” каби янги номинациялар қўшилган.
 
“Йил эстрада хонандаси” номинациясида аёллардан Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, эркаклардан Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ғолиб деб топилди. Юлдуз Усмоновага келсак, у йил бўйи тиним билмади. Концерт дастурини тақдим этди, вилоятлар бўйлаб гастроль концертларини берди. 20 тадан ортиқ қўшиқ яратди. Фаррух Зокиров-чи? Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 август куни маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан ўтказган йиғилишида “Ўзбекистон халқ артистлари клуби”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифидан сўнг, Фаррух Зокиров “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошида ташкил этилган “Ўзбекистон халқ артистлари клуби” раиси этиб тайинланди. Хўш, бу клуб қандай фаолият юритяпти, қандай муаммоларни ҳал этяпти? Йил якунидаги ҳисоботи қандай бўлди? Ҳозирча бу саволларга жавоб топганимиз йўқ. Агар Зокировнинг йил бўйи эмас, аксинча, бугунгача қилган меҳнатлари инобатга олиниб, “Йил эстрада хонанда” мукофоти ўрнига бошқа мукофот топширилганда, мақсадга мувофиқ бўларди.
 
Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева “Йил анъанавий қўшиқ ижрочиси”, Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева “Саҳнамиз фариштаси”, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев “Йил режиссёри”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Қўчқор Норқобил “Йил драматурги”, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов “Креатив лойиҳалар муаллифи” номинацияларида мукофотларни қўлга киритдилар.
 
Шунингдек, “Йил спектакли”, “Йил актрисаси”, “Йил актёри”, “Йил театр рассоми”, “Йил театршуноси”, “Йил анъанавий қўшиқ ижрочиси”, “Йил эстрада хонандаси”, “Йил клипмайкери”, “Йил оркестри”, “Йил мусиқа сайқалчиси”, “Йил созандаси”, “Йил балетмейстери”, “Йил балет артисти”, “Йил раққосаси”, “Йил фольклор жамоаси”, “Тасвирий санъат жонкуяри”, “Маданият соҳасининг фаол оммавий ахборот ходими”, “Йил телерадиожурналисти”, “Йил ижтимоий тармоғи”, “Саҳнамиз фариштаси”, “Кўп йиллик самарали меҳнатлари учун”, “Ташаббускор ҳудудий бошқарма бошлиғи”, “Йил маданият жонкуяри”, “Йил музей ходими”, “Энг намунали маданият ва аҳоли дам олиш маркази”, “Йил фидойи маданият ходими”, “Йил маданий мерос объекти ходими”, “Йил маданият соҳасининг ташаббускор ҳокими”, “Йилнинг фаол сухандони” номинациялари бўйича лойиқ ва нолойиқлар (!) мукофотланди.
 
Шу ўринда савол туғилади: мукофотлар берилаётганда халқнинг фикри ўрганиладими? Аслида-ку бугун ҳар бир телеканал, ҳар бир ташкилот ўзи учун янги мукофотни ўйлаб топган. Уларнинг кўпи икки-уч йилга бормаяпти. Шундай экан, бунда “Йил” сўзини қўллаш тўғрими?
 
Республикадаги десам, баландпарвоз бўлади. Шу бугунгача Тошкентдаги барча театрларга борганман, Ўзбек миллий академик драма театридан тортиб, “Дийдор” театр студиясининг айрим спектаклларини бир неча бор томоша қилганман. Аммо Ўзбекистон Давлат академик рус драма театрига ҳеч йўлим тушмаган экан. Куни кеча “Ревизор”ни кўргани бордим. Ижро, муҳорат, актёрларнинг саҳнада “яшаётгани” мени қойил қолдирди. Муҳими, залда бўш ўриндиқни учратмадим. Эртасига театр маъмуриятига қўнғироқ қилиб, спектакль учун раҳмат айтдим. Гўшакни кўтарган киши (исми ва лавозими эсимда йўқ) бу спектакль яқинда саҳналаштирилганини, шу кунларда Санкт-Петербургга гастроль сафарига кетилаётганини айтди. Қизиқ, охирги йилларда қайси театр спектакли билан хорижда бўлди? Аммо Ўзбекистон Давлат академик рус драма театри неча йилдирки, “Эътироф”, “Эҳтиром” каби мукофотларга лойиқ кўрилмас экан. Қизиқ!
 
Хуллас тақдирлаш маросимидан орттирган таассуротларимиз кўп, кўзимиз илғаган камчиликлар, хатоликлар ҳам. Буларни ҳозирча хулоса қилишлари учун вазирлик ходимларининг қулоғига шипшитамиз. Ҳар ҳолда вазирлик ташкил этилганига эндигина бир йил тўлди, жамоа эса энди шаклланяпти.
 
Дарвоқе, мукофотланганлардан Фаррух Зокиров ва Юлдуз Усмонова тақдирлаш маросимида иштирок этмадилар. 

Всего комментариев: 0
avatar