Главная » 2016 » Январь » 7

Хонандами ёки фонанда?


  • Admin
  • 07 Янв 2016(18:03)
  • 363
  • 0

Ҳозирги кекса авлод вакиллари яхши билишади. Ўтган асрнинг 60-70- йилларида хонандаларнинг уч тоифаси бўларди. Биринчи тоифага профессонал хонандалар, иккинчисига ҳаваскорлар, учинчисига “отарчи”лар кирарди.

Телевидение ва радиода асосан профессионал хонандалар қўшиқ куйласа, онда-сонда ҳаваскорларга ҳам ўрин бериларди. Профессионаллар фақат ўзларининг қўшиқларини куйлашарди.Хатто тўйларга бориб қолишса, минг илтимос бўлишига қарамай, бошқа ҳамкасбларининг қўшиғини куйлашни ўзларига ор деб билишарди. Ҳаваскорлар теле-радиога чиқадиган бўлса, албатта қўшиқ матни ва мусиқаси муаллифини айтишарди. Отарчилар эса кимники тўғри келса шунинг қўшиғини айтиб кун кўрарди.

Айнан шу тоифадагилар теле-радиога яқин йўламас, бунга ўзларининг ҳам виждони йўл қўймасди. Ҳозир эса вазият тамоман акси. Профессионалларимиз ҳам уялмай-нетмай, овози етадими ёки йўқ, ўзгаларнинг қўшиқларини куйламоқда. Тўй-ҳашам каби тадбирларда бу ишни қилишса хафа бўлмасдик. Аммо юзингда кўзинг борми, демай машҳур қўшиқларни ўзиникидек қилиб телевидение ва радиода “айлантиришмоқда”. Бу юздаги холга эмас, худди сўгалга ўхшаб қолмоқда, шунингдек, кўпчилик санъатсеварларнинг эътирозларига ҳам сабаб бўлмоқда.

Яна бир эътироз. Аёл хонандаларимиз эркак хонандалар тилидан куйланаётган қўшиқларни ижро этишгача боришди. Шу ўринда Таваккал Қодировнинг “Дилбарим” қўшиғини назарда тутаяпмиз. Камолиддин Рахимовнинг “Наргиз” қўшиғи хақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Шунингдек, аёлларнинг оёқ тирноғидан то соч толасигача таъриф берилган “Қурбон ўлам”ни ҳам аёл хонандалар куйлаётганига нима дейсиз?
Бирор нарсани қойил қилмаган жўжахўрозлар “санъатимизнинг ёрқин юлдузи” сифатида талқин қилиниб, телеэкранлар ва радио тўлқинларидан тушмаяпти.

Саньат деганда аслида одам ақлини лол қиладиган асар тушинилади. Шундай экан, фонограммасиз қўшиқ куйлай олмайдиганларни “санъатимизнинг ёрқин юлдузи” дейиш тўғримикан? Умуман, уларни юлдуз дейиш нечоғлик ҳақиқатга яқин? Балки, тўғридан-тўғри бу каби хонандаларни осмон дейиш керакдир. Менга қолса, “меники узбекчани билмайди” дея интервью берадиган, аммо қўшиқ “куйлаганда” талаффузни тўғри қиладиган хонандаларни “фонондалар” деган бўлардим.

Ахир уларнинг фонограмма орқали қўшиқ куйлаши ҳеч кимга сир бўлмай қолди-ку. Қизиқчиларимиздан бири айтгандек, алифбонинг ҳамма ҳарфларини компьютерга айтиб чиқиб, ундан қўшиқ яратилаяпти. Кўзбўямачилик қачондан бошлаб санъат дея талқин қилинмоқда?!Бундан бир неча йил аввал ёш “фонанда”лардан бири хусусий радиолардан бирида чиқиш қилар экан, мақомга тўхталиб ўтди. У мақомни яхши кўришини, ўзи ҳам гоҳ-гоҳида мақом куйлаб туришини айтди. Шунда бошловчи “мақомдан бир парча куйлаб беринг” деди. Кутилмаганда “фононда” “жонон бўламан деб бунчалар куйдирасанми... “ дея хониш қилди.

“Ия, бу қўшиқ қачондан бошлаб мақом сифатида талқин қилинадлиган бўлди?” деди ёнимдаги шеригим. Шу ўринда нашриётга асар олиб келган чукча ҳақидаги латифа эсга тушади. “Қайси асарларни ўқигансиз?” дея берилган саволга у “мен ўқувчи эмасман, ёзувчиман” дейди. Бизда ҳам шунга ўхшаш бўлаяпти. Мумтоз қўшиқларимизни тингламай, бир юмалаб санъаткор бўлиб қолаётганлар қанча.

Тўйлардаги ҳолат ҳақида ҳўп ва кўп ёзилди. Аммо шунга қарамай, тўйларда “бирровчилар” кўпайиб бормоқда. “Бирровчилар” яқин ўтмишда ҳам йўқ эди-ку?! Мана шу “юлдузларнинг”(“осмонларнинг”) касофати билан миллий тўйларимиз дискотекага, тунги клубларга айланиб бормоқда. Тўйга яхши ниятда ташриф буюрган яқин ва узоқ қариндошлар ўзаро суҳбатлашиш ўрнига ёш-ялангларнинг жазавага тушиб рақсга тушаётганини кўриб кетмоқда.

Яқинда бир тўйга бордик. Артистлар (узр, “фононда”лар) жуда кўп бўлди. Номдор ҳам, номсизи ҳам келди. Акахонимиз тўйга эшак миниб айтганми, ўзини хонанда (узр “фононда”) деган одам борки, келаверибди. Уларни келганини тўй эгасидан бошқа биров билиб биров билмади.

Эссиз ҳаражат. Шунинг ўрнига фонограмма орқали ўша артистнинг қўшиғини қўйиб ҳам тўй ўтказса бўларди-ку. Рақсга тушаётганларга кимнинг қўшиқ куйлаётгани бутунлай фарқсиз эди. Қўпол қилиб айтганда, улар машинани сигналига ҳам рақсга тушишарди. Шундай экан, худди дискотекадагидек ҳукмронликни “ди-жей”ларга бериб қўйсак бўлмайдими?! “Ди-жей”лар ўзини юлдуз деганларнинг ҳам, осмон деганларнинг ҳам, қуёш деганларнинг ҳам қўшиғини ижро этиши мумкин. Тўғри, ҳозирча уларни “дежурний”(“навбатчи”) деб атаб турибмиз.

Нима бўлганда ҳам, қўшиқчиларимизни тартибга чақириб туриш керак. Чунки миллий маънавиятимиз ривожи айнан санъакорларга боғлиқ. Авваллари санъакорлар халқ ортидан юрган бўлса, энди одамларимиз санъаткорлар ортидан кетаётгандек.
Ҳайдовчи йўл қоидасини бузса жазога тортилади. Нима учун “фонанда”лар қоида бузса жазога тортилмайди?

Шу ўринда айрим қўшни мамлакатларда фонограмма орқали қўшиқ куйлаётганлар жазога тортилишни эслатиб ўтамиз. Халқ томонидан санъаткор сифатида тан олинмайди. Евровидение танловида иккинчи ўрин олган Полина Гагарина билан боғлиқ воқеани эслатиб ўтамиз. У Тошкентдаги концерти жонли бўлишини айтган, аммо фонограмма орқали концертини ўтказган эди. Айни шу ҳолат санъатсеварларнинг эътирозига сабаб бўлди. Норози бўлган шинавандаларнинг айримлари зални ташаб чиққан эди.

Теги: Хонандами ёки фонанда?

Всего комментариев: 0
avatar