Главная » 2016 » Август » 12

Ойбек ва Нигора: “Биргаликда бахтимизни топдик”


  • Admin
  • 12 Авг 2016(18:50)
  • 691
  • 0

Ойбек ва Нигора яқинда оила деб аталмиш муқаддас  даргоҳга қадам қўйдилар. Улар эндиликда бир оила бўлиб ўз ижодларини давом эттиришмоқда. Хўш, уларнинг тўйдан кейинги ҳаётлари қандай кечмоқда? Шу ҳақидаги уларнинг таассуротларин билиш мақсадида “Суғдиёна” газетаси улар билан суҳбат уюштирди.  

-  Иккингизнинг оила қуришингизни узоқ кутдик. Хуш, бугун ёш оилада об-ҳаво қандай?

Ойбек: - Зўр! Ният қилганимиздек тўй қилдик, мана, чиройли яшаяпмиз.

Нигора: - Кўз тегмасин! Оилавий ҳаёт ижодимизга халақит бермаяпти, ўз ўрнида ижод ҳам турмушимизга дахл қилаётгани йўқ. Ҳаммаси жой-жойида.

-  Турмуш қургач, эр-хотин бир-бирининг характерини янада чуқурроқ англай бошлайди, аввал билинмаган камчиликлар юзага чиқиши мумкин. Сизларда бирор ўзгариш сезилдими?

Ойбек: - Йиллар давомида бир-биримизни синаб, ўрганиб, тушуниб келганмиз. Рафиқамнинг характерини яхши билганим боис, тўйдан кейин бирор нотаниш жиҳатни кўрмадим.

Нигора: - Мен эса Ойбекнинг янги қирраларини кашф этдим. Масалан, уй жиҳозларидан бирор нима бузилиб қолса, дарров созлаб берадилар. Илгари бундай қобилиятлари борлигини билмагандим.

-  Адашмасам ота-онангиздан алоҳида яшаяпсизлар-а?

Ойбек: - Бўлак деб ҳам бўлмайди. Ота-онам гоҳ акамникида, гоҳ бизникида бўлишади.

-  Аввалги интервьюларда “Уй олиш учун пул йиғаяпмиз”, дегандинглар. Айтганингиз шу ҳовли экан-да?

Нигора: - Ҳа шу шинамгина ҳовлимизни айтгандик. Пул йиғиб ўзимиз хоҳлагандек қилиб барпо этдик.

-  Тўй хизматлари ёки тадбирларга борганда бир оила эканлигингиз сезилаяптими?

Нигора: - Турмуш ўртоғимнинг рашки кучайган. Илгари суратга тушмоқчи бўлганларга у қадар аҳамият бермасдилар. Энди бўлса, бирор ким ёнимга келса жаҳллари чиқяпти.

Ойбек: - Бу табиий ҳол.

Нигора: - Мен учун жавобгарлик ҳисси ортганини кўряпман.

-  Ойбек жуда вазмин кўринади. Бирор нимадан аччиқланса, овозини баландлатиши мумкинми, Нигора?

Нигора: - Жаҳллари чиққанида қандай ўзгаришлар содир бўлишини фақат мен биламан (кулади). Дугоналар билан йиғилиб қолсак, “кетамиз” деб бир марта айтадилар, сал ушланиб қолгудек бўлсам, беихтиёр кўзим кўзига тушади-ю “мен бора қолай, қизлар”, дейман.

-  Жанжал қилмайди, уришмайди, тергамайди, лекин бир кўз қараши билан огоҳлантириш беради?..

Нигора: - Шунинг ўзи етарли бўлади.

-  Илгари тўй хизматларидан тушган фойда иккига бўлинарди. Энди бир бутун бўлиб уйга келаётгандир?

Нигора: - Ҳаммани шу масала қизиқтираркан-ей (кулади). Топганимиз ўртада.

Ойбек: - Пул билан боғлиқ масалаларга унчалик диққатлимасмиз. Бирор нима харид қилиниши керак бўлса, бу ҳақида бир-биримизга айтамиз холос. Қаерга, қанча сарфланди, деган сўроқлар йўқ.

Нигора: - Гуруҳда ҳам, оилада ҳам кўпгина келишмовчиликларнинг сабабчиси айнан пул бўлса керак. Биз пул билан боғлиқ масалаларга оддий қарашга ҳаракат қиламиз. Ахир ҳаёт мазмуни фақат шугинадан иборат эмаску!

-  Ҳали ҳам бир-бирингизга сиз дея мурожаат қилаяпсизми?

Ойбек: - “Сен” ҳам, “сиз” ҳам бир оғиздан чиқади.

Нигора: - Мана саволга жавобимиз!

Ойбек: - Бу нарсага у қадар катта аҳамият бериш шарт эмас, назаримда.

Нигора: - “Сиз” деб муомала қилинганида эр-хотиннинг уруш-жанжали ҳам камроқ бўларкан. Баъзан ҳазил қилиб “сен” деб қоладалир. Чунонам, хафа бўламан.

Ойбек: - Балки бу бахтимиз калитидир.

Нигора: - Кўпчилик қизларнинг ҳаваси келади муомаламизга.

-  Ҳадемай ота-она бўласиз. Бу ҳақда эшитганингизда, қандай ҳолатга тушдингиз, Ойбек?

Ойбек: - О-о-о, жуда ғалати бўлганман. Худди ўзга сайёраликларни кўриб қолган одамдек, шокка тушдим. Бу нарсани сўз билан тасвирлаб бериш қийин. Ота бўлиш ҳақидаги хабарни эшитган эркаклар мени яхши тушунишади.

Нигора: - Хурсандмисиз, десам “Ҳа” дейди, “Хуш, бирор нима денг” дейман-у севинганидан сўз тополмаётганларини кўриб, ўзим ҳам ҳаяжонланаман.

-  Токсикозингиз оғирроқ ўтди-а, адашмасам?

Нигора: - Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида ҳеч нима еёлмадим. Ҳатто, сув ичсам ҳам кўнглим беҳузур бўларди. Шукр, ҳозир анча яхшиман.

Ойбек: - Нигоранинг бошқоронғилиги “Оппоғой” қўшиғига ишланган клипимиз учун сюжет бўлди.

-  Дарвоқе, клип чиндан ҳам ажойиб чиққан.

Ойбек: - Клип режиссёри Шерзод Бин Нигорадан сўраб-сўраб сценарийни ёзиб чиқди. Лекин клипда рафиқаси ҳомиладор бўлган эркакнинг кир ювиш саҳналари салгина бўрттирилган, мен ундай қилмаганман (кулгу кўтарилди).

Нигора: - Аммо овқат ҳиди ёқмай қолган пайтларда турмуш ўртоғим ошпазликни зиммасига олгандилар.

-  Охирги пайтларда битта қўшиқ билан портлаш бўляптида , сўнг ўртамиёна тароналар билан овора бўлиб қолаяпсизлар?..

Нигора: - Шахсий ҳаётимизни йўлга қўйиб олдик. Энди ижодга ҳам зўр бериб киришамиз. Яқинда яна бир таронани ҳавола этмоқчимиз. Бундан бу ёғига танаффуслар бўлмайди.

-  Фарзандли бўлганингиздан сўнг, барибир ижоддан четлашасизку?

Ойбек: - Ўйлайманки, режа билан иш кўрилса, ижодимиз тўхтаб қолмайди.

Теги: Ойбек ва Нигора: “Биргаликда бахтим

Всего комментариев: 0
avatar