Главная » 2016 » Апрель » 28

Саида Раметова: Уялмайман! Турмуш ўртоғим ва фарзандларимнинг юзини ерга қаратадиган иш қилганим йўқ


  • Admin
  • 28 Апр 2016(17:51)
  • 1050
  • 0

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова ва Ўзбек давлат драма театри актёри Юнус Асқаров ўзлари билан боғлиқ тарқалган видеоларга изоҳ беришди.

 

Аввалроқ, Telegram мессенжери орқали Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова ва Ўзбек давлат драма театри актёри Юнус Асқаров иштирокидаги видеолавҳалар тарқалгани ҳақида хабар берган эдик. Бутун жамоатчиликнинг эътиборини тортган мазкур видеоролик бугун тинимсиз муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
 
Ушбу видеолавҳа ҳақидаги мақола сайтимиз орқали ўқувчилар эътиборига ҳавола этилгач, Саида Раметованинг мухлислари орасида ғалаён кўтарилди. Кимдир Саида Раметова ва Юнус Асқаровнинг рақсида ваҳима қилишга арзигулик ножўя ҳолатни кўрмаганини айтса, яна кимдир театр актёрларини ўзига ярашмаган хатти-ҳаракатларни қилганликда айбламоқда.
 
Актёрларнинг рақсини бирор сўз билан изоҳлашга очиғи, қийналдик. Тўғри, улар ижодкор, актёр сифатида рақсга тушишлари, шеър ўқишлари ёки турли ҳаракатлар билан саҳна кўринишининг таъсирини оширишлари мумкин, бироқ...
 
Баъзи мухлислар эса Саида Раметова иштирокидаги антиқа видеолавҳани кўриб қуйидагича фикр билдиришган:
 
“Видеони кўрмадим, ҳозирги кунда бачканалик авж олган, лекин булар актёрлар. Санъатда пародия жанри бор, агар пародия қилишган бўлса, демак улар ўз касбининг бир қиррасини кўрсатишган. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Кимнидир шахсий ҳаётига аралашишга ҳаққимиз йўқ”.

Биз аввалги мақолада ҳам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметовани қоралаш ниятида эмаслигимизни айтгандик. У ҳам оддий ўзбек аёли. Касбига садоқатли актриса, оиласига, турмуш ўртоғига вафодор аёл. Биз вазиятга холис баҳо бериш истагидамиз.
 
Ўтган галдаги мақолада тез орада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова ва актёр Юнус Асқаровнинг ушбу видеоролик юзасидан изоҳларини тақдим этишни ваъда қилгандик. “Qalampir.uz” мухбири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова ва актёр Юнус Асқаровга микрофон тутди.
 
Юнус Асқаров, Ўзбек давлат драма теари актёри:
— Бу видеолавҳа Фарғонадаги “Грин клуб” ресторанида Наврўз байрами  муносабати билан намойиш этган дастуримиздаги чиқишимиздан олинган. Бизга тадбирнинг 16:00 да бошланишини айтишганди, биз айтилган вақтга етиб бордик, бироқ тадбир соат 15:00 да бошлан экан. Бизгача кўп ҳаваскор хонандалар, турли рақс гуруҳлари ўз истеъдодларини намойиш этишган. Бу ерда одамлар ўйлаган нарса йўқ. Саҳна кўринишининг маъноси чет элга, бой хонадонларга қиз узатиш истагида юрган юртдошларимизни эҳтиёткорликка чақириш эди. 
 
Аслида Саида опа менинг ота-онамдан ҳам катталар, мен уларни ўз опамдек кўраман. 
 
Биз актёрмиз, шу сабабли ўз вазифамизни бажаришимиз керак.
 
Сўз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметовага
— Менга видеолавҳани кўрсатишди... Бу Фарғонада намойиш этилган "Қудажонлар" спектаклидан олинган. Ғараз ниятли одамлар спектаклдаги айнан шу чиқишни қўл телефонлари орқали видеога олиб, ёмон мақсадларда тарқатишяпти. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мен қилган ишимдан сира уялмайман. Чунки мен актрисаман ва актриса сифатида ўз ишимни сидқидилдан бажаришим керак. Бу менинг ўзимга қўядиган талабим. Театрда ёки кинода Увайсий, Нодирабегим образларини яратишим мумкин, бироқ мен Нодира ёки Увайсий бўлиб туғилмаганман. Мен Саида Раметоваман. Актриса сифатида менга қандай роль берилса, ҳаммасини ўйнашим керак, роль танлашга ҳаққим йўқ.
— Кўп актёрлар ижобий ёки салбий ролларини айнан мана шу тарзда изоҳлашади. Ножўё ёки бачкана хатти-ҳаракатлари ҳақида савол берилса, “мен актёрман” деган жавоб билан қутулишади. 
— Ҳа, аслида ҳам шундай. Биз актёрлар – ҳалқ учун ойнамиз. Бизнинг ролларимизни кўриб, одамлар фикр қилиши, ҳаётга бўлган муносабати ўзгариши керак. Биз берилган ҳар қандай ролни ўйнашимиз шарт.
— Ҳеч қандай ролга рад жавобини бермайсиз, шундайми?
- Ҳа, агар бу роль аёллик шаънимга доғ туширмаса, оиламнинг тинчлигига таҳдид қилмаса. “Уқубат” фильмида қизларни тузоққа туширадиган ва фоҳишаликка сотадиган аёл ролини ижро этганман. Аслида бу ролни ўйнашни истамагандим. Аммо менга “Агар ҳаммангиз шундай ролларни ўйнашдан бош тортаверсангиз ким ўйнайди? Бунинг тарбиявий аҳамияти катта. Одамларга ёмон кўринсанг ҳам сен фойдали иш қилаётганингни ўйла. Салбий роль бўлса ҳам жамиятга нафи тегадиган, дарс бўладиган роль”, дейишганди. Шу сабабли мана шу образни яратганман. Бундан ташқари, ўжар ва характер жиҳатдан ўзимга умуман ўхшамайдиган ролларим ҳам жуда кўп. Кўп ролларга эса аёллик шаънимни сақлашни истаганим учун ҳам рози бўлмаганман.
— Мухлисларингиздан бири шундай савол билан мурожаат қилибди. “Агар бу саҳна кўриниши бўлган тақдирда ҳам уни театрда ижро этилган ҳолатда кўрганимда ҳам бу нафақат менда, балки бошқа тамошабинларда ҳам салбий фикр қолдирган бўларди, шуни тушунишмайдими?”
— Шахсан мен видеолавҳада салбий жиҳатни кўрмаяпман. Агар бунда бирор салбийликни кўришган бўлса, демак ролимни ўзим истаганимдек яхши ижро этибман. Сиз видеолавҳаларда кўриб турган спектакль аслида кўплаб одамларнинг илтимослари асосида дунёга келган. Ҳозирги кунда ўз қизини чет мамлакатларга, бой хонадонларга узатиш истагида келин-куёвларни излаб топиш бюроларига мурожаат қилаётганлар кўп. Бунга кўз юмиб бўлмайди. Бир неча йиллардан бери ана шу тарзда фарзандини уйлантирган, қиз узатган аёлларнинг илтимослари асосида шу спектаклни саҳналаштирдик. Унда қизини чет мамлакатдаги бой хонадонга узатиш истагидаги онанинг келин-куёвлар бюросига мурожаат қилиши ва бюро вакилининг аёлга турли миллатларнинг тўй маросимлари ва урф-одатларини мисол келтириши акс этади. Сиз видеолавҳаларда кўрган рақс қайнона бўлмишнинг Ҳиндистонга бўлган сафаридаги кичик лавҳадир. Спектаклнинг сўнгида ўз қизини яхши жойга узатиш истагидаги аёл ўзимизнинг ўзбек йигитлари барча миллатлар йигитларидан ҳам яхши эканини, урф-одатларимиз ўзимизга хос ва мос эканини тушуниб етади. Асосий мақсадимиз – фарзандининг бахтини эмас, унинг ортидан келадиган мўмай даромадни ўйлаб иш тутаётган инсонларни огоҳлантириш эди. 

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мен шахсий ҳаётимда хатога йўл қўймадим. Бошқаларга ўхшаб турмуш ўртоғимга, оиламга ҳиёнат қилмадим, фарзандларимнинг юзини ерга қаратадиган ишга қўл урмадим, ролларимни ҳам хўжакўрсинга ижро этмадим. Санъаткорлар билан боғлиқ ножўя видеолар аввал ҳам тарқалган, аммо нима учундир уларни ҳеч ким танқид қилмайди. Улар орасида ўйнаган ролларидан одамларга сипо ва намунали бўлиб кўринадиган аммо ҳаётда қилиб юрган ишларини эшитганингизда лабга учуқ тошиб кетадиганлари ҳам бор, бироқ уларни ҳеч ким танқид қилмайди, гапиролмайди. Нима учунлигини эса билмайман.
— Адашасиз, санъат олами вакилларининг ҳар қандай ножўя чиқишлари мунтазам танқид қилиниб келиняпти?
— Баъзида санъат соҳаси вакилларининг турли ножўя ишлари тасвирга олинган видеолавҳаларни кўраман ва “энди тошбўрон қилишади” дейман. Йўқ, ҳеч ким ҳеч нарсани гапирмайди, танқид ҳам қилмайди. Нима бўлганда ҳам ҳалқ кимнинг қандайлигини жуда яхши билади.
 
Суҳбатимиз шу тарзда якунланди. Фарғонадаги ресторанда суратга олинган видео борасидаги баҳс-мунозаралар эса давом этмоқда. Фикр ва мулоҳаларингизни кутиб қоламиз. 

Теги: Саида Раметова: Уялмайман! Турмуш ў

Всего комментариев: 0
avatar