Главная » 2016 » Март » 19

Ҳожиакбар Ҳайдаров отасининг “Дўлана”сини қай кўйга солди: Отахон театр актёрларини нима жин урди?


  • voydodaxek
  • 19 Мар 2016(18:01)
  • 606
  • 0

Актёрлар Теша Мўминов, Эркин Комилов ва Ҳамид Тошпўлатовнинг ўз обрўсига путур етказиб, клипда сакраб юриши, бачкана ҳаракатлар билан рақсга тушиши куракда турмайдиган ҳолат. Энди уларнинг ёшларни танқид қилишга маънавий ҳаққи бормикин?

 

Бундан бир неча куни аввал таниқли журналистлардан бири қўнғироқ қилиб, “Нуриддин Ҳайдаровнинг ўғли отаси айтган “Дўлана”ни қайта айтиб чиқибди. Бу қўшиқ мен билан бирга улғайди, уни ҳар эшитганда талабалик йилларим кўз ўнгимдан ўтарди, эсизгина қўшиқ увол бўлибди”, – деб қолди. Ўшанда унинг гапларига унчалик аҳамият бермаган эканман. Бир неча кундан кейин ижтимоий тармоқларда шу қўшиқ ва унга ишланган видеоклип ҳақидаги муҳокамаларга кўзим тушди. Зиёли, қўшиқнинг фарқига борадиган, маъноли қўшиқларни ажрата биладиган аксарият интернет фойдаланувчилари қўшиқни ва унга ишланган видеоклипни аёвсиз танқид қилишганидан кейин бу клипни топиб, томоша қилишга чоғландим.
уриддин Ҳайдаров ижросидаги “Дўлана”ни билмайдиган киши бўлмаса керак. Бу қўшиқ куйланганда биз бола эдик. Баҳор келиб, дўлана бозорга чиқди дегунча маъносига ақлимиз етмаса ҳам шу қўшиқни хиргойи қилиб юрардик. Назаримда, биз болаларча соддалик билан айтган хиргойилар унинг янги талқинидан анча яхшироқ эди. Ўзбекистон халқ артисти Нурдиддин Ҳайдоровнинг ўғли Ҳожиакбар Ҳайдаров отаси ижросидаги “Дўлана”ни замонавий аранжировкада куйлашни ният қилибдию бу ҳол қўшиқнинг асл мухлисларига қандай таъсир қилишини ўйламаган кўринади. Қўшиқ шу қадар бузиб, таъбир жоиз бўлса, оёғи осмондан куйланганки, уни эскиси билан умуман солиштириб бўлмайди. Қўшиқни бугунги замонавий мусиқий асбоблар жўрлигида, янги мусиқий сайқаллар билан ёшларбоп кўринишда тингловчига тақдим этиш яхши, албатта. Бироқ бундай алфозда эмас. Ҳожиакбар Ҳайдаров отасининг тилларга тушган қўшиғини бу ҳолатда куйлаб нима обрў топди? Аслида унинг янги талқини қўшиқ умрини янада узайтириши, унинг қадр-қимматини ошириши керак эмасмиди?
“Дўлана” соддалиги, ортиқча безаклар, юқори авж пардалардан холилиги ва қалбларга сокинлик олиб кира олиши билан билан тингловчилар ёдида қолганди. Уни ҳар гал эшитганда ўша олисда қолган ёшлик, биринчи муҳаббатдан қолган хотиралар ёдга тушаверади. Минг афсуски, янги “Дўлана” ғарбнинг тунги клубларида жазавага тушаётган ажнабийларни эслатади. Аслида клипда роль ижро этган актёрлар ҳам ўша ажнабийлардан ҳеч фарқ қилмаган.
Ҳожиакбар Ҳайдаров ижросидаги “Дўлана” қўшиғига ишланган видеоклип ҳам кишининг қон босимини ошириши тайин. Бу клипни суратга олишдан мақсад нима? Клипда на маъно ва на айтилажак гап бор... Театр ва кино оламининг таниқли актёрлари камера қаршисига туриб, бемаза қилиқлар билан уёқдан-буёққа ўтиб, ўзларини кўз-кўз қилишларини клип деб бўлармикин? Уларнинг хатти-ҳаракатлари қўшиққа умуман мос эмас. Шундай экан шунча маблағ сарфлаб, уларни клипга таклиф қилишдан не наф? Айниқса, Ўзбекистон халқ артистлари Теша Мўминов, Эркин Комилов ва актёр Ҳамид Тошпўлатовнинг ўз обрўсига путур етказиб, клипда сакраб юриши, бачкана ҳаракатлар билан рақсга тушиши куракда турмайдиган ҳолат. Қизиқ, Эркин Комилов ва Теша Мўминов ёшларга шу йўл билан ўрнак бўлишяптими? Энди уларнинг ёшларни танқид қилишга маънавий ҳаққи бормикин? Ўзбек миллий академик драма театрининг уч забардаст актёри бир клипдаги ижроси билан бутун театр, ундаги тажрибали актёрлар номига доғ туширишмаяптими? Яқиндагина учалалари ҳам Алишер Навоий спектаклида бош роллларни ижро этишганди. Клипда сакраб юрган актёрлар, шундай тарихий асарда роль ижро этишга тортинишмасмикин? Бу клипдан кейин ким уларни тарихий образда кўра оларкин? Эркин Комилов бутун умр маданияти, театр саҳнаси ва кинодаги роллари билан бошқаларга ўрнак бўлиб келган актёр эди. Энди унинг қай жиҳатларини ёшларга ўрнак қилиб кўрсатамиз?
Саид Мухторов, Санжар Шодиев, Умид Искандаров, Йигитали Мамажонов, Азиз Раметов каби ёш актёрларнинг бу клипга нима учун таклиф қилингани, улар нима вазифани бажараётгани ҳам мавҳум. Гўё таниқли актёрлар қатнашган ҳар бир клипни томошабинлар ТВ қаршисида михланиб кўрадигандек...

Юқоридаги фикрларни қўшиқ ва клипга дахлдор бўлган ижодкорлар – хонанда, бастакор, клип режиссёри ва актёрлар тўғри қабул қилиб, келгуси фаолиятларида бундай камчиликларга йўл қўймасликларини сўраган бўлар эдик. Ҳар бир хонанда тарихда муҳрланиб қолган бир қўшиқни қайта куйлашдан аввал етти ўлчаб бир кесса, биргина нотўғри қарор билан тингловчининг меҳрига эмас, аксинча, нафратига дучор бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўрса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Всего комментариев: 0
avatar