Главная » 2016 » Март » 11

Мирза Азизов Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри директори этиб тайинланди


  • voydodaxek
  • 11 Мар 2016(14:13)
  • 333
  • 0

Театр энди ўзининг ҳақиқий “эга”сини топди. Бу бизнинг эмас, театрда фаолият юритаётган кўп сонли актёрларнинг мулоҳазалари. Кўрамиз, Азизов бу ишончни қандай оқларкин...

 

Бир неча кун аввал театр ва кинофильмлардаги кўплаб роллари билан томошабинларга яхши таниш бўлган актёр Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри раҳбари этиб тайинлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов куни кеча театрга ташриф буюриб, Азизовни театрнинг янги раҳбари сифатида актёрларга таништиргани ҳақидаги гаплар ҳам қулоғимизга чалинди. Бироқ бу янгилик расман тасдиғини топмай қолаётган эди.

Кеча, 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” номли тарғибот тадбирлари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманига Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов ҳам ташриф буюрди. Анжуманга раислик қилаётган Ёшлар маданият ва санъат маркази раҳбари Жамолиддин Узоқов Мирза Азизовга сўз берар экан, уни Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрининг директори деб таништирди. Бундан чиқди тарқалган гаплар асосли. Фақат ҳар галгидек расмиятчилик сабаб бу хабарни халққа маълум қилиш бироз чўзилаётган кўринади.

Бугун Республикамизда 40 га яқин театр ва тетр студиялари фаолият юритиб келаётган бўлса, улар орасида Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрининг ўзига хос ўрни ва мавқеи бор. Тўғри, бу театрни Ўзбек миллий академик драма театри билан солиштириб бўлмас, бироқ Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри шу бугунгача жуда катта йўлни босиб ўтган, бағрида эл ардоғидаги устоз санъаткорларни етиштирган отахон театрларда бири саналади. 1939 йилдан ташкил топган мазкур театрдан Лутфихоним Саримсоқова, Соиб Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев, Ҳамза Умаров, Аббос Бакиров, Фароғат Раҳматова, Файзулла Аҳмедов, Марям Ихтиёрова каби ўзбек театр санъатининг чин маънодаги дарғалари етишиб чиққан.
 
Кейинги йилларда Муқимий театрининг халқ орасидаги мавқеи бироз тушганини яширишнинг ҳожати йўқ. Спектаклларда ёш, тажрибасиз актёрларга катта ролларнинг кўп топширилиши, таниқли актёрлар қолиб кечагина институтни битириб келган актёрлар асосий ролларга “эга” чиқиши театр ихлосмандларининг эътирозларига сабаб бўлди. Кейинчалик бу театрда Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов директор лавозимида иш бошлади. Тан олиш керак, у ишлаган даврда театр актёрларнинг оммавий тадбирлар, ТВ орқали намойиш этиладиган кўрсатувларда иштироки янада ортди, жамоа аввалгидан фаоллашди. Бу ташқи муҳитдаги ютуқлар, бироқ ичкаридаги вазият у қадар мақтагулик эмас эди. Мурод Ражабовнинг ишдан четлатилишига унинг раҳбарлик фаолияти устидан бўлган “ёз-ёз”лар сабаб бўлганди. Дарвоқе, Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов бу театрга директор этиб тайинланишининг ўзи кутилмаган ҳолат эди. 20 йил давомида театр саҳнасига қадам босмаган, устига-устак мусиқий театр талабларидан бехабар актёрнинг дабдурустдан раҳбар этиб тайинланиши, санъат олами вакиллари тугул оддий томошабинларни ҳам ҳайрон қолдирган эди. Кўпчилик ҳалигача Мурод Ражабовни ҳамон Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри директори деб ўйлайди. Аслида эса актёр 2014 йилнинг 3 март куни лавозимидан озод этилган.

Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри энди ўзининг ҳақиқий “эга”сини топгандир, балки. Боиси Мирза Азизов кўпни кўрган, анча йиллик тажрибага эга, нафақат ҳаётнинг, балки шу театрнинг баланд-пастини биладиган, қайси актёр аслида нимага қодир эканини, ким фақат кўринсам бўлди, чарларига буюртма бор-ку деб ишлаётганию, ким чин дилдан меҳнат қилаётганини яхши биладиган, обрў-эътибордаги куюнчак актёр. Бу бизнинг эмас, театрда фаолият юритаётган кўп сонли актёрларнинг мулоҳазалари. Кўрамиз, Азизов бу ишончни қандай оқларкин...

Маълумот учун, Мирза Азизов 1963 йил 22 майда Наманган вилоятининг Чуст туманида таваллуд топган. 1987 йилда ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тугатган актёр 1992 йилдан то 97-йилгача Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошевга шогирд тушади. Мирза Азизовнинг театр ва кино соҳасида меҳнетлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб,  1999 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2015 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланган.
loading...
Всего комментариев: 0
avatar