Главная » 2017 » Октябрь » 3

Осиё футбол намояндаси — Сервер Жепаровнинг фаолиятига бир назар..


  • Ies_92uz
  • 03 Окт 2017(16:35)
  • 109
  • 0

Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси, ўзбекистонлик спортчи — Сервер Жепаров, бугун 3 октябрь куни 35 ёшга тўлди.

 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси, Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси — Сервер Жепаров, бугун 3 октябрь куни 35 ёшини қарши олди.
 
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) матбуот хизмати футболчини туғилган куни билан табриклаб, “Осиё намояндалари” рукни остида Жепаровнинг футболчилик фаолиятига назар ташлади.
 
Осиё намояндаси: Сервер Жепаров
 
Ёши: 35
 
Ўйнаган жамоалари: “Навбаҳор”, “Бунёдкор”, “Сеул” ФК (Ж.Корея), “Аш-Шабаб” (Саудия Арабистони), “Сеонгнам” (Ж.Корея), “Ульсан Хьюндай” (Ж.Корея), “Локомотив” Тошкент, “Сепаҳон” (Эрон, ижара), “Истиқлол” Теҳрон (Эрон).
 
Терма жамоадаги ўйинлари ва голлари сони: 124 ўйин, 25 гол.
 
Осиёнинг энг яхши футболчиси: 2008 ва 2011 йиллар.
 
2002 йили миллий терма жамоа сафида ўз дебютини ўтказган Сервер Жепаров айни вақтда Ўзбекистон термаси таркибида энг кўп ўйин ўтказган футболчи сифатида қайд этилган.
 
Жепаровнинг 2011 йили Осиё Кубоги ярим финалига қадар етиб бориши унинг фаолиятидаги катта ютуқлардан бири бўлса, терма жамоа сафида жаҳон чемпионатига чиқиш учун 3 марта яқин келгани унинг камчиликларидан бири саналади.
 
Ярим ҳимоячи Ўзбекистонда учта турли клуб билан бир неча бор Ўзбекистон чемпиони ва Кубоги соҳиби бўлган. Шунингдек, Жепаров ёрқин ўйинлари билан Осиёда, айниқса, Жанубий Корея ва Саудия Арабистонида муваффақиятга эришган. Бугунги кунда Сервер Жепаров Теҳроннинг “Истиқлол” клубида тўп сурмоқда.
 
Жепаров 1994 йилдан буён бериб келинаётган Осиёнинг энг яхши футболчиси мукофотини икки марта олган икки футболчидан бири бўлади. Япониялик Хидетоши Наката ҳам мазкур совринга икки бор эгалик қилган.
 
Эрта муваффақият
 
Наманганнинг “Навбаҳор” клубида фаолиятини бошлаган Жепаров 2001 йили “Пахтакор” аъзосига айланади.
 
Сервернинг Тошкент клубига ўтиши — клуб учун ҳам, ўзи учун ҳам катта ютуқ бўлди. Шундан кейин “Пахтакор” 2002 йилдан 2007 йилгача мамлакат чемпиони ва Кубоги соҳиби унвонини ҳеч кимга бермай келди.
 
2004 йили Сервер Жепаров Ўзбекистон терма жамоасининг илк бор Осиё Кубоги плей-офф босқичига чиқишига ёрдам берди. 2007 йилда эса Жепаров ва жамоа чорак финалга чиқиб, Саудия Арабистонидан 1:2 ҳисобида енгилади.
 
“Бунёдкор” ва Бразилия таъсири
 
2007 йили тажрибали ярим ҳимоячи Тошкентнинг бошқа бир жамоаси — “Бунёдкор” клубига ўтади.
 
“Бунёдкор”даги дастлабки мавсумида (2008) Жепаров мамлакат чемпиони ва Кубоги соҳибига айланади, кейинги мавсумда (2009) эса футболчи мамлакат чемпиони номига сазовор бўлади.
 
Сервер Жепаров “Бунёдкор”даги фаолияти давомида жаҳон чемпиони — бразилиялик афсонавий Ривалдо билан бирга ўйнашга, бразилиялик мутахассислар Зико ва Луис Фелиппе Сколари қўли остида ишлашга муваффақ бўлди.
 
Ярим ҳимоячи 2008 йилги сардор сифатида “Бунёдкор” билан Осиё Чемпионлар Лигаси ярим финалигача етиб келди. Аммо ярим финалда жамоа “Аделаида Юнайтед”га имкониятни бой бериб, Ўзбекистоннинг қитъадаги биринчи чемпиони бўлиш имкониятидан мосуво бўлди. 
 
Шунга қарамай, Жепаровнинг хатти-ҳаракатлари эътибордан четда қолмади ва у 2008 йили Осиёнинг энг яхши футболчиси номига лойиқ деб топилди. 2010 йили Жепаров Жанубий Кореянинг “Сеул” клубига ўтади ва жамоасининг 10 йил ичида илк бор мамлакат чемпиони ва Лига Кубоги соҳиби бўлишига катта ҳисса қўшади.
 
Ўзбекона муваффақият ва шахсий мукофот
 
Жепаров халқаро саҳнага омадли тарзда қайтди ва 2011 йили Қатарда ўтказилган Осиё Кубоги гуруҳ босқичида иккита гол киритиб, миллий терма жамоанинг Осиё Кубоги баҳсларидаги кетма-кет учинчи маротаба чорак финалга чиқишига ёдам берди. 
 
Бу баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси чорак финалда Иорданияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалда Австралияга йирик 0:6 ҳисобида, учинчи ўрин учун ўтказилган учрашувда эса Жанубий Кореяга 2:3 ҳисобида ютқазди.
 
Йил якунида эса, Жепаров ўзининг етакчилик қобилиятини кўрсатгани ва ажойиб ўйин намойиш этгани учун иккинчи маротаба Осиёда йилнинг энг яхши ўйинчиси совринини қўлга киритди.
 
Жаҳон чемпионати дарди...
 
Сервер Жепаровнинг фаолиятидаги энг катта аламли ҳолат ЖЧ–2014 саралаши вақтида юзага келган. Ўшанда Ўзбекистон термаси битта гол фарқи Жанубий Кореядан ортда қолиб, ЖЧга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятидан маҳрум бўлганди. “А” гуруҳида учинчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон термаси плей-офф босқичида Иордания билан тўқнаш келади.
 
Аммон шаҳрида ўтган баҳсда Жепаровнинг голи 1:1 ҳисобини таъминлайди ва Тошкентдаги ўйин олдидан яхши имконият яратиб беради.
 
Плей-оффда ғолиб бўлган жамоа  Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМЕБОЛ)да бешинчи ўринни эгаллаган Уругвай билан тўқнаш келарди ва ушбу беллашувларда ғолиб бўлган жамоа Бразилиядаги ЖЧга борарди.
 
Аммо Ўзбекистон Тошкентда Иордания билан 1:1 ўйнаб, пенальтилар сериясида 8:9 ҳисобида имкониятни бой беради. Кейинроқ Жепаров ушбу воқеани фаолиятидаги энг ёмон ҳолат деб атайди.
 
Клубдаги муваффақиятлар давоми
 
2011 йили “Сеул” клубидан кетган ярим ҳимоячи Ар-Риёднинг “Аш-Шабаб” жамоасига ўтади ва 2012 йили Саудия Арабистони чемпионига айланади. Кейинроқ  яна Жанубий Кореяга йўл олади ва икки йил давомида “Сеонгнам” ва “Ульсан Хьюндай” клубларида тўп суради.
 
Жепаров 2016 йили Ўзбекистонга қайтади ҳамда Тошкентнинг “Локомотив” клуби билан шартнома имзолайди. Ўша йилиёқ “Локомотив” биринчи бор Ўзбекистон чемпиони бўлади ва мамлакат Кубоги соҳибига айланади. 
 
Шу йили “Локомотив” ўз тарихида биринчи марта Осиё Чемпионлар Лигаси чорак финалига қадар етиб боради. Кейинроқ “темирйўлчилар” 2016 йилги ОЧЛ кумуш медали совриндори “Ал-Айн”га имкониятни бой беради. “Локомотив”нинг халқаро  майдондаги муваффақиятида Жепаровнинг ҳиссаси улкан бўлади.
 
Сўнгги йиллар...
 
2015 йилги Осиё Кубоги чорак финалида Жанубий Кореядан енгилгач, Сервер Жепаров ва Ўзбекистон термасининг навбатдаги мақсади Россиядаги ЖЧга чиқиш бўлади. 30 ёшдан ошган Жепаров учун ЖЧ–2018 саралаши фаолиятидаги энг катта турнирга чиқиш учун сўнгги имконият эди.
 
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаш босқичини яхши бошлади. Дастлабки 4 ўйинда учта ғалабага эришган Ўзбекистон кейинги 5 ўйинда атиги уч очко жамғарди.
 
Сўнгги турда Тошкентда Жанубий Корея билан нурсиз дуранг ўйнаган Ўзбекистон термаси аввал ЖЧга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятидан, кейин эса Сурия Теҳронда Эрон билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнагач, плей-офф йўлланмасидан маҳрум бўлди.
 
Умуман, Ўзбекистон футболининг мағлубиятлари, бу ҳақдаги баъзи бир фикр-мулоҳазаларбаҳс-мунозаралар Сиз азиз мухлисларга яхши таниш.
 
Сўнгги имкониятми бу?
 
2017 йил бошида Жепаров Эрон чемпионатига йўл олиб, Теҳроннинг “Истиқлол” жамоаси билан шартнома имзолади. Клубдаги тақиқлар туфайли ярим ҳимоячи ярим йил “Сепаҳон” клубида ижара асосида ўйнади, кейин эса яна Теҳронга қайтди. Сервер Жепаров “Истиқлол” билан ОЧЛ–2018 турнирида иштирок этиб, биринчи бор қитъа чемпиони номига эга бўлиш учун ҳаракат қилади.
 
Ярим ҳимоячи 2019 йили БААда бўлиб ўтадиган Осиё Кубогида Ўзбекистон термаси шарафини ҳимоя қилиш керак. Бу унинг фаолиятидаги катта ютуққа эришиш учун сўнгги имконият бўлади.
 
Маълумот учун, Сервер Жепаров Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси сифатида 124 та ўйинда иштирок этиб, 25 та гол урган.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея терма жамоасига қарши учрашувдан сўнг ҳужумчи Александр Гейнрих Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолиятини якунлаганди.
 
Таҳририятимиз номидан бугун 35 ёшини нишонлаётган Сервер Жепаровни таваллуд айёми билан табриклаймиз!

Акмалхон Эшонхонов

Всего комментариев: 0
avatar