Главная » 2015 » Ноябрь » 14

Россиядан депортация қилинган ўзбекистонлик аёл Петербург ҳокимиятидан фарзандларини қайтаришни сўрамоқда


  • News
  • 14 Ноя 2015(17:30)
  • 597
  • 0
Ўзбекистон фуқароси Дилафруз Наботова Миграция тўғрисидаги қонунчиликни бузгани учун Россиядан чиқариб юборилган, унинг 2 фарзанди эса Санкт-Петербургда қолган.

У айни вақтда Санкт-Петербург ҳокимиятидан ўзидан ажратилган фарзандларини қайтаришини сўрамоқда. Ушбу оила вакиллари сентябрь ойи бошида ажратилган. 7 сентябрь куни Дилафруз Наботова ҳомиладор ҳолида Россиядан депортация қилинувчилар учун махсус изоляторга олиб келинган, унинг икки фарзанди, 7 ёшли Маҳбуба ва 8 ёшли Сарварбек эса муҳожирлар лагерига жўнатилган.

Дилафруз Наботованинг Life78 канали орқали маълум қилишича, у 2011 йилда Россияга борган ва пули бўлмагани учун Россияда ишлаш ҳамда яшаш учун зарур ҳужжатларни ола олмаган. У Россияда ҳеч қандай ҳужжатсиз 2015 йилгача ишлашда давом этган.

Унинг ҳикоя қилишича, 7 сентябрь куни у яшаб турган квартирага Россия ФМХ ходимлари келишган, текширувчилар унинг турмуш ўртоғини олиб кетишган, фарзандларини эса болалар уйига жўнатишган. Унинг ўзи Красная Селадги изоляторда 1,5 ой давомида қолиб кетган.

"Охирги марта фарзандларимни 7 сентябрь куни кўрганман. Уларнинг қаердалигидан бехабар қолиб кетдим. Сўровларимга расмийлардан ҳеч ким аниқ жавоб айтмади.

Шундан сўнг, ўз танишларим орқали уларнинг қаердалигини аниқладим", дейди у.

Кўп ўтмай, Дилафруз муҳожирлар бошпанасига телефон қилган, у ердагилар эса фақат тегишли ҳужжатлар орқалигина фарзандларини олиб кетиши мумкинлигини айтишган.

Бу орада, 24 сентябрь куни у учинчи фарзандини дунёга келтирган, 5 кун туғруқхонада бўлгач, уни изоляторга қайтаришган. Муассаса вакиллари унга барча фарзандлари билан ватанга қайтиши мумкинлигини билдиришган.

"7 октябрь куни изолятор бошлиғи айтдики, чақалоғим учун ҳужжатлар жойида, лекин 2 фарзандимнинг ҳужжатлари тайёр эмас. Шунинг учун улар мен билан қайта олишмаслиги ва уларни 2 ҳафтадан кейин жўнатишларини айтишди", дейди Дилафруз.

Лекин у ўз фарзандларини олмасдан ҳеч қаерга кетмаслигини билдирган. Шундан кейин унга изолятор масъулларидан бири дағдаға қилган.

"У агар рози бўлмасам, чақалоғимни ҳам олиб қўйишларини айтди. Улар билан баҳслашдим, кўндиришга ҳаракат қилдим, илтимос қилдим, лекин қулоқ солишмади ва гапларида қатъий туришди", дейди она.

Унинг аниқлик киритишича, адвокат ҳам уни 2 ҳафтадан кейин фарзандлари билан кўришишига ишонтирган.

"Лекин 3 ой бўляптики, болаларимни кўрмадим. Ўтинаман, уларни қайтариб беринг", дея йиғлаб мурожаат қилади у.

Наботованинг адвокати Юрий Серовнинг маълум қилишича, бу ишга Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди аралашиши мумкин. Унинг айтишича, Наботовани фарзандлари билан ноқонуний равишда ажратишган ва унга изоляторда азоб беришган.

loading...
Всего комментариев: 0
avatar