Главная » 2017 » Май » 30

Мирзо Улуғбек ҳақидаги фильм Италиядаги кинофестивалда иштирок этади


  • Ies_92uz
  • 30 Май 2017(11:16)
  • 155
  • 0

Баҳодир Йўлдошев режиссёрлик қилаётган фильм яқин орада Искья ва Венецияда ўтказиладиган нуфузли кинофестивалларда иштирок этиши кутилмоқда.

 

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи, “Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази раиси, Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тилляева турмуш ўртоғи Темур Тилляев билан “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли картинага продюсерлик қилишаётгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Баҳодир Йўлдошев режиссёрлик қилаётган фильм яқин орада Искья ва Венецияда ўтказиладиган нуфузли кинофестивалларда иштирок этиши кутилмоқда. Ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали картина ҳақида пост жойлаган Лола Каримова-Тилляева “Бу улуғ инсон ҳақида фильм яратиш ғояси менда кўп йиллар аввал пайдо бўлган. Таъбир жоиз бўлса, Мирзо Улуғбек шахси мени болалагимдан ўзига мафтун этган. У наинки қомусий билимлар эгаси, етук олим ва сулҳпарвар ҳукмдор, ўз даври учун фавқулодда саналган хислатлар соҳиби ҳам эди. Сирасини айтганда, Улуғбек замон ва макон сарҳадларини ошиб ўтган умрбоқий сиймодир”, дея таъкидлади.  
 
Айтиш керакки, ҳужжатли фильмда XV асрнинг буюк астрономи Мирзо Улуғбекнинг Мовароуннаҳр ҳукмдори ҳаётидаги фожиалар, мушкулотлар ва зафарлари акс этган. Фильмда АҚШ, Франция, Буюк Британия, Дания, Россия, Ўзбекистон ва Нидерландиянинг етакчи олим ва мутахассислари Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги мулоҳазалари, маълумотлари билан ўртоқлашади. 

Картинани суратга олишда Оксфорд университетининг Бодлиан кутубхонаси, Британия музейи, Франциянинг Observatoire de la Cote d’Azur расадхонаси ҳамда Оксфорднинг St. John’s коллежи ва Илм-фан тарихи музейи артефактлари, қўлёзмалари ва экспонатларидан фойдаланилди. Суратга олиш жараёни Пристон университети, Гриффит расадхонаси ва Калифорния университетида ҳам олиб борилди. 

Мазкур фильмда Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров ва Ҳошим Арслонов каби актёрлар қатори жаҳон киноси юлдузлари бўлган Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле ҳам иштирок этишган.
 
“Соҳибқирон Амир Темурнинг невараси бўлмиш Мирзо Улуғбек дунё илм-фанида ўчмас из қолдирган. Самарқанд унинг ҳукмронлиги даврида астрономия соҳасида тадқиқотлар ўтказиладиган халқаро марказга айланди. Улуғбек бунёд эттирган муаззам расадхонада ўз даврининг пешқадам олиму фузалолари жам бўлган эди. Аллома тартиб берган астрономия жадвалида 1118 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви муфассал баён этилган. У ҳисоблаб чиққан йил узунлиги натижалари эса замонавий ҳисоб-китоблардан атиги 25 сонияга фарқланади. Буюк олим, шунингдек, Ер сайёраси ўқининг оғиш бурчаги 23,52 градусни ташкил этишини аниқлади, ушбу илмий натижа ҳам ҳозирга қадар энг аниқ кўрсаткич дея эътироф этилади.
 
Кенг дунёқараши ва теран тафаккури билан ўз даври ва замондошларидан илгарилаб кетган олим, таассуфки, жаҳолат ва разолат қурбони бўлди”, дея таъкидлайди Лола Каримова-Тилляева.
 
“Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган арвон” номли картина саундтрекини хонанда Севара Назархон ижро этди. Бу қўшиқ Голливуднинг машҳур бастакорларидан ҳисобланган Уолтер Афанасьефф томонидан фильм учун махсус яратилди.

Всего комментариев: 0
avatar