Главная » 2016 » Январь » 14

Фарғонада туяқуш боқиш йўлга қўйилди


  • bekzod
  • 14 Янв 2016(17:03)
  • 364
  • 0
Риштон тумани Боғистон қишлоғида ташкил этилган “STRAUS FARM” Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонасида маҳаллий шароитда туяқуш боқиш йўлга қўйилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилмоқда.

Дастлаб, 306 минг доллар эвазига хориждан 200 бош Африка туяқуши келтирилди. 16 гектарга яқин ер ажратилиб, туяқуш боқиш учун керакли майдон ва ўтлоқлар яратилди.

– Туяқуш парвариши бошқа қушларни боқишдан ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради, – дейди қўшма корхона раҳбари Фарангиз Азимова. – Масалан, туяқуш яйловда ўзи ўт қидиришни хуш кўради. Шу боис, уларни кенг далада боқиш мақсадга мувофиқ.

Туяқуш гўшти дунё озиқ-овқат бозорида мазали ва холестерини кам, парҳезбоп маҳсулот сифатида қадрланади.

Унинг терисидан қимматбаҳо кийимлар, қўлқоп, пойабзал, ҳамён ва сумкалар тикилса, тирноғидан бриллиант ва олмосни тозалайдиган кукун, патидан эса пар ёстиқлар тайёрланади. Шунингдек, юмшоқ мебелларни қоплашда қимматбаҳо хомашё сифатида фойдаланилади.

12-14 ойлик туяқушнинг вазни 100-120 килограммгача бўлиб, ундан 20-25 килограмм лаҳм гўшт, 1,2-1,8 метр квадрат тери олинади. Замонавий тиббиётда унинг пай томирини инсон аъзосига трансплантация қилишда кенг қўлланилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, туяқуш 4 йилда репродуктив ёшга етади ва паррандачиликда бундай қушлар “Бридер” деб юритилади. Уларнинг ўртача тухум қўйиш ёши 10-15 йил, зотдор туяқушлар 40 йил давомида тухум қўяверади. Битта туяқуш 10-12 йил давомида қўйган тухумдан чиққан жўжа гўшти ўртача 72 тоннага етиши мумкин.

Туяқуш 70 йилгача умр кўриши мутахассислар томонидан кузатилган. Катта ёшдаги туяқушнинг бўйи 2,7 метр, вазни 150 килограммдан ортиқ бўлади. Бир туяқуш оиласи 1 мавсум – 10 ой давомида 80-100 тагача жўжа очиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, 1 бош туяқушдан 40-45 фоизгача гўшт олинади. Бу йирик ва майда шохли моллар, ҳатто бошқа паррандалар гўштидан ҳам кўпдир.

Дунё бозорида туяқуш гўштининг ўртача нархи 12-15 евро, ишлов берилмаган хом териси 60 еврони ташкил этади. Совуқ ва ўртача иқлимда етиштирилган туяқуш патининг сифати иссиқ иқлимдагисига нисбатан арзон баҳоланади. Лекин бу ҳам бошқа саноат даражасида етиштирилаётган парранда патидан қимматдир.
Загрузка...
Всего комментариев: 0
avatar