Главная » 2016 » Октябрь » 17

Нью-Йоркда сиам эгизаклари бир-биридан ажратилди


  • News
  • 17 Окт 2016(10:38)
  • 609
  • 0
Сиам эгизакларини ажратиш устида ўтказилган жарроҳлик амалиёти деярли 17 соат давом этди.

Нью-Йоркнинг Бронкс туманида жойлашган болалар шифохонасида сиам эгизакларини ажратиш устида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда “CNN” хабар бермоқда.

Бош қисми билан бирлашган эгизаклар 13 ойлик бўлиб, уларнинг ота-оналари Николь ва Кристиан Макдональд анча вақтдан буён ўзларини қийнаётган масала юзасидан аниқ қарор қабул қилишга мажбур бўлишди.

Гап шундаки, Жадон ва Аниас исмли эгизакларни текширувдан ўтказган шифокорлар уларни ажратиш билан боғлиқ операция вақтида эгизаклардан бирининг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигини маълум қилишганди. Шу сабаб ҳам Николь ва Кристиан Макдональд бу жараённи орқага суриб келишган.

Хирургия соҳасидаги етакчи мутахассис ҳисобланган Жеймс Гудрич бошчилигидаги малакали шифокорлар гуруҳи 20 кишидан иборат эди. Эрта тонгдан бошланган операция ярим тунда ниҳоясига етди. Шифокорлар болаларнинг бош мия пардасини ва умумий қон томирини иккига ажратишлари зарур бўлган. Энг мураккаб ва муҳим жараён ҳам ана шу эди.

Тунги соат 02:11да якунига етган операциядан сўнг, бош хирург шифокор Гудрич “Биз иккита ҳаётни яратдик”, дея қувончини яширмади ва шифокорлар гуруҳи бир овоздан уни олқишлашди. Қарийб 17 соат давом этган амалиёт ижобий натижа билан якунланиб, сиам эгизаклари муваффақиятли равишда ажратилди. Асосийси уларнинг иккаласи ҳам тирик ва соғлом.

Дурдона Расулова
Всего комментариев: 0
avatar