Главная » 2016 » Август » 11

Мирзабек Холмедов: «УМРИМ ИСБОТЛАШ, ТАЛАШИШ, БАҲСЛАШИШ БИЛАН ЎТАЯПТИ…»


  • Admin
  • 11 Авг 2016(17:22)
  • 554
  • 0

Бу галги суҳбатдошимиз сўз устаси, қизиқчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирзабек Холмедов айтганидек, «танқид қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келади. Лекин ўша сиз танқид қилаётган одамнинг кўнглидагини, мақсадини билмайсиз-ку. Унинг ҳам виждонига қарши бормайдиган ҳақиқатлари, эзгу ниятлари бўлади». Ушбу суҳбатимизда Мирзабек аканинг кўнглидагиларни, ҳақиқатларини билишга уриндик.

- Марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоев «Қизиқчининг ҳангомасини оиланинг ҳар бир аъзоси ёнма-ён ўтириб эшита олиши керак», деганди. Афсуски, бугун қизиқчиларнинг барча ҳангомаларини ҳам оила даврасида эшитиб бўлмайди. Қизиқчилар чегарадан чиқяпти, деган гапларга нима дейсиз?

- Қизиқчининг чегарадан чиқиши бачканалик  бўлади. Аслида, бачканалик бу қизиқчиликнинг синоними. Қизиқчи томошабинни кулдириш учун бор маҳоратини ишга солади. Унинг айрим қилиқлари, гап-сўз­лари кимларгадир бачканаликдек туюлиши мумкин. «Чегарадан чиқма, меъёрни унутма» деган қоидалар қизиқчиликдаям бор. Бизнинг қизиқчилар ўша чегарадан ҳали чиққанича йўқ. Кечирасиз-у, ўша мени танқид қилиб, «бачкана» сўзларини ишлатадиганлар Юсуфжон қизиқдан ва бошқа устоз санъаткорларимизнинг ижодларидан мисол келтиришади. Аслида, ўша устоз санъаткорларнинг айрим аскияларини бехижолат эшита олмайсиз. Аския дегани ҳам аслида, гап тагида гап бор, дегани ва у эркак эшитувчиларга мўл­жалланган бўлади. Хорижда ўшандай ҳангома-аскияларни маълум бир эшитувчилар аудиториясига мўл­жаллаб, 16+, 14+, 20+ қилиб ёзиб қў­йилади. Афсуски, бизда ўшандай тингловчилар ёш чегараси белгилаб қў­йилмаган ва шунинг ортидан «оила даврасида эшитиш мумкинми?», деган саволлар туғилмоқда. Аслида, ҳангоманинг эши­тувчилар давраси бор. Қизиқчининг репертуарида ҳар бир даврага мўлжалланган ҳангомалари бўлиши шарт. Мен энди дискларимда шундай ёш чегарасини белгилаб қўймоқчиман. Йигитлигимда мени орзуим жинси шим кийиш бўлган ва уни сотиб олиш учун йиллаб ишлаганман. Бугун эса  ота-оналаримиз боласига қимматбаҳо телефон олиб бериб, уларни Интернет деган балодан истаганча бемаъниликни кўриб, ўз­лаштиришига имкон яратмоқда. Қизиқчининг ҳангомасини оила даврасида кўра олишмайди-ю, лекин боласининг хулқи  бузилиши учун ўзи қўлига телефон тутқазади. Қи­зиқчига бачкана деган тамғани қўяётганлар, унинг ҳангомасидан чўчиётганлар боласига Интернетнинг ножўя таъсирларини чекласин. Бугун ҳамма одам қизиқчини танқид қилишга уста.  Модомики, устозларимиз шоир, масхарабоз, актёр, аскиячи, яллачи, созанда, раққос, дорбозни бир қозонга солиб қайнатсангиз, битта қизиқчи пайдо бўлади, дейишган.

- Лекин концертдаги томошабиннинг ёши чегараланмаган. Уларнинг олдида барча мавзудаги ҳангомани гапираётгани  ва ноқулай аҳ­волга солиб қўя­ётгани учун ҳам қизиқчи танқид қилинаяпти-да.

- Ўша концертга томошабин рўзғоридан орттириб, билет сотиб олган. Айниқса, қизиқчини концертига томошабин бир маза қилиб кулай, чарчоғим чиқсин деб киради. Шундай пайт­да озгина ўша ноқулай чегарадан чиқиб бўлсаям, томошабинни кулдиришга ури­насиз. Акс ҳолда, у чипта сотиб олган пулига, кетган вақтига норози бўлади. Бугун кўп нарса очиқча бўлиб кетди. Сиз қизиқчининг концертини қўя туринг, бир куни телевизорда ток-шоу бўляпти. Фарзанд кўрмаган келинни қайнонаси ажратиб юбормоқчи. Хотиннинг ёнида эри ўтирибди. Шу пайтгача чимилдиқнинг, оиланинг ичидаги гаплар кўчага чиқарилмаган. Энди ўша ток-шоуни одамлар кўряпти, муҳокама қиляпти. Аслида, ўша мавзуниям енг ичида ҳал этиш керак эмасми?! Нега қизиқчи оила тўғрисида гапирса, бачкана де­йишади-ю, мана бундай ток-шоуларда эр-хотинлик муносабатлари очиқ- ойдин муҳокама қилиняпти? Ҳамма мавзунинг ўз айтиладиган жо­йи бор.  Талаб ва таклиф бор экан, ижод қилаверамиз.

- Ёш жамоалар- «Миллион», «Дизайн», «Комедия.Ўз»ларнинг ижодини ҳам кузатасизми?

- Албатта, кузатаман. Барчаси ҳурматимни қи­либ «устоз» деб мурожаат этишади. Мана, «Миллион»чилар ҳангомаларида озгина чегарадан чиқишганди танқидга учрашди. «Миллион» чилар биринчи концертини қўйганида «Ҳай-ҳай кўз­ларингга қаранглар», деб огоҳлантиргандим. Лекин бу билан улар уддалай олишмади, деган фикрдан йироқман. Чунки мевали дарахтга тош отилади, одамлар уларни эшитди, таниди, асосийси, уларга ўша хатоларни тузатиб яна чиқиш, тўхтаб қолмаслик  керак, дейман. Мана, мени ҳалигача танқид қилишади-ку. Бир нарсани унутмаслигимиз керак: балки ўша қизиқчи гуруҳлари уддалашаётгандир, балки эплашолмаётгандир, бироқ ниятлари яхшилик-ку. Саҳнага чиқиб, одамларни кулдиришга уринишяпти, холос. Улар ҳам чегарани билишади.  Истеъдодлиларга ёрдам беринглар, истеъдодсизлар ўзи йўлини топиб чиқаверади, дейилган. Бу гуруҳлар ҳам ўзига, истеъдодига ишонади, демак, уларга ёрдам бериш керак.

- Икки ўғлингиз ҳам ортингиздан кетди. Би­роқ  ҳалигача тақлиддан чиқа олишмаяпти. Балки қанотингиз остида бў­лишгани учун шундай йўл тутишаётгандир? 

- Ота-бобонг қилган ишни қил, ўша касб сенга ярашади, деб бекорга айтишмайди. Ойбек Санъат ва маданият олийгоҳини тамомлади, Улуғбек эса эстрада-цирк коллежида таҳсил олди. Ойбек қўшиқ айтади, сценарийлар ёзади, актёрлик қилади. Улуғбек эса давраларда сўз устаси бў­либ, тирикчилигини ўт­казяпти. Аслида, ўғилларим менга тақлид қилишаётгани йўқ, уларнинг пешанасида «Мирзанинг боласи» деган тамға бор. Қонида бор, балки шунга овози, гап-сўзлари менга тортар. Мен ҳам вақтида тақлид қилганман. Ҳамза Умаров, Эргаш Каримовлар билан бирга ишлаганман. Кулги дарғалари На­би Раҳимов, ўани Аъзамов, Сойиб Хўжаевларга эргашиб, шу кунларга етдим. Олдин «элнинг яхши кунида хизматда бўлай деган бўл­сам, энди болаларим шундай кунларда хизматларингда бўлсин», деб дуо қиляпман. Элдан, мендан дуо олишяпти, насиб этса, бир кун булар ҳам кўзлаган манзилига етишар.

- Қишда «Мирзо» театрининг қизиқчилари алоҳида концертлар беришди. Март ойида бў­ладиган концерт  афишасида эса Валижон Шамсиев, Шукрулло Исроиловлар йўқ. Театрингиз тар­қалдими?

- Мен азалдан шогирдларимга «Бир-бирингга боғланиб қолма. Ўз рўзғоринг бўлгач, аравангни тортишниям ўрган», деганман. Шогирдим Валижон, Шукруллоларни ҳам ўз рўз­ғорлари, ташвишлари бор. Бир йилда бир марта бўладиган концертимиз олдидан икки-уч ой тайёргарлик кўриб, яхши-ёмон кунимизда бир-биримизнинг ҳолимиздан хабар олмасак, бош­қа пайтда барчамиз ўз йўлимиз, ташвишимиз билан андармонмиз. Майли, иккиси ҳам шу элнинг дуосини олай, саҳнада истеъдодимни кўрсатай деб алоҳида концертлар беришди, омадини берсин! Бир пайт­лар Тўхтамурод Азизов, Обид ва Собит Асомовлар билан «Кўзгу» театрида ишлардик. Обиджон шогирдлар тайёрлаб, ўзи «Обид А» театрини ташкил этиб чиқиб кетди. «Кўзгу»да фақат мен қолдим ва Болтавой Тошматов, Бахтиёр Ихтиёров, Матёқуб акалар билан ишладим. Аста-секин Валижон, Шукруллоларни таклиф этдим. Шукрулло шогирдлари Ҳалима, Ботирларни етаклаб келди. Мана, ҳозир сафимизга жияним Маъмур, ўғилларим қўшилишди. Концертимизда  эҳтиёжимизга қараб улардан фойдаланаман.

- Қизиқчилар  орасида аёллар жуда кам, уларни тан оласизми?  Ҳалимахон бир қолипда қолгандек. Жиянингиз Маъмур эса асосан аёл роли ор­қали чиқиш қилади, бу томошабинга ёқ­маслиги мумкин…

- Ҳа­қиқатан қизиқчи аёллар бутун дунё қизиқчилигида ҳам озчиликни ташкил этади. Эркаклар-ку майли, аёллар бу касбни эплаши жуда қийин. Чунки ёши ўт­гани сайин вазминлашиб, секин ўзини қизиқчиликдан тортиб боради. Ҳалимахонни эса имкониятидан фойдаланиб, роль бераман. Маъмурга келсак, аёллар ролини уддалагани учун ҳам унга шундай роллар берилади. Концертимизда Валижон ҳам онахонни ижро этади. Ойбек ун­га сал замонавийроқ кампирни яратишини айт­ганида «Йўқ, қизимга совчилар келяпти, меъёрдан ўт­майлик», деб эътироз билдирди. Кўрдингизми, биздаям андиша, меъёр бор. Аёллар ролларини ижро этувчи эркак қизиқчи ҳам вақти-соати билан бу ролини тарк этади.

- «Йўл бўлсин» фильмидаги ижроингиз эсда қоларли. Ундан кейин ҳам фильмларда эпизод ролларни ижро этдингиз. Балки актёрликни танлаганингизда бугун қизиқчиликнинг танқидини эшитмасмидингиз?

- Актёрликни ҳам тўх­татганим йўқ, ўтган йили учта фильмда роль ижро этдим. Бу ролларимниям салмоғи бор…

Бугун катта шов-шувларга сабабчи бўлган «Барон» фильмининг режиссёри Рустам Саъдиевга бир пайтлар «Болам» қўшиғимга клип су­ратга олдирганман. Ўшандаёқ унинг ижоди менга маъқул бўлган. Яқинда «Барон»ни томоша қилиб режиссёрга қўнғироқ қилдим. «Фильмингни кўр­дим, ватанпарварлик руҳидаги яхши фильм бўлибди. Сендек режиссёр билан бир замонда яшаётганимдан фахрланаман! Агар  барон ролини менга берганингда, янаям қойилмақом қилиб ўйнаб берардим. Чунки санъатда кечган шу ўттиз йил умрим давомида не-не давраларни кўрмадим, қандай дастурхонлардан туз тотмадим», дедим. Мени бир умр ҳаётим исботлаш, талашиш, баҳслашиш билан ўтди. Шукр, кимларнингдир ҳаваси, кимларнингдир ҳасади билан шу кунларга етиб юрибмиз.

- Яқинда қизиқчи Аваз Охун билан суҳбатлашганимда сизни ўзига устоз деб билишини айтди. Лекин орангизда тушунмовчилик бў­либ, уни «Мирзо» театридан кетгани тўғрисидаги миш-мишлар ҳанузгача тинмади. Айниқса, сиз Аваз Охуннинг концертига бормаганингиздан кейин бу миш-мишлар ўз исботини топгандек…

- Қайси шогирдим бўлишидан қатъи назар, барчаси мен учун қадрли. Авазга келсак, у жуда меҳнаткаш, изланувчан йигит.  Концертларимиз бошланаётганда ўзига тегишли мавзуларни айтардим, буёғига ўзи изланиб, ҳангомаларни топарди. Авазнинг ижодида жуда катта ўсиш бўлди, аввалига кичик-кичик давраларни забт этиб, кейин катта саҳнага чиқди. Биринчи концертини қўйишдан олдин олдимга келди. «Э, ҳали вақтли эмасми?», дедим. У «ичидан пишган» мус­тақил репертуар тайёрлаб юрган экан.   Нафақат Авазни, балки Валижон, Шукруллоларниям концертига бормадим. Улар концертидан олдин келиб, саҳнадаги чиқишларини гапириб беришади, устоз деб дуоимни олишади. Гарчи концерт­ларига бормаган бўлсам-да, ўша куни тонгдан токи концерти ўтгунча юзини ёруғ қилишини сўраб, дуо қилиб ўтираман. Авазга қизиқчиликни Худо юқтирган…

Ҳусния Пардаева

Теги: Мирзабек Холмедов: «УМРИМ ИСБОТЛАШ, БАҲСЛАШИШ БИЛАН ЎТАЯПТИ…», ТАЛАШИШ

Всего комментариев: 0
avatar