Главная » 2017 » Август » 2

Наримон Султонхўжаев: "ҳамма машҳурлар мен билан ишлашни, лекин..


  • Mirkarimoff
  • 02 Авг 2017(23:25)
  • 395
  • 0

Лойиҳанинг галдаги меҳмони ўзига хос услубдаги клиплари билан тилга тушган клипмейкер Наримон СУЛТОНХЎЖАЕВ...

— Икки тоифа режиссёрлар бор: бири актёрлар улар учун ишлашини, иккинчиси актёр улар билан бирга ишлашини исташади. Сиз қайси тоифага мансубсиз?

— Актёрлар билан бирга, ҳамфикрликда ишлашни яхши кўраман. Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев билан ишлаш орзуим.

— Ўз вақтида талабгир бўлган Наримон бугун “клиплари бачкана”, деган таърифга ҳам эга бўлди. Ғоялар “инқирози” давридамисиз?

— Йўқ, ғояларим бисёр. Кўпчиликнинг тушунчасида комедия, бу — бачканалик. Лекин шундай фикрдагилар клипларимни кўриб маза қилади. Масалан, хонанда Сардор Раҳимхоннинг “Нима учун?” қўшиғига ишланган клипни ҳам бачкана, дейишган. Шу клип 2011 йилда “Йилнинг энг яхши клипи” номинациясида ғолиб бўлган. Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Номозовнинг “Кўза”сини ҳам бачкана, дейишган. Очиғи, бундай фикрларга беэътиборман. Салбий фикрдагиларни четга суриб қўйиб, ижодингни ёқтирадиганлар учун ишлашда давом этиш керак. Ҳаммага бирдек ёқиб бўлмайди.

 

— “Дуч келган нарсани халққа олиб чиқаверишни ўзимга эп кўрмайман”, дейдиган Наримон хонанда Манзуранинг “Бўлди” клипи билан томошабинга нима демоқчи бўлди?

— Қўшиқ бастакори Зафар клипни шундай кўраётганини айтганди. Ғояси ёқди ва уни ривожлантирдим. Клип орқали эр-хотин қандай ҳолатга тушиб қолмасин, вазиятдан биргаликда чиқиши лозимлигини кўрсатиб берганман. Фикрини очиқ айтадиган қўшниларим, ҳатто анчадан буён гаплашмаган танишларим ҳам қўнғироқ қилиб мақташди.

— Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Насиба Абдуллаева, Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков сизга клип суратга олдиришмайди?

— Озодбек Назарбеков уч йил аввал ёрдамчиси орқали шошилинч клип суратга олиш кераклигини айттирганди, вақтим бўлмаган. Ҳаммалари менга клип суратга олдиргиси келади, лекин гап маблағга бориб тақалади. Рости, устоз санъаткорларга катта маблағ айтаман. Чунки улар зўр клип чиқишини исташади, бунга эса табиийки, кўп маблағ кетади. Улар “кел, клип суратга оламиз”, деса, югуриб бориш керак. Кечирасиз-у, бошқаларга қилган лафзим, режаларим бор, буларни четга суриб қўёлмайман, ахир. Қисқаси, бир-биримизга вақтимиз тўғри келмаган. Ўн йил аввал Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг қўшиғига клип суратга олганман. Бунисига нима дейсиз? Шунча вақтдан кейин мана яқиндагина битта клип суратга олдирди.

— Ўн йилдан кейин олинган ўша клипни нега сизга суратга олдирмади?

— Балки ўшанда ишим кўнг­ли­дагидек чиқмагандир, яна ким билсин. Очиғи, билмадим... Салом-алигимиз мунтазам давом этганида, балки узоқ танаффусдан кейинги клипини ҳам менга ишонармиди?! Биласизми, камдан-кам ҳолларда бирор ижодкорни қидириб, топиб, ҳамкорлик қилинади. Одатда доимий мулоқотда бўладиган ижодкорлар билан ишлашади.

— Наримон Султонхўжаев суратга олган энг ёмон ва энг зўр клип?

— Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Бемор”и энг зўр клипим. Бу ижодим мени ҳам санъаткорларга, ҳам халққа танитган. Энг ёмон клипим йўқ, бўлмасин ҳам.

 

— Маҳорати сиздан устун бўлган клипмейкерларни санаб беринг!

— Ҳамма клипмейкернинг ижодида зўр клиплар бир-бир чиқиб туради. Биласизми, мақтов ижодкорни дангаса қилиб қўяди. Шу боис ҳамкасбларимнинг устун жиҳатини санамайман. Режиссёр ва клипмейкерлар бирлашиб, кино, клиплар орқали Ўзбекистонни дунё саҳналарига олиб чиқсак, деган ниятим бор. Бунинг учун ҳамкасбларим ўзидаги “мен”ини синдириб, бирлашиб, режиссёр ва клипмейкерлар ассоциа­циясини ташкил қилишимиз керак.

— “Ўзбек фильмларини кўролмайман. Уларнинг мақсади пул ишлаш бўлиб қолган. Аслида кино суратга олиш иморат қурган билан баробар”, дегандингиз. Фильмга қўл уришингиздан мақсадингиз маблағ ишлаш эмасми?

— Мақсадим — маблағ ишлаш, лекин олий истагим — жаҳон талабларига жавоб бера оладиган фильм қилиш. Ҳеч бўлмаса, қўшни давлатларда ҳам намойиш этилсин. Айримларга ўхшаб, ўн беш кунда фильм суратга олаётганим йўқ. Масалан, кинокартинамнинг беш дақиқали саҳнасини тўрт кун тасвирга олдим. Сифати паст кинокартиналарни кўриб, ижодий дидимни йўқотиб қўйишни истамайман. Режиссёр олдига “Фильмим фақат Ўзбекистонда эмас, жаҳонда ҳам намойиш этилади”, дея катта мақсад қўйиши керак, шундагина натижа бўлади.

— Видеомурожаат орқали “Қаерда ишлашингиз, ёшингиз, сочингизнинг ранги ва бошқа жиҳатлар умуман аҳамиятга эга эмас. Асосийси, кўзингиз чақнаган ва юрагингизда олов бўлсин”, дея барчани киносиновга таклиф қилдингиз. Очиғи, қураётган “иморат”ингиз мустаҳкамлигига шубҳам бор. Шундай фильмлар кўпаяверса, демак, актёрликка ўқиб, йиллаб тажриба орттирган ижодкорлар умрини зое кетказибдида-а? Қолаверса, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг талабалари ҳам бор-ку?!

— Шунча йил ўқиган, деб фақат профессионалларни чақиришим керакми? Истагим янги қиёфаларни кашф этиш, бу соҳада ўқимаган истеъдодлар кўп-ку?! Ўзини аямайдиган, мураккаб трюклар бажарадиган профессионал актёрларни санаб беринг, саноқли-ку. Шунинг учун ҳам ҳамма учун киносинов эълон қилдим.

 

Рустам Саъдиев, режиссёр

— Наримон, иқтидорли ижодкорсиз. Лекин актёр сифатида ҳамма клипда бир хил кўринишдасиз. Агар бу борада ҳам топилмалар бўлганида Наримон Султонхўжаев томошабиннинг меъдасига тегмасди. Ўзингизни драматик ролда қандай тасаввур қиласиз?

— Бошқа жанрда менга ёқадиган кўнгилдагидек таклиф бўлмади ва ҳали ўзимга ҳам бундай ғоя келмади. Агар зўр таклиф бўлса, қўрқмай таваккал қила оламан. Рустам ака, ўзингиз мени бошқа жанрдаги ролга таклиф этинг, жон, деб ижро этаман.

Всего комментариев: 0
avatar