Главная » 2015 » Декабрь » 28

“Қочқин ёхуд кўчанинг боласи” фильми таассуротлари


  • News
  • 28 Дек 2015(11:15)
  • 476
  • 0

Куни кеча (26 декабрь) Алишер Навоий номидаги кино саройида режиссёр Баҳром Ёқубов томонидан суратга олинган “Қочқин ёхуд кўчанинг боласи” фильми премьераси бўлиб ўтди. Кино саройининг асосий зали бир неча йиллардан буён омма олдида кўриниш бермай келаётган режиссёр Баҳром Ёқубов ижодига қизиққан томошабинлар билан қарийб лиқ тўлди.

Одатга кўра фильм ижодкорлари саҳнага таклиф этилиб, томошабинларга бирма-бир таништирилди. Бироқ асосий фигуралардан бири – фильм режиссёри кўриниш бермади.

Фильмда Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева, Мирза Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Саида Раметова, Учқун Тиллаев, Беҳзод Муҳаммадкаримов, актёрлардан Бобур Йўлдошев, Алишер Усмонов, Шаҳзода Муҳаммедова бош ролларни ижро этишган.

Фильм ижтимоий мавзуда суратга олинган бўлиб, унда осон йўл билан катта бойлик топиш илинжида бўлган йигитнинг аянчли қисмати ёритилган. Ўртаҳол, оддий оиланинг фарзанди таксичилик қилиб топаётган пулига “қора қозон”нинг қайнаётганидан қониқмайди ва имкон туғилиши билан пул топишга киришиб кетади. Шаҳардаги таниқли тадбиркорга ҳайдовчи бўлиш таклифини қабул қилган йигит аста-секинлик билан унинг ишончини қозонади ва тез орада яқин кишисига айланади. Бироқ бу ишончни суиистеъмол қилиб, унинг номидан кўпгина қинғирликларни амалга ошира бошлайди. Оқибатда эса барчани ўзига қарши қаратиб қўяди...

Айтиш жоизки, фильмнинг кўплаб ўринларида тарбиявий аҳамиятга молик саҳналарни кўриш мумкин. Айниқса Мирза Азизов ижросида онага бўлган муносабатнинг олий намунаси намойиш этилган. Бош қаҳрамоннинг ўз укасининг таълим-тарбиясига бўлган эътибори ҳам яхши очиб берилган.

Бироқ картина камчилик ва нуқсонлардан ҳам ҳоли эмас. Айрим ўринларда ёш ижрочилар хатти-ҳаракатида ва гап-сўзларида нотабиийлик кўзга ташланган, синчков томошабин кейинги ўринларда нималар бўлишини олдидан сезиб туриши мумкин. Шунга қарамасдан, фильм устида анча-мунча тер тўкилгани сезилиб турибди. Уни томоша қилганлар нафақат воқеалар ривожи, балки бош қаҳрамонларнинг топқирлиги, салмоқли мулоҳазаларининг мағзини чақиб, ибратли саҳналардан хулоса чиқаришлари ҳам мумкин.

loading...
Всего комментариев: 0
avatar