Главная » 2016 » Июнь » 29

Қинғир ишнинг қийиғи: Оғуфурушлар қўлга тушди


  • voydodaxek
  • 29 Июн 2016(12:46)
  • 421
  • 0

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида Ўзбекистон ҳудудига гиёҳванд моддалар билан кириб келган хориж фуқаролари қўлга олинган.

 

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара-божхона комплекси орқали Афғонистондан кириб келган қозоғистонлик фуқаронинг сумкаси божхона кўригидан ўтказилганда, целлофан пакетда гуёки қуритилган шифобахш гиёҳларни олиб ўтаётганлиги аниқланган. Ваҳолангки, улар орасида 13 граммдан ортиқ оғирликдаги 3 дона кўкнор бошоқлари ҳам борлиги фош бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 “Айритом” чегара божхона комплексига ўрнатилган катта ҳажмдаги темир йўл вагонларининг сканер қилувчи қурилма кўмагида Афғонистондан кириб келган темир йўл составидаги вагонлардан бирининг орқа ғилдираклари кўз илғамас бўшлиқларига яширилган 1,2 килограммдан ортиқ опийнинг яширинча олиб кирилишига чек қўйилди.
 
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Амударёнинг Термиз тумани ҳудудидаги қирғоқларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида эса йил бошидан 170 килограммдан ортиқ наркотик моддаларнинг яширин равишда олиб ўтилиши олди олинган.
 
Хизмат итлари кўмагида “Сариосиё” темир йўл чегара божхона постида ҳам қинғир қилмиш фош этилди. “Душанбе-Москва” йўловчи поезди таркибида ҳаракатланаётган вагонлардан бирини божхона кўригидан ўтказиш жараёнида хизмат ити вагон хожатхонаси деразаси ёнида безовталаниб, шартли белгилар намоён қилади. Натижада ушбу дераза ромлари синчиклаб кўздан кечирилганда, унинг қопламаси ичига скотч билан ўралган ўрам хуфёна тарзда жойлаштирилгани маълум бўлди. Ўрам очиб кўрилганда эса, 16 граммдан ортиқ гашиш гиёхвандлик моддаси яширилган экан.
 
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Тожикистондан республикамиз ҳудуди орқали транзит тарзида Қозоғистонга йўл олган юк позеди вагонлари ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, вагонлар устунларининг кўз илғамас бўшлиқларига 30 дона шубҳали ўрамлар яширилганлиги фош қилинди. Ўрамлар очиб кўрилганда эса уларга 18 килограммдан ортиқ героин ва 14 килограммдан ортиқ гашиш моддаси яширилганлиги маълум бўлди.
 
Маълумот ўрнида, Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтган 2015 йилда 425 та қонунбузарликлар фош қилиниб, 435,4 кг. наркотик моддалар олиб қўйилган. Мазкур рақам 2014 йил билан солиштирилганда мусодлара қилинган наркотик моддалар салкам 187 кг.га кўпайган. Бундан ташқари, божхоначилар томонидан ҳамкорликдаги тадбирлар давомида 6 минг донадан ортиқ психотроп таблеткалар, 24,3 минг литр ва 32.7 кг. прекурсорларнинг ҳам ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Теги: Қинғир ишнинг қийиғи: Оғуфурушлар қ

Всего комментариев: 0
avatar