Главная » 2017 » Июнь » 15

Расман! Отабек Муталхўжаевнинг клипи телеканаллардан олиб ташланди


  • Ies_92uz
  • 15 Июн 2017(08:39)
  • 724
  • 0

Аввалроқ, сайтимиз орқали “Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаевнинг “Бомбей-Мумбай” номли қўшиғини танқид қилиб, ушбу қўшиқ мазмунан саёзлигини айтган эдик. Шундан сўнг таҳририятимиз телефони тинмади. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда аксарият ўқувчилар танқид ўринли эканини айтса, телефон орқали боғланган Отабек Муталхўжаевнинг мухлислари ва продюсери Феруза Нодирова мақолага қатъий эътироз билдирди. Бироқ уларнинг ҳеч бири ўз фикрини асослаб бера олгани йўқ.
 
Мазкур мақола ортидан хонанда Отабек Муталхўжаевнинг “Бомбей-Мумбай” номли қўшиғига ишланган видеоклипи “MY5” ва “Milliy TV” телеканалларидан олиб ташланиши юзасидан иш олиб борилаётгани ҳақида хабар қилган эдик.
 
Маълум қилинишича, кеча, 13 июнь куни хонанда Отабек Муталхўжаев “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ходимлари томонидан чақиртирилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган. Орадан кўп ўтмай, бугун, 14 июнь куни “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи Азамат Ҳайдаров имзоси билан “Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаевнинг “Бомбей-Мумбай” номли қўшиғига ишланган видеоклипни “MY5” телеканали эфиридан олдириб ташлаш учун Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситасилари Миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқовга ва клипни “Milliy TV” каналидан олдириб ташлаш учун канал Бош муҳаррири Ҳасан Солиховга расмий хат юборилган.
 
Унда шундай дейилади:
 
“Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан давлат ва нодавлат телеканаллар орқали эфирга узатилаётган матни саёз, плагиат тусига эга бўлган, ёшларнинг маънавий оламига таъсир кўрсатадиган клипларнинг доимий мониторинги олиб борилмоқда.
 
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, “Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаев томонидан ижро этилган “Бомбей-Мумбай” қўшиғи оммавий ахборот воситалари томонидан қаттиқ эътирозга сабаб бўлмоқда.
 
Юқоридагиларни инобатга олиб, “Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаев томонидан ижро этилган “Бомбей-Мумбай” қўшиғи видеоклипини Сиз раҳбарлик қилаётган телеканал орқали эфирдан тўхтатиш борасида кўрсатма беришингизни сўраймиз”.

 
Мақола ва “Ўзбекконцерт”нинг қароридан бошқа хонандалар ҳам тўғри хулоса чиқарса, айтаётганига эътиборли бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди. Зотан, бир қўшиқнинг ортида неча кишининг меҳнати, бедор тунлари, яна пешона тери билан топган пуллари ётади. Биз эса буларнинг ҳавога совурилишига, камига бошқаларга зиён келтиришига четда жимгина қараб тура олмаймиз.

 

Дўстларингиз билан бўлишинг:

Всего комментариев: 0
avatar