Главная » 2015 » Январь » 6

МАДАНИЯТ, САНЪАТ ВА СПОРТ ФИДОЙИЛАРИ РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ!


  • Admin
  • 06 Янв 2015(17:19)
  • 365
  • 0

Бугун Ватан равнақига ўз фидойи меҳнатлари билан ҳисса қўшиш истагидаги юртдошларимиз талай. Бундай улкан салоҳият маданият, санъат ва спорт соҳасида тинмай ижод қилаётган, ўз вазифасини юракдан адо этаётган соҳа вакиллари ҳаётида кўзга ташланади. Уларни рағбатлантириш, мамлакатимиз истиқболи, дунё узра донг таратиши учун янада руҳлантириш бобида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тарихида илк бор юксак савиядаги тадбир ташкил этилди.

Мустақиллик улашаётган кенг имкониятлар кўплаб ижодкорлар ва спортчиларимизнинг ўзларини эмин-эркин намоён этишлари учун катта куч бўлмоқда. Халқ маънавиятига, маданиятига улкан улуш бўлувчи ижод намуналари яратилаётгани, спортчиларимиз ғайрати ва шижоати ила баланд марраларни забт этаётгани бунинг яққол далилидир.

Йил якунларига бағишланган маданий-мусиқий тадбирда соҳада ўзининг самарали меҳнати билан эл корига яраётган қатор ватондошларимиз вазирликнинг махсус дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирда нутқ сўзлаган маданият ва спорт ишлари в.в.б Баҳодир Аҳмедов маданият, санъат ва спорт соҳасида катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани ва 2015 йилда соҳада олдинга қўйилган аниқ мақсадлар ва янги ғоялар ҳақида алоҳида тўхталди.

Ёш, интилувчан, ташаббускор ва ўз касбининг фидоийси бўлган раҳбар дунё саҳнида юрт шаънини муносиб ҳимоя қилаётган санъат ва спорт аҳлини ватанпарварлик ҳамда юртга садоқат ғояси ила янада жипслашишга ва юрт байроғини баланд кўтаришга чорлади.      

Ушбу тадбирнинг энг эътиборга молик жиҳати шунда бўлдики, тақдирланганлар сафидан нафақат машҳур хонанда ва киноижодкорлар ўрин олди, балки, бир неча йиллар астойдил меҳнат қилиб, эътибордан четда қолган миллий оркестр вакиллари ҳам алоҳида ҳурмат билан эътироф этилди. Бу эса жорий йил -  “Кексаларни қадрлаш” йилига соҳадаги аҳамиятли биринчи қадамдир!  
“Сўғдиёна” камер оркестри созандаси Насриддин Рўзиев, “Ўзбекистон ёшлари” камер оркестри созандаси Лилия Шайбакова фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирлангани юқоридаги фикрларга яққол далилдир.

“Ўзбекцирк” республика бирлашмаси бош режиссёри Рустам Хаметов,  Ўзбекистон ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари, Ўзбекистон Халқ артисти Қодир Мўминов, Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси балетмейстери Гулнора Қаҳҳорова ва бошқалар;

Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонандалари Зиёда Қобулова, Шоҳруҳ Йўлдошев, Зилола Мусаева, Улуғбек Раҳматуллаев, киноактёр Карим Мирходиев, спорт соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси учун Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Гимнастика бўйича РОСММ спортчиси Оксана Чусойитина, Таэквандо VTF бўйича терма жамоа аъзоси Умида Абдуллаева каби қатор юртдошларимиз махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Барча тақдирланганлар учун мусиқий дастур ҳам тақдим этилди. Қорбобо ва қорқиз ҳам ташриф буюрди!  

Самарали меҳнат эъзозланиши келгусида янги илҳом улашиши табиий! Бу илҳомланиш эса янада ёниб яшаш учун, гўзал ва бетакрор Ватанимиз тараққиёти йўлида бор вужуд ила меҳнат қилишга катта куч бўлажак! Маданият, санъат ва спорт йўлида ўрнак бўлаётган барча фидойиларга янги зафарлар тилаб қоламиз!

Жасур ҲАМРОЕВ

Теги: САНЪАТ ВА СПОРТ ФИДОЙИЛАРИ РАҒБАТЛА, МАДАНИЯТ

Всего комментариев: 0
avatar